Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:30

Афғонистонда сайлов кечиктирилиши мумкин


Шу кунларда Афғонистон пойтахти Кобул шаҳри кўчаларидаги эълон тахталари 20 август кунги президентлик сайловида қатнашадиган 41 номзод реклама ва эълонлари билан тўлиб тошган.
Шу кунларда Афғонистон пойтахти Кобул шаҳри кўчаларидаги эълон тахталари 20 август кунги президентлик сайловида қатнашадиган 41 номзод реклама ва эълонлари билан тўлиб тошган.

Афғонистонда президентлик сайлови муддати яқинлашгани сари пойтахт Кобулда сайловга тайёргарлик жараёнига тўсиқлар юзага келмоқда, жанубий ва шарқий вилоятларда эса сайловга қизиқиш сўниб бормоқда.


Кобулдаги мухбирларнинг хабарларига кўра, президентликка номзодларнинг кўпчилиги идораларида ҳозирданоқ тарафдорларнинг йиғинлари бошланиб кетган.

Чунки хавфсизлик нуқтаи назаридан бундай йиғинларни йирик меҳмонхоналар ёки Кобулда кўп учрайдиган базмгоҳларда ўтказишга рухсат берилмаган. Қолаверса, одатан бундай йиғинлар жамоат намози ҳамда меҳмондорчилик каби кўнгилочар тадбирларга уланиб кетади.

Озодликнинг Афғонистондаги мухбири хабарига кўра, худди шундай манзарани мамлакатнинг нисбатан барқарор шимолий вилоятларида ҳам кузатиш мумкин.

Аммо, шу кунларда афғонистонлик баъзи етакчилар мамлакат жануби ва шарқидаги вазиятдан хавотир қилиб, сайловни бироз кечиктиришга чақирмоқда.

Жумладан, ўтган ҳафтада пушту қабилалари етакчиси Мира Жон Саҳиқий Афғонистоннинг 34 вилоятидан 20 тасида нотинчлик ҳукм сураётганини бунга асос ўлароқ келтирди.

- Афғонистоннинг 20 ёки 21 та вилоятида уруш бормоқда ва бу ҳудудларда сайлов ўтказиш имконсиз. Биз демократияни қувватлаймиз. Аммо БМТ нинг Афғонистондаги миссияси расмийларига, агар шу вазиятда сайлов ўтказилса, у тўлақонли бўлмайди, деган фикрни айтганмиз, деди Мира Жон Саҳиқий.

Афғонистон расмийлари ва халқаро кузатувчиларнинг аксарияти бундай қарашларни "жуда пессимистик" дея эътиборсиз қолдираётган бир пайтда жангарилар таъсирига кўпроқ берилган жанубий вилоятлардаги аҳолининг аксар қисми умуман сайловларга эътиборсизлик билан қарамоқда.

Озодликнинг Ҳилманд вилоятидаги мухбири Илёс Дайии вилоят маркази Лашкаргоҳ шаҳрида, ҳатто бир ҳафта муқаддам расман бошланган сайловолди кампаниясининг руҳи сезилмайди, дейди.

Афғонистон жанубининг мегаполиси саналмиш Қандаҳорда ҳам фақат бир бор сайловга бағишланган йиғин бўлди ва унда ҳам йиғилганлар амалдаги президент Ҳамид Карзайни қувватлашини изҳор қилди.

Шу ой аввалида АҚШ марказий қўмондонлиги раҳбари, генерал Дэвид Петреус Афғонистонда нобарқарорлик даражаси ҳар доим юқори бўлиб келганини таъкидлаб: “Аҳвол кейинги икки йил ичида янада оғирлашганига шубҳа йўқ, аммо олдинда ҳам бизни оғир дамлар кутмоқда”, деди.

Яқинда қатор оммавий ахборот воситаларида толибларнинг қочқинликда юрган ва афғон расмийлари фикрича, Покистондан бошпана топган етакчиси Мулла Муҳаммад Умар АҚШ қўшинларига қарши ҳужум уюштириш ва бунинг учун толибларнинг барча қанотларини бирлаштиришга урингани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Жанубдаги Забул вилоятида яшайдиган Муҳаммад Сиддиқ Комрон ўз вилоятида шундай вазиятда сайлов ўтказилишини тасаввур қила олмаслигини айтди.

- Забулдаги вазият жуда ёмон ва мен Забулда сайлов ўтказилиши мумкин, деб ўйламайман. Бундан ташқари, бу ерга хавфсизликни мустаҳкамлаш даъвоси билан келган қўшинлар ва полиция аслида одамларнинг тинчини бузди, дейди Забул вилояти яшовчиларидан бири.

Афғонистон сайлов комиссияси эса мамлакатнинг баъзи вилоятларида сайловни кечиктириш эҳтимоли борлигини инкор қилаётгани йўқ.

- Сайлов тўғрисидаги қонуннинг 55 моддасига биноан, агар маълум бир ҳудудда хавфсизликка таҳдид белгиланган даражадан ортиб кетса, сайлов комиссияси ўша ҳудудда сайловни кечиктириш ёҳуд вақтинча тўхтатиш ҳуқуқига эга, деди Афғонистон сайлов комиссияси раҳбари Азизулла Лодин.

Айни пайтда мамлакат расмийлари ҳамда хорижлик кузатувчилар хавфсизлик вазияти барқарорлашиши ҳамда сайловолди кампанияси тарғиботи аҳолининг сайловга бўлган эътиборини ошириши, 20 августга белгиланган президентлик сайловини эса муваффақиятли ўтказилишига умид билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG