Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:01

Фикр - коктейл


Озодлик билан боғланиш учун + 420 602 612 713 рақамига sms йўлланг ëхуд шу рақамга бир марта қўнғироқ қилинг¸ биз ўзимиз сиз билан боғланамиз.
Озодлик билан боғланиш учун + 420 602 612 713 рақамига sms йўлланг ëхуд шу рақамга бир марта қўнғироқ қилинг¸ биз ўзимиз сиз билан боғланамиз.

Озодлик билан + 420 602 612 713 телефонига sms йўллаш ëки қўнғироқ қилиш орқали боғланиш имконидан фойдаланувчилар сони кун сайин ошмоқда ва бу мухлислар билдирган фикрлар яна "Эркин микрофон" остида жамланди.

Озодликнинг Ўзбекистон ичкарисидаги тингловчиларидан бири¸ ўтган суҳбатлардан бирида билдирилган фикр - 650 АҚШ доллари миқдоридаги даромаднинг бир оиланинг барча сарфу харажати учун етиб ортиши ҳақдаги мулоҳазасига жавобан¸ Ўзбекистондаги 5 кишилик оиланинг ўртача сарф-харажати ҳисобини чиқарди:

- Оилада учта одам ишласа ва улар 250 доллардан ойлик олиб келса¸ бир ойда 750 доллар бўлади. Бу уларнинг ойлик харажатини қоплаши мумкин. Агар бешта одамни ташкил қиладиган оилада оила бошлиғи 650 доллар топса¸ учтаси ўқувчи бўлса¸ бу маблағ ҳеч қандай қопламайди. Шунча пул уларга етмайди.

Анави опанинг гапини эшитдим. Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам жуда бой давлат. Лекин халқ камбағал. Фақат мана шу опа рост гапни гапирди¸ деб ҳисоблайман мен¸ дейди ўзбекистонлик тингловчимиз ўзи тинглаган суҳбатдаги фикрга муносабат билдира туриб.

Ўзбекистонлик яна бир тингловчи Озодлик орқали Ислом дини асосларини ўргатадиган махсус эшиттириш ташкил этиш таклифини ўртага ташлади.

- Динимизни қаердан тоза ўргансак бўлади? Масалан¸ ҳеч қаерда бермайди. Мактабда ўргатмайди¸ мадраса ва масжидларни кўраяпсизлар¸ давлатнинг гапини гапиртиради¸ бошқа нарсаларни қилмайди. Тоза¸ соф ўрганишни хоҳлайманда. Озодлик дини тўлиқ ва соф ўргатиш учун жиндай вақт ажратса демоқчи эдим¸ дея ўз таклифини билдирди бу тингловчимиз.

Россияда мардикорлик қилиб юрган тингловчи Озодлик орқали эшиттиришни ният қилган мурожаатини ўқиб берди:

- Ўша бахтли Ўзбекистон фуқароси¸ ҳозирда меҳнат муҳожири бўлиб Россияда ўз фарзандлари ва оиласини соғинган Аизизбек бўламан. Айтингчи¸ мен ва менга ўхшаб ўзга юртларда юрган мусофирлар топган миллионлаб сўмлар қачонлардир бир сония бўлса ҳам фарзанд ота-онаси меҳрини бера оладими? Йўқ¸ албатта.

Қани энди бизнинг диëримизда ҳам олдингидек корхона¸ ташкилотлар бўлсаю¸ биз кучимизни¸ ғайратимизни ўзимизнинг юрт¸ ватанимиз учун сарф қилсак. Бизга Америка билан эмас¸ балки қўшни Қозоғистон ва ва бағрикенг Россия билан алоқалар¸ олди-бердилар илгаригидек изига тушса¸ ишлар билан таъминласа дейман¸ дейди ўз мурожаатини ўқиб берган тингловчи.

Яна бир тингловчи Озодликни бир ёқламаликда айблаб, танқид қилди:

- Менинг фикримча¸ сизларнинг фикрларингиз бир томонлама кетади. Сизлар фақат Ўзбекистонни ëмонлайсизлар¸ ишларинг битади. Келиб кўринглар¸ мана. Беайб парвардигор. Ислом Каримовга¸ мана икки марта сайлов бўлган бўлса¸ ҳақиқатан юракдан овоз берганман ўша одамга. У одам ўз халқини ўйлаб иш қилаяптику. 26 миллион аҳолини энг асосийси тинч ишлаб турибди. Очми¸ тўқми барибир тинч яшаяпмизку. Нуқул Ислом Каримов режими ëмон дейсизлар. Менимча¸ бу фикрлар нотўғри бўлса керак дейман¸ дейди бу тингловчимиз.

Россиянинг Свердловск шаҳрида ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожири таклиф билдирди:

- Тожикистонда ишлар яхши бўлиб кетиб¸ ўзимизда бола-чақанинг олдида ишлаб¸ ота-онанинг олдида соғинмасдан ўзимизнинг давлатимизда ишлаб юрсак деймиз. Икки йилдан бери мана шу ерда сарсон бўлиб юрибмиз. Ҳар кун эшиттиришларингизни эшитиб хурсанд бўламиз. Иложи бўлса¸ Тожикистондан кўпроқ маълумот берсангизлар. Гапларим шу¸ дейди Россиянинг Свердловск шаҳрида ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожири.

Россияда юрган яна бир меҳнат муҳожири Озодликка ўз миннатдорчилигини билдирди:

- Мен сизларни 10 йилдан бери эшитаман. Сизлар жуда кўп рукнда¸ демократик руҳда бериб борасизлар. Сизлар бизларнинг бу ердаги шароитларимизни тушуниб гапирасизлар. Биз эшитиб хурсанд бўламиз. Сизларнинг темаларингиз жуда ëқади. Мен сизларга фақат миннатдорчилик билдирмоқчи эдим¸ дйеди Россияда юрган меҳнат муҳожири.

Тошкентлик тингловчи Озодликда “Адабиёт” радиожурналини тиклашни сўраб, баъзи таклифларини билдирди:

- Бизнинг мактабдаги ўқитувчимизнинг айтиб беришича¸ уруш пайтида Жаннат деган шоира бўлган экан. Ўзбек. У урушга бориб¸ асирга тушган экан. Ўзбекларнинг ҳам яҳудийларга ўхшагани бўлиши мумкинку. Буни яҳудий деб янглишиб отиб ташлаган экан. Сизлар шуни суриштириб¸ топиб бир передача қилиб бера оласизларми? Сизларда передача қизиқроқ бўлади. Хитойдан Тошкентга келиб президент бўлган Алихонтўра деган одам бўлган. Мана шу тарихий шахслар тўғрисида ҳам передача қила олмайсизларми дейман¸ дейди тошкентлик тингловчимиз.

Хоразмлик тингловчи эса мусиқий дастур ташкил қилишни таклиф қилди:

- Комилжон Отаниëзов¸ Ортиқ Отажонов¸ Фахриддин Умаров¸ Шерали Жўраев¸ Дадахон Ҳасановнинг қўшиқлари бор. Ҳозир қалбаки қўшиқчилар кўпайиб кетди. Шу қўшиқчилар асабга тегиб кетди. Сизларнинг эшиттиришларингиздаги яхши қўшиқларни биз телефонимизга ëзиб олаяпмиз. Раҳмат дейман. Сизлардан миннатдорман¸ дейди хоразмлик тингловчимиз.

Қозоғистонда 10 йилдан бери мардикорлик қилиб юрган ўзбекистонлик тингловчи президент Каримовга мурожаат йўллади:

- Ўзимизнинг президентдан илтимос қилиб сўрардик. Ўзбекистон халқига озгина бўлса ҳам ëрдам берса дейман. Халқимиз қийналаяпти. Давлатимиз ҳамма нарсага пул сўрайди¸ лекин унга пул йўқ. Ким беради у пулни? Давлат бермаса.

Қозоғистондан топган пулимизