Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:36

Худкуш ўзбекдан чиқдими?


Худкушлик ҳужуми деб аталаëтган Андижондаги портлаш кимнинг иши экани сирлигича қолмоқда.
Худкушлик ҳужуми деб аталаëтган Андижондаги портлаш кимнинг иши экани сирлигича қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг Андижонда худкушлик ҳужуми содир этилгани ҳақдаги баëноти¸ 2004 йилги Бухоро ва Тошкентдаги портлашлар ва у билан боғлиқ шубҳаларни қайтадан сув юзасига чиқармоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 26 май куни Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги милиция блок-постига ҳужум қилган қуролли гуруҳ ва Андижон шаҳрида Худкушлик содир этган кимса шахсига оид маълумотлар ëхуд дастлабки тахминларни ҳозирча жамоатчиликка ошкор қилмади.

Аммо Россиянинг қатор нуфузли агентликлари воқеадан бир неча соат ўтибоқ бу ҳужумни Ўзбекистон исломий ҳаракати содир этган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёза бошлади. Кейинчалик эса қатор халқаро ахборот воситалари таҳририятларига бир шахс номидан келиб тушган хат буни, гўёки, қувватлади.

Хусусан, Озодлик таҳририятига “www.mail.ru” портали орқали келиб тушган мактубда “Исломий жиҳод иттиҳоди” гуруҳи Хонободдаги блок-постга ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олиши айтилган.

“Исломий жиҳод иттиҳоди” гуруҳи эса 2004 йилда Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажралиб чиққанини эълон қилган эди. Муҳими, айнан 2004 йилда пайдо бўлган бу гуруҳ ўша йили илк бор Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятларида март ва июл ойида содир этган ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Орадан беш йил ўтиб, воқеалар айнан такрорланмоқда – милиция блок-постига ҳужум ва худкушлик ҳамда бу ҳаракат учун масъулиятни яна ўзини “Исломий жиҳод иттиҳоди” деб атаëтган гуруҳ зиммасига олмоқда.

Аммо бу икки воқеанинг ўзаро уйғун ва мутлақ мавҳум жиҳатлари кўзга ташланади. 2004 йилда ҳам, бугун ҳам Ўзбекистонда уюштирилган ҳужумлар учун масъулиятни, гўёки, зиммасига олган бу гуруҳнинг етакчилари ва аъзолари ким экани номаълум қолаётгани эътиборли жиҳатлардан бири.

Яъни, электрон манзилдан юборилган баёнот ҳақиқатдан ҳам шу гуруҳга тегишлими, агар шундай бўлса, унинг аъзолари ким ва улар қаерда? Бу саволлар очиқ қолмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзолари бундай гуруҳ мавжудлигини инкор қиладилар. 26 май кунги воқеалар боис ҳаракатнинг Озодликка сим қоққан собиқ вакили буни яна бир карра такрорлади.

Унинг фикрича, бундай гуруҳ аслида мавжуд эмас¸ ë мавжуд бўлган тақдирда ҳам у Ўзбекистон махсус хизматлари йўлга қўйган бир лойиҳа бўлиши мумкин.

- Буни Ислом Каримовнинг ўзи дунëга яна “Мана Тавилдарага қайтиб келишаяпти” деб кўрсатиб чиқараяпти.

Мен бу системани яхши билганлигим учун айтаман: бу ҳам керак бўлса Ўзбекистонга ишлайдиган битта каттагина гуруҳ ҳисобланади, деди ўзини Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ вакили деб таништирган суҳбатдош.

Айни пайтда бу суҳбатдош расмий Тошкент томонидан ҳануз жиддий таҳдид сифатида кўрсатишга уринаётган Ўзбекистон исломий ҳаракати ўта ожиз ва тарқоқ ҳолга келиб қолганини яна бир карра урғулаб, Тавилдарадаги воқеалар бўрттирилган ваҳима, деган фикрни айтди.

- Тавилдарага Тожикистоннинг эски мухолифати қайтган бўлиши мумкин. Лекин мен уларни катта кучга эга эмас¸ деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон исломий ҳаракати бугунги кунда жуда қаттиқ чўкиб кетган ҳолатда. Кўплари тарқалиб кетган. Буни ҳамма жуда яхши билади. Мен уларнинг лагерларининг ҳаммасини кўрганман ва жуда яхши биламан.

Яна Оллоҳ биладию¸ бўлса¸ агар 200 нафар одами бўлса¸ жуда катта бўлади. Ўзбекистон исломий ҳаракатини йўқ нарса деб ҳисоблайверинг, деди ўзини Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоси, деб таништирган суҳбатдошимиз.

Шу тариқа, Ўзбекистондаги портлашларни ким уюштиргани номаълум қолаётган бўлса, айни вақтда бу портлашларни амалга оширган кимсаларнинг шахси ҳам номаълум қолмоқда.

Эслатиш жоиз, 2004 йили баҳор ва ёз ойларида Тошкентда ва Бухорода портлашлар содир бўлган ва расмий Тошкент бу портлашларда 30 худкуш ўлдирилгани ёҳуд ўзини-ўзи портлатгани ҳақда баёнот берган эди.

Ўз вақтида улардан баъзиларининг исмлари жамоатчиликка эълон қилинган эди. Аммо бу исмлар остида тақдим қилинган марҳум ҳудкушлар аслида кимлар, қаерда яшаган, нима билан машғул бўлган, уларнинг яқинлари, жиноий шериклари ким, деган саволлар ҳануз очиқлигича қолмоқда.

