Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:31

Самарқандда ҳайкалбузарлик авжида


Самарқандни реконструкция қилиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг аҳоли учун қатор ноқулайликлар келтириб чиқараётгани шаҳарликларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Самарқандни реконструкция қилиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг аҳоли учун қатор ноқулайликлар келтириб чиқараётгани шаҳарликларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Сўнгги пайтларда Самарқандда тарихий аҳамиятга молик бир неча обида расмийлар иродасига кўра бузиб ташланди. Бу шаҳарликлар эътирозига сабаб бўлса-да, очиқ норозилик билдиришга ҳеч ким ботинолмаяпти.

Самарқанддан олинган хабарга кўра, ўтган асрнинг бошларида австриялик маҳбус архитектор Эдуард Руш томонидан 1919 йилда қурилган ва собиқ иттифоқ даврида монументал пластика соҳасининг мамлакатдаги энг ноёб намуналаридан бири саналмиш тарихий монумент 4 июлдан 5 июлга ўтар кечасининг ўзида бузиб ташланган.

Айни пайтда Самарқанд шаҳрида собиқ совет замони билангина эмас, миллий ва анъанавий қадриятлар билан боғлиқ тарихий ёдгорликлар ҳам олиб ташланмоқда.

Бу вазиятни кузатиб бораётган самарқандлик журналист Комилжон Ашуров бундай монументлар сирасига сўнгги бир ойга яқин вақт ичида олиб ташланган Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ҳамда Абу Абдулло Рудакий ҳайкалларини тилга олди. Бундан ташқари, шу кунларда Гўри Амир мақбарасининг атрофи ҳам баланд девор билан ўралмоқда.

Журналистга кўра, шаҳар маъмуриятининг қўлида Самарқандни қайта таъмирлашга оид 2020 йилда якунланиши кўзланган давлат режаси бор. Бу режанинг бажарилиши эса, Комилжон Ашуровнинг айтишича, жуда пала-партиш ва кўр-кўрона олиб борилмоқда.

Бу борада журналистни суҳбатга тортар эканмиз, аввалига Самарқанд марказидаги Озодлик ҳайкали ва унинг шаҳарликлар учун қиммати ҳақида сўрадик.

Суҳбатга ўтишдан олдин эса гап бораётган монумент ҳақида қисқача таъриф бериб ўтсак.

Монумент улкан тўртбурчак тагсупага ўрнатилган эди. Архитектор тагсупанинг тўрт томонида тўрт хил ҳолатда акс эттирилган қулларнинг ҳайкалини солган.

Бир қул ғусса ичида, яна бири уйғонаётган, яна бири умид билан қараган, яна бири эса юзида виқор акс этган қул.

Тагсупадан ўсиб чиққан устун ва унинг устидаги қуббанинг тўрт томонида эса 4 та гўдакнинг ҳайкали акс этган, қуббанинг устида эса қўлини кўкка чўзган ва Озодлик тимсоли сифатида келтирилган аёлнинг ҳайкали ўрнатилган эди.

Тарихчилар ва санъатшунослар бу ҳайкалнинг ўзбек миллати ва Ўзбекистон тарихи учун қадр-қиммати ҳақида бугун кўпгина баҳсли фикрларни тилга олишлари мумкин.

Аммо салкам бир аср Самарқанд марказида турган бу монумент санъат асари ва соф тарихий факт сифатида алоҳида қадр-қимматга эга бўлса-да, Комилжон Ашуровнинг айтишича, самарқандликлар учун бу ҳайкал “одами сиёҳ” , яъни “қора одам” номи билан танилган оддийгина бир ҳайкал эди.

Комилжон Ашуров: Бу биз ëшлигимиздан одамлар орасида “қора одам” деб тарқалган нарса. Ўрта Осиëга¸ Туркистонга русларнинг келганлиги муносабати билан қўйилган "Озодлик ҳайкали" дейилади. Паркда турарди. Одамлар қарар эди¸ лекин у ҳеч қанақа баҳога эга эмас эди, десам хато қилмайман. Бўлса бор¸ бўлмаса йўқ.

Тарихий аҳамияти йўқ, дейиш мумкин эмас. Тарихий аҳамияти бор. Бунинг атрофида кўп бобойлар¸ кампирлар ўтирарди. Улар учун бу тарихий қийматга эга эди. Устига устак, бу “Охрана памятников” рўйхатига киради.

Бундан ташқари шаҳардан Регистон томон бораëтган пайтда “Афросиëб” меҳмонхонасининг биқинида ўзбеклар билан тожиклар дўстлиги рамзи – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийларнинг чиройли ҳайкали турган эди.

Олдин уни реконструкция қилишни¸ тагини мармар қилишни бошладилар-у¸ уни ҳам олиб ташладилар. Тагидаги тупроғини тозалаб ëтишибди.

Регистон майдонининг орқасида Абу Абдулло Рўдакийнинг ҳайкали бор эди. Яқинда биз у кишининг 1250 йиллигини нишонладик. Чиройли бир ҳайкал эди. Бу ҳайкални қўйишнинг ўзи бўлгани йўқ эди. У ҳам ҳозир олинган. Бу умуман олиб ташланганми¸ бошқатдан бирор жойга қўйиладими - билмаймиз.

Гўри Амирнинг атрофи, беш метрдан баланд бўлиши мумкин¸ баланд девор билан ëпилаяпти. Қандайдир ҳовли бўлиб қолаяпти.

Озодлик: Қанақа девор у? Ўша тарихий обиданинг ўзини ўраб қўйишмоқчими?

Комилжон Ашуров: Амир Темур бобонинг мақбараларининг атрофларини ўрашаяпти. Девор қилинаëтганидан атрофдаги халқнинг ҳаммаси норози. Нимага деганда¸ кўчалар торайиб кетди¸ кириб-чиқиш қўйин бўлади. Худо кўрсатмасин, бирор фожеа бўлса¸ ëнғин бўлса¸ машина яқинлаша олмайди.

Ҳатто ЮНЕСКО ҳам бунга қарши. Бизларда ҳамма нарса халқнинг манфаати учун эмас¸ қандайдир шахсларнинг манфаати учунми -тушунмайсиз.

Озодлик: Маҳаллий ҳокимият ҳайкалларнинг одамлар кўзидан панада олиб кетилишини бирор сабаб билан изоҳлаяптими?

Комилжон Ашуров: Йўқ. Қанақа изоҳ? Ҳеч қанақа изоҳ бўлиши мумкин эмас. Самарқанд эски шаҳарининг қаеридан қандай реконструкция бошланишини ҳеч ким билмайди. Ҳамма қўрқиб қолган. Одамлар ободонлаштиришни билмайди¸ янги уй қуришни билмайди. Агар қурсак¸ бузиб ташлайди, деб қўрқади-да. Ҳамма нарса план бўйича бўлмаяпти-да.

Озодлик: Шуни палапартиш қилишдан ҳокимият учун нима манфаат бор экан?

- Аслида ҳокимларга бу бош оғриғи керак эмас. Мана ҳокимларнинг ҳаммаси кетгандан кейин “Жиноий иш очилибди экан¸ у бўлибди¸ бу бўлибди” деган гапларни эшитамиз. Тепадан келиб мажбурлашади.

Масалан¸ у планда¸ бюджетда йўқ нарса. Вақт дейди¸ шуни тезлаштириш керак, дейди. Самарқандни реконструкция қилиш бўйича 2020 йилгача генплани бор. Уни ўз кўзим билан кўрганман. Унда обидалар бузилиши ҳақида ҳеч қандай гап йўқ эди. “Катта қил деяпти” деб, булар билганини қилаяпти. Ҳеч ким “Нима учун?” деб сўрамайди.

Олимларнинг фикрини¸ архитекторларнинг фикрини сўрашмайди. Атрофдаги аҳолига қийинчилик туғдираяпти¸ деган томонлари ҳеч ўйланмайди¸ дейди Комилжон Ашуров.
XS
SM
MD
LG