Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:25

Фермерлар ер устида жиққа мушт бўлмоқда


Деҳқоннинг кутгани буғдой ҳосили пишгач¸ унинг кўргуликлари устига янгилари қўшилмоқда.
Деҳқоннинг кутгани буғдой ҳосили пишгач¸ унинг кўргуликлари устига янгилари қўшилмоқда.

Буғдой ўрими айни авжига чиққан паллада хўжалиги кенгайтирилган раис билан ери шу хўжаликка қўшиб берилган эски раис ҳосилнинг режадан ортган қисми устида келишмовчиликка бормоқда.

Жиззах вилоятининг Жиззах туманидаги “Нурхул ўғли Улуғ” номли фермер хўжалигининг янги раҳбари ва ери шу хўжаликка бириктирилган собиқ “Комил Ҳожимурод” хўжалиги раҳбари ўртасида айни буғдой ўрими авжида жиддий келишмовчилик юзага чиқди.

Оқибатда, янги ва эски раис муштлашиб кетиб, собиқ раис Комил Ҳожимуродов оғир тан жароҳати билан шифохонага тушиб қолди.

Шу кунларда даволанаётган Комил акага сим қоқиб, унинг аҳволи ва жанжал сабабларини суриштирганимизда, муаммонинг яна мутлақ коррупциялашган шаклда амалга оширилаётган ерларни йириклаштириш давлат дастурига бориб тақалгани аён бўлди.

- Мен 2004 йил “Комил Ҳожимурод” фермер хўжалигини очганман. 2008 йилгача фаолият кўрсатиб келдим. 2008 йилда менинг фермер хўжалигим туман ҳокимлиги томонидан ëпилди.

Менинг 32 гектар ерим 10 гектар ери бор фермер хўжалигига қўшиб юборилди. Оптималлаштириш вақтида 10 гектар ери бор фермер хўжалигининг раҳбари раҳбар бўлди¸ дейди Комил Ҳожимуродов.

Комил Ҳожимуродовнинг 32 гектар ери қўшиб берилган 10 гектарлик фермер хўжалиги эса 2008 йилда деҳқончиликни эпламагани учун ёпиб ҳам қўйилган.

- Ўз вақтида чигит экмаганлиги¸ берилган режани тўлиқ бажармаганлиги сабабли вилоят хўжалик судида судя Маматов бошчилигида сайëр суд мажлисида қарор чиқарган. Ўша хўжалик судининг ëпилганлик тўғрисидаги қарори менда бор.

Ўртада пули борлар олиб қолди¸ бизга ўхшаган пули йўқ катта-катта ери борларнинг ерини кичик ер эгаларига пул учун бериб юборишди.

Шахсан менинг ўзимдан ҳам 500 доллар сўрашди ва мен бу пулни топиб бера олмадим, дейди Комил Ҳожимуродов.

Оқибатда, еридан айрилган деҳқон адолат излаб, юқори ташкилотларга — аввал туман ҳокими, кейин вилоят ҳокими, прокуратура, судга мурожаат қилишни бошлади. Аммо, бу мурожаатлар деҳқонни шифохонага олиб борган калтакланиш билан якунланди.

- Вилоят прокуратурасига ëзганимдан кейин ўтган шанба куни эрталаб менинг уйимга келди ва “Борасан¸ ерни ўлчаймиз” деди.

Мен далага борганимдан кейин ўша фермер хўжалигининг раҳбари укаси билан бирга мени ўртага олиб урди. Ҳозир мен вилоят шифохонасида ëтибман.

Даволанаяпман¸ аҳволим унчалик яхши эмас, дейди Жиззах туманида истиқомат қиладиган деҳқон-фермер Комил Ҳожимуродов.

Комил Ҳожимуродов уни калтаклаганини айтиб даъво қилаётган янги раис Раъно Алиқулова билан сўзлашишнинг имкони бўлмади.

