Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:57

“Қамоқхонада аҳвол оғир”


Ўзбекистонлик маҳбусларнинг яқинлари мамлакат қамоқхоналаридаги диндорларга турли юқумли касалликларни юқтириш ҳаракатлари содир этилаётганини ташвиш билан маълум қиладилар.
Ўзбекистонлик маҳбусларнинг яқинлари мамлакат қамоқхоналаридаги диндорларга турли юқумли касалликларни юқтириш ҳаракатлари содир этилаётганини ташвиш билан маълум қиладилар.

Қашқадарё вилоятидаги Косон қамоқхонасида диндор маҳбусларга ОИТС юқтириш билан таҳдид қилинмоқда. Бу ҳақда ўғли қамоқда сақланаётган фарғоналик тингловчимиз маълум қилди.

Бу сўнгги бир ҳафта ичида шу қамоқхонадан олинган иккинчи ташвишли хабардир.

Ҳафта аввалида бу қамоқхонада турмуш ўртоғи сақланаётган тошкентлик аёл 159-модда билан қамалган диндор маҳбуслар ўғри маҳбуслар қўли билан қийноққа солинаётгани ҳақида маълум қилган эди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ҳар икки суҳбатдош уларнинг қийноқларни тўхтатиш бўйича қамоқхона маъмурлари ва Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот идораларига қилаётган мурожаатлари жавобсиз қолдирилаётганини айтмоқда.

Жумладан, исми ошкор қилинмаслигини сўраган фарғоналик суҳбатдошимиз икки ҳафта муқаддам Косон қамоқхонасида бўлиб, у ерда сақланаётган ўғли билан кўришиб келган.

“Қамоқхонада аҳвол оғир”, дейди отахон хўрсиниб Озодлик билан суҳбатда.

- Энг асосийсини айтиб қўя қолай, Ражабов деган подполковник: “Санларга ОИТС касалини юқтирамиз”, деб уларга сиёсат қилаётган экан.

Кейин сил касалига чалинганларнинг кружкаларида чой ичираётган экан. Буни менга Косон шаҳридаги 64/51-сонли қамоқхонада ётган ўғлим айтди, дейди фарғоналик отахон.

Суҳбатдошимизга кўра, кейинги пайтларда маҳбуслар тинимсиз равишда ичбуруғ касали билан оғримоқда, бу касалдан ҳатто бир маҳбус вафот этган.

- Тез-тез маҳбусларнинг оммавий равишда ичи кетиб, дизентерияга чалиниши одат тусига кириб қопти. Энг муҳими, 18 апрел куни маҳбус Мурин Николай ичи кетиб, тиббий бўлимга мурожаат қилган. Унга қарашмаган ва натижада у ўлган. У “ҳизбий”мас-у, бошқа оддий жиноят билан қамалган маҳбус бўлган. Хуллас, маҳбусларга қарашмаётган экан, дейди суҳбатдошимиз.

Фарғоналик отахоннинг сўзларига кўра, намозхон маҳбусларга нисбатан қийноқлар ҳануз давом этмоқда.

- Қосимов Раҳматуллони намоз ўқигани учун қаттиқ калтаклашибди. У апрел ойида 19 кун голодовка ушлабди, яъни очлик қипти. Уни санчастга опкиришибди ҳозир, дейди ўғли Қашқадарёдаги Косон қамоқхонасида сақланаётган фарғоналик отахон.

Ҳафта аввалида суҳбатлашганимиз тошкентлик аёл қамоқхонанинг ички тартибини ўзгартириш орқали диндор маҳбуслар қийноққа солинаётгани ҳақида маълум қилган эди. Унинг турмуш ўртоғи шу қамоқхонада сақланмоқда.

- Турмуш ўртоғим "ярми қизил зона¸ ярми қора зона" дедилар. Зонанинг ярми маҳбусларнинг қўлида бўлар экан. Бунақа қилишдан мақсад 159-модда билан қамалганларни бошқа модда орқали кирганлар қўли билан синдириш¸ йўқ қилиш экан. Улар нима хоҳласа¸ шуни қилар экан.

Ичкаридаги милициялар ҳар хил баҳона қилиб уруш чиқаришмоқчи экан. Чунки элликка эллик қилиш учун ҳам баҳона керак экан. Маҳбусларни бир-бири билан уруштирмоқчи бўлиб, роса ҳаракат қилишипти.

Лекин 159-модда билан қамалган болалар уларга: “Тўхтанглар. Сизлар унақа қилманглар. Булар бу нарсани бекорга қилмаяпти. Буларнинг нияти шунақа” деб тушунтиришган”, деган эди Озодлик билан ҳафта аввалида суҳбатлашган тошкентлик аёл.

Косон қамоқхонасидаги тартибсизликлар ва диндор маҳбусларга нисбатан зўраяётган қийноқлар ҳақидаги бундай ташвишли хабарлар бўйича мурожаатларни Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси аксар ҳолларда эътиборсиз қолдириб келади.

Яқинлари Косон қамоқхонасида жазо ўтаётган суҳбатдошларимиз ҳам ўз мурожаатлари жавобсиз қолдирилаётганини айтмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган фарғоналик отахон эса 1999 йилдан буён Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг эшигини қоқиб келади.

Унинг Косон қамоқхонасида сақланаётган тўнғич ўғлидан ташқари яна икки ўғли қамоқда. Уч ўғил ҳам “Ҳазбут Таҳрир” партиясига аъзоликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган.

Отахоннинг сўзларига кўра, болалар ҳақиқатда шу партия аъзоси бўлган. Катта ўғли эса ҳануз бу йўлидан қайтмаган. Отахон бундан қаттиқ хавотирда эканини айтди.

- Ўғлим ҳақида менинг бошим қотиб қолди. Улар: “Бизга ё исломий ҳаёт, ёки ўлим”, деган нарсани шиор қилиб олишибди. Яъни “исломий давлат қуриш ёки ҳалифалик қуриш” деган мақсадни олдига қўйиб олишипти.

Аслида-чи, мен қинғир йўллар билан яшаганман ва шу ўғилларим боис қинғир йўлдан қайтганман. Мана энди ўғилларим ичишни ҳам ташлашимни сўрашаяпти. Ҳаракат қиляпман-у, баъзида дарди-аламдан яна ичиб қўйяпман-да, қизим. Худди мен ароқдан қайта олмагандай, ўғилларим ҳам танлаган йўлидан қайтолмаяпти шекилли-да?! Билмадим, энди улар бу йўлдан қайтармикин, бағримизга қайтармикин? дейди исми сир тутилишини сўраган фарғоналик отахон.
XS
SM
MD
LG