Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:39

Ўзбекнинг боласи ахлатдан топилди


Тасодиф туфайли ахлатдан омон қолган бола¸ ҳозирча врачлар парваришида қолмоқда.
Тасодиф туфайли ахлатдан омон қолган бола¸ ҳозирча врачлар парваришида қолмоқда.

Саратов шаҳрида ишлаб юрган ўзбекистонлик 29 яшар аёл 7 кунлик чақалоғини ахлатхонага ташлаб кетди.Маҳаллий телевидение хабарига кўра¸ қутқарилган бола омон қолган ва ҳозрда воқеа юзасидан жиноий иш очилган.

Етти кунлик чақалоғини ахлатхонага ташлаб қочган ўзбек аёли қўлга олинган вақтда¸ Саратов шаҳрида рўйхатдан ўтмаган ҳолда яшаб юргани аниқланган. У ҳомиладорлигини яқинларидан беркитгани боис¸ қизчасини ташлаб юборишга мажбур бўлганини айтган.

Биз бу аёлнинг ўзини топишга муваффақ бўлмадик. Аммо Саратов шаҳри, Киров туман ички ишлар бошқармаси ходими ҳозирда бу аёл ва унинг қизалоғининг соғлиги яхши эканини айтди.

- Ҳа, бола тирик, соғ-омон. Онасининг аҳволи ҳам яхши. Онаси Ўзбекистондан. Тўрт йил муқаддам бу ерга келган ва қонуний рўйхатдан ўтмасдан яшаб юрган.

Лекин бу аёлнинг шахсига оид бошқа маълумотларни телефон орқали бера олмаймиз, буни яхши тушунасиз, деди Саратов шаҳридаги Киров тумани ички ишлар бошқармаси ходими.

Аммо бу суҳбатдошимиз “Кейинги вақтларда бундай ҳолатлар меҳнат муҳожири бўлган аёллар орасида кўп учраяптими?” деган саволимизга жавоб берди.

- Айнан меҳнат муҳожирлари орасида кўпайганми ёки йўқми, буни аниқ билмайман. Аммо ахлатхоналардан чақалоқларнинг топилиш ҳоллари бўлаяпти.

Баъзан тирик, баъзан эса ўлик, аксари янги туғилган чақалоқларни топаяпмиз, дейди Саратов шаҳри ички ишлар бошқармаси ходими.

Шу тариқа, етти кунлик қизалоғини аввал матога, кейин эса целлофан халтага ўраб, ахлатхонага ташлаб кетган 29 ёшли ўзбек аёлининг шахсига оид маълумотларни аниқлай олмадик.

Аммо бунда муҳими бу эмас, балки Россияда юрган ўзбек мардикор аёллари орасида шундай қадамни ташлаганларнинг тез-тез учраётганидир.

Россия ҳуқуқ-тартибот идораларида қайд этилган маълумотларга кўра, одатан, Марказий Осиё республикаларидан борган ва Россияда ишсиз, ноқонуний яшаб юрган аёл мардикорлар ҳомиласини яқинларидан беркитгани боис¸ чақалоқларини ташлаб кетишга қўл урмоқдалар.

Самарқандлик Замира исмли аёл, агар бу қиз болали бўлганини оиласидан яширишга мажбур бўлган бўлса, демак, у зўрланган бўлиши мумкин, деб тахмин қилади.

Унинг фикрича, Россияда ноқонуний яшаб юрган ва ҳимоясиз ёш аёллар, қизлар орасида бундай қисматга учраганлар оз эмас.

- Зўрлангандир¸ мажбур бўлгандир¸ бу нарсани қилгандир. Ўзбекистонга бориб шарманда бўлишни истамаган. Ота-онамга нима дейман¸ ака-укаларимга нима дейман¸ деб ўйлаган, дейди самарқандлик меҳнат муҳожири Замира.

Россияда юрган тожикистонлик меҳнат муҳожири Давлатмурод ҳам бу аёлни алданган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Чунки, иқтисодий бўҳрон шароитида Россияда юрган меҳнат муҳожирлари нафақат болани, балки ўзини ҳам боқа олмай қолмоқда¸ деб давом этади бу суҳбатдош.

- Буларнинг ҳаммаси пулнинг йўқлигида. Мен ўйлайманки¸ мана шу кеча-кундузда яна ҳам кўпайса керак. Чунки ҳозир иш ҳеч жойда йўқ. Жуда кўп жойларда инқироз.

Мен ўзим ҳам ҳозир қирқ неччидир ëшга кирган аëлга ëрдам бериш билан шуғулланаяпман. Унинг 18 яшар ўғли минингит касал бўлган. Даволашнинг иложи йўқ. Бу иш билан шуғулланмаган аëл қандай қилиб пул топиш йўлини ахтариб юрибди¸ дейди Давлатмурод.