Шу боис¸ ўз вақтида ҳудкуш, дейилган кимсаларнинг худкушлигига шубҳалар билдирилган эди.

Хусусан, Чорсу бозоридаги “Болалар дунё”си дўкони олдида ўзини ўзи портлатди, дея эълон қилинган ёшгина аёл – Дилноза Ҳолмуҳамедованинг ота-онаси ўликхонада уларга кўрсатилган жасад ўз қизиники эмаслиги ҳақида баёнот бериб, бу шубҳаларни асослаган эдилар.

Бу оиланинг мурожаатини ўрганишга ва Дилноза Ҳолмуҳамедова тақдирини аниқлашга уринган “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов ўзбекистонлик ҳудкушлар бўйича энг кўп суриштирув олиб борган ҳуқуқ ҳимоячиси эди.

Кейинчалик қамоққа ташланган Аъзам Турғунов Озодликка берган сўнгги интервьюларидан бирида ўз суриштирувлари натижасида худкушлик қилган ўзбекистонлик шахсларнинг ким экани жуда катта жумбоқ бўлиб қолаётгани ва шу боис, бунинг ортида ҳукумат турганини гумон қилишини айтган эди.

- Ҳар хил версияни кўрсатиш мумкин. Халқни чалғитиш учун¸ терроризм ва экстремизм бизда сақланиб қолган¸ деб кўрсатиш учун қилиш мумкин буни.

Лекин Ўзбекистонда ҳар учта одамдан иккитаси қулоқ бўлиб турган бир пайтда¸ бу нарсани олиб кириб¸ бу нарсани тайëрлаш жуда ҳам қийин.

Оддий ўзининг ҳақини талаб қилиб гапиришга қўрқиб турган одамнинг онгли равишда шунинг ичига кириб бориб портлатаман дейиши¸ бу ақл бовар қилмайдиган нарса. Лекин биз кўриб турган факт – бизнинг фуқаролар¸ шу нарса содир бўлди.

Ана энди буни чуқурроқ ўрганиш керак. Ҳақиқатан у ўзини англаб бордими? Агар англаб борган бўлса¸ шунча нарсани қаердан олаяпти? Ҳали ҳеч нарсага аниқлик киритилгани йўқку¸ деган эди Аъзам Турғунов.

Аъзам Турғунов 2004 ва 1999 йилги портлашларга алоқадорликда айбланган кўплаб диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қилган ва айнан худкушларнинг шахсини аниқлаш бўйича қилган уринишлари учун қаттиқ тазйиқларга дучор бўлган эди.

Хусусан, ўзбекистонлик худкушларнинг шахсини аниқлашга оид мустақил суриштирувларга расмий Тошкент шу кунга қадар ҳам рухсат бермай келмоқда.

Одатан, расмий баёнотни кечиктирадиган ёхуд умуман бермайдиган Ўзбекистон Бош прокуратурасининг мамлакатда худкушлик содир этилгани ҳақида биринчи бўлиб хабар бергани ҳам бу воқеалар ортида ҳукумат турибди, деган тахмин тарафдорлари фикрини қувватлайди, афтидан.

Ўзбекистондаги худкушликлар борасида эътиборли жиҳатлардан яна бири бу ҳаракатларнинг Марказий Осиё республикалари орасидан фақат Ўзбекистонда содир бўлаётганидир. Аҳолисининг асосий қисми Ислом динининг суннийлик мазҳабига эътиқод қиладиган Марказий Осиё минтақасида, жумладан, фуқаролик урушини бошдан кечирган Тожикистонда ҳам худкушлик ҳодисаси шу вақтга қадар кузатилмаган.

Ўзини Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоси, деб таништирган суҳбатдош бу минтақада худкушлик ҳаракатини амалга ошириш нафақат исломий ҳаракат аъзолари балки, Ўзбекистон ҳукумати айблаб келадиган “Ҳизбут-Таҳрир” гуруҳи аъзолари учун ҳам имконсиз, деб ҳисоблайди.

- Афғонистонда ëки тоғларда юрган болаларнинг ҳар биттасининг ўзига яраша ҳар ойда оладиган пули бор. Мисол¸ энг ками 800-1000 доллар пул олади. Улар толибоннинг пули ҳисобига яшашади.

Ўзини-ўзи портлатиш учун 100 минг доллардан кўп пул сарфланади. У одамдан қолаëтган оиласи учун қандайдир суммада пул ажратиб беришлар бўлади.

Ўзбекистонга қурол олиб кириш имконсиз нарса. Бир кило юкни у манзилдан бу манзилга етказиб бериш қийин масала¸ дейди ўзини Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоси.

Бу суҳбатдошнинг сўзларига кўра, ҳозир Покистон ёҳуд Афғонистон ҳудудида юрган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг саноқли вакиллари ёки бу гуруҳдан ажралиб чиққан кўпчилик собиқ жангарилар учун Ўзбекистонга келиб худкушлик қилиш ёхуд Марказий Осиё минтақасига ҳужум қилиш эмас, балки у каби ўз жонини қутқариб, тинчроқ масканга етиб олиш асосий қайғу бўлиб қолган.
XS
SM
MD
LG