Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:33

Ўзбек-қирғиз чегараси очиқ


Гувоҳлар¸ ўзбек-қирғиз чегарасидан фуқароларни жуда секинлик билан бўлса-да ўтказиш жараëни бошланганини айтмоқдалар.
Гувоҳлар¸ ўзбек-қирғиз чегарасидан фуқароларни жуда секинлик билан бўлса-да ўтказиш жараëни бошланганини айтмоқдалар.

Ўзбекистоннинг Қирғизистонга туташ Андижон, Фарғона вилоятидаги чегара пунктлари томонлар ўртасида 3 июн куни эришилган келишувга биноан жума, шанба кунлари очилгани ҳақда хабар қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегара ҳудудларида яшовчи суҳбатдошларимиз сўзларига қараганда, баъзи ҳудудларда ўтган ҳафтанинг жума куни, баъзиларида эса шанба куни чегаралар очилган ва одатий тартибда ишлай бошлаган.

Хусусан, Қирғизистоннинг Ўш ва Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ўртасидаги “Дўстлик” чегара пости шанба куни тонгдан одатий режимда ишлай бошлади, дейди чегара олди ҳудудида яшовчи Абдуманноп Халилов.

- "Дўстлик" чегара постидан биз томонга ўтказаëтган экан¸ лекин жуда секинлик билан ўтказаëтган экан. Декларацияни тўлдиртириб¸ бир соатда икки-уч кишини ўтказаëтган экан.

Пулларга¸ телефонларга декларация тўлдиртираяпти экан. Олдин ҳам бор эди¸ лекин камдан кам эди. Ҳозир ҳаммага тўлдиртираяпти экан¸ дейди чегара олди ҳудудида яшовчи Абдуманноп Халилов.

Қирғизистоннинг чегараолди Новкен туманида истиқомат қилувчи суҳбатдошимиз Абдуваҳоб ҳам айни манзарани сўзлади.

Абдуваҳоб: Очилиб қолганига икки кун бўлди.

Озодлик: Очилганда расман очилдими? Ўтаман деган бемалол бориб¸ паспортини кўрсатиб ўтиб кетаверадими?

Абдуваҳоб: Ҳа¸ шунақа.

Озодлик: Баъзи ҳудудларда секин ўтказаяпти¸ декларация тўлдиртираяпти¸ ортиқча ҳужжатлар сўраяпти¸ дейишаяпти.

Абдуваҳоб: Тўғри шунақа. Бизда ҳам баъзида шундай бўлиб қолади. Ҳозир ҳам анча-мунчаси шунақа бўлаяпти экан.

Кирасиз¸ киргандан кейин “Ҳозир печатимиз йўқ” дейди. Яна қандайдир баҳона топади.

Сиз кириб чиқаверинг¸ дейди. Кириб чиққанингиздан кейин “Айланма йўл билан ўтгансиз” дейди. Шундай баҳоналар қилишаяптида.

Озодлик: Олдин ҳам бунақа баҳоналар бўлиб турармиди?

Абдуваҳоб: Олдин бунақа нарсалар бўлар эди. Ҳозир яна ҳам баттар бўлиб кетди.

Озодлик: Савдоргарларчи? Мева-чева¸ сабзавотлар бемалол ўтаяптими?

- Бу нарсалар бемалол. Елкасини бериб ўтишадида¸ дейди

Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги Риштон туманида истиқомат қилувчи Баҳодир Элбоевга кўра, бу ҳудудларда чегара уч-тўрт кун муқаддам очилган.

- Чегаралар очилганига уч-тўрт кун бўлди. 25-26 май кунги воқеалардан кейин чегаралар қаттиқ ëпилган эди. Чегаралар очилгандан кейин одамлар бориб-келиб юришипти¸ дейди фарғоналик Баҳодир Элбоев.

Ёдингизга соламиз, икки давлат ўртасидаги чегара 26 май куни Хонобод ва Андижон шаҳарларида содир бўлган портлашлардан сўнг аввал Ўзбекистон, кейин эса Қирғизистон томонидан ёпиб қўйилган эди.

Ўзбекистон томони Андижон вилоятининг Қирғизистонга чегарадош Хонобод шаҳридаги милиция блок-постига ҳужум қилганлар Қирғизистон томондан келган, дейилган баёнот билан, гўёки, чегаранинг ёпилганини изоҳлагандай бўлган эди.

Июн ойининг биринчи ҳафтасида эса Ўзбекистон томони Қирғизистон билан чегараси бўйлаб хандақлар қазиди, хандақлар ёнидан аввалгига қўшимча тарзда тиканли сим тўсиқлар ҳам тортди.

Ўша пайтда икки давлат ўртасидаги чегара узоқ муддатга ёпилди, деган овозлар элни оралаган эди. Аммо, эшитганингиздек, ўтган ҳафтанинг шанбасидан бошлаб, деярли барча чегара постлари очилган.

Ўзбекистон томони, ҳозирча, бу ҳолат бўйича ҳеч қандай изоҳ бераётгани йўқ. Умуман, чегаранинг ёпилиши борасида ҳам Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 31 май куни Андижонга ташрифи чоғида берган расмий баёнотидан бошқа аниқ расмий гап айтилмади.

Ўшанда “EurasiaNet” ахборот сайти президент Каримовнинг: “Агар осмонимиз мусаффо ва у тарафда тинчлик бўлганида, чегарага эҳтиёж бўлмас эди. Аммо афсуски, биз ўзимизни ҳимоя қилишга мажбурмиз”, деган сўзларини чоп этган эди.

Аммо, Қирғизистон Давлат чегараларини қўриқлаш хизмати аслида икки давлат ўртасидаги чегарани очиш тўғрисида 3 июн куниёқ келишувга эришилган ва чегаралар очилган, дея маълумот берди.

- Ҳа, шундай бўлган эди. Биласизми, икки давлат чегара хизмати расмийлари 3 июн куни ўзаро чегараларни очиш тўғрисида келишувга эришган.

Кейин Қирғизистон томони одатий тартибда чегарани очиб қўйди. Шу кунларда ҳам чегара очиқ, икки давлат фуқаролари бемалол ўтиб қайтаяпти, деди Қирғизистон Давлат чегараларини қўриқлаш хизмати вакили.

Чегарани очиш тўғрисидаги келишувга 3 июн куни эришилган бўлса ва Қирғизистон чегарани 3 июн куни очиб қўйган бўлса, у ҳолда Ўзбекистон бу келишувда ўз зиммасига олган талабларни то 13 июн кунига қадар бажармаган бўлиб чиқмоқда.

Қирғизистон чегара хизмати расмийси: “Бундан хабарингиз борми, сизлар огоҳлантирилганмисиз?” деган саволимизга жавоб бермади.
XS
SM
MD
LG