Россияда юрган мардикор аёллардан суррогат она сифатида фойдаланиш ҳоллари ҳам кейинги пайтда кўпайиб бормоқда. Туғилиш камайган, фарзандсизлик кўпайгани боис россиялик оилалар эри йўқ аёллар ёки ёш қизлардан суррогат она сифатида фойдаланмоқда.

Самарқандлик Замира ўз дугонаси суррогат она бўлиб, катта миқдорда маблағ ишлаб олганини эслади.

Замира: Қашқадарëлик ўзбек аëли Россияга бориб болали бўлди ва боласини сотиб¸ қайтиб келиб уй олди¸ машина олди. Мен буни ўз кўзим билан кўрдим.

Озодлик: Унинг оиласи бормиди?

- Йўқ¸ эридан ажралган эди, дейди Россияда меҳнат муҳожири бўлган самарқандлик Замира.

Россиялик адвокат, болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича нодавлат ташкилот ходими Олга Литвинова Россия қонунлари бўйича бунга имкон бор, дейди.

- Россия қонунчилиги, шу жумладан, оила кодексига биноан суррогат оналикка рухсат бор. Аммо бир томон қарши томоннинг ҳаққини бузиш ҳоллари ҳам учрайди.

Айниқса, меҳнат муҳожири бўлиб келган ва пулга муҳтож бўлган гастербайтер аёлларнинг ҳуқуқлари бузилиш ҳоллари учрайди, албатта.

Бундай аёллар ноқонуний юргани боис¸ ҳуқуқ-тартибот идораларига учрашга қўрқади ва оқибатда, сиз айтган ҳолатдаги каби, ёш гўдакларини ташлаб кетишга мажбур бўлиши ҳам мумкин, дейди россиялик адвокат Олга Литвинова.

Яъни, баъзи ҳолларда аёлга суррогат оналикни таклиф қилган оилалар ўз фикридан воз кечиб, бола ва унинг онасини ҳимоясиз ташлаб кетган ҳоллар ҳам учрамоқда. Бундан ташқари, кўп ҳолларда ҳимоясиз мардикор аёл билан оғзаки шартнома тузиб, кейин эса пулини бермай аёлдан болани тортиб олиш ҳоллари ҳам учрайди.

Адвокат Олга Литвиновага кўра, Саратовда чақалоғини ташлаб кетган ўзбекистонлик аёл эса, қандай сабаблар бўлишидан қатъий назар, жиноят содир этган. У ўз боласини ташлаб кетгани боис¸ Россия қонунларига биноан 80 минг Россия рубли, яъни қарийб 4 ярим минг АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашга мажбур қилиниши мумкин.

Яна бир меҳнат муҳожири Ойсара эса янги туғилган чақалоқлардан воз кечиш ёки уларни ташлаб кетиш ҳоллари нафақат Россия, балки Ўзбекистонда ҳам кўпайган дейди.

Боиси, минглаб меҳнат муҳожирларнинг ортида ёлғиз қолган аёллар, қизлар орасида ношаърий йўллар билан ҳомиладор бўлиб қолаётганлар оз эмас.

Оқибатда, бу айбни яқинларидан, элдан яшириш учун бу аёллар, қизлар ҳомиласини олдираяпти ёки янги туғилган чақалоқларини ташлаб кетаяпти.

- Масалан¸ эри Москвада ишлайди ëки Европага кетган. Аëли ҳомиладор бўлади ва эрим билмасин деб болани олдириб ташлайди. Бу биринчи сабаб.

Иккинчиси¸ Дубайдан қизлар ҳомиладор бўлиб келади ва уйдагилар билмасин деб болани ахлатхонага ташлайди.

Учинчиси¸ ҳозир абортлар кўпайган. Ҳозир Ўзбекистонда аборт қилиш осон бўлиб қолган. Аборт қилдириш ҳозир кўпайган¸ дейди Россияда меҳнат муҳожири бўлган Ойсара.

Суҳбатдошларимиз фикрича, миллионлаб меҳнат муҳожирларининг мардикорликка чиқиб кетаётгани ва йиллаб ватани, оиласидан йироқда юрганини салбий, даҳшатли оқибатлари аслида кўп.

“Омон бўлсак, бу даҳшатли оқибатларга вақт ўтган сари бирма-бир дуч келамиз ҳали”, дея хавотир қилади, жумладан, асли рус тили ўқитувчиси бўлган меҳнат муҳожири Ойсара.
XS
SM
MD
LG