Худди шундай пора эвазига бу фермер аёлни қувватлаётганликда айбланаётган Жиззах тумани ҳокими Зиёвуддин Саидов ҳам телефон қўнғироқларимизга жавоб бермади.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Мамиржон Азимовга кўра, янги ва эски раислар ўртасида жиққа-мушт фақат Жиззах туманида эмас, вилоятнинг бошқа туманларида ҳам кузатилмоқда.

Низо бу йил буғдой ҳосилининг камроқ бўлгани ва режадан ортган ҳосил ҳозирданоқ янги ва эски раҳбарлар ўртасида талаш бўлаётгани боис келиб чиқмоқда.

- Фермер хўжаликларини бир бирига қўшиб бераëтган пайтда “Ғалла йиғимигача тегмайсизлар. Ўзлари ўриб топширади” деган топшириқ бўлган эди.

Ҳозир ўз ерига ер қўшиб олган фермерлар ернинг эски эгаларини ҳайдаб чиқараяпти. Ғаллани ҳам¸ бошқасини ҳам бермаяпти. Жиззах туманида бундай можаролар жуда кўп бўлаяпти. Бу можаро умуман Жиззах вилояти бўйича кетаяпти.

Оязимхон Хидирова билан ҳам боғланиб турибмиз. У “Менинг еримни қўшиб олган фермер ғаллани ўрадиган бўлса¸ бутун ғаллага ўт қўйиб юбораман” деган даражага борган¸ дейди Мамиржон Азимов.

Мамиржон Азимовга кўра, мавсум бошида ерлари тортиб олинган фермерларнинг режадан ошган буғдойни ўзи олишига кафил бўлган ҳокимликлар ҳам ҳозирга келиб янги раисларнинг фойдасига сукут сақламоқда.

Аввали икки суҳбатдошимиздан фарқли равишда Жиззах туманида яшайдиган бошқа бир фермер Абулқосим Мамарасулов деҳқондан режадан ортган ҳосилни бошқа фермерга бериш ҳали тўғридан-тўғри талаб қилингани йўқ, дейди. Аммо, хўжалик раислари қисувга олинаётгани бор гап¸ деб қўшиб қўяди бу суҳбатдошимиз.

- Чақириб олиб¸ бир тоннадан ëки бир ярим тоннадан беринглар¸ деб илтимос қилгандир. Лекин фалон фермерга берасан¸ деб айтилмайди.

1994 йилдан бери фермерман. Бунақа гап бўлмаган. Бажармаган фермерга “Бор¸ ана унинг ғалласи бор. Илтимос қил¸ оëғини ўп. Нима қилсанг қил. Пулини бер. Ҳал қил масалани” деб айтади, дейди жиззахлик деҳқон-фермер Абулқосим Мамарасулов.

Аммо, бу йил буғдой ҳосилининг чўғи оз экани ҳаммани — деҳқонни ҳам, раҳбариятни ҳам боши берк кўчага олиб бораяпти. Абулқосим Мамарасулов ҳам шу кунларда хўжалигида етиштирган буғдойни ўришни бошламоқчи эди. Аммо:

Абулқосим Мамарасулов: Бошлаган эдик¸ лекин ҳозир комбайн тиқилиб қолди. Шунга кайфият йўқ. Комбайн даланинг ичига кириб тиқилиб қолди.

Озодлик: Сиз режани бажара оламан деб ўйлаяпсизми?

- Қўрқиб қолдик¸ чунки атрофдагилар бажара олмаяпти. Ҳозир мана комбайн бузилиб қолди. Далага комбайн кирса¸ кўп йўқотиш бўлади. Ўрилган ғалла ерга тушиб қолаверади¸ дейди Абулқосим Мамарасулов.

Аслида буғдой ҳосили бу йил оз. Деҳқон-фермерлар бирин-кетин режани бажаролмай, даладан қайтмоқда.

“Бундан ташқари, ўришга рухсат берилмай далада қолаётган камгина ҳосил ҳам кун ўтган сари тўкилиб, нест-нобуд бўлмоқда”, дея нолийди жиззахлик деҳқон-фермер Абулқосим Мамарасулов.
XS
SM
MD
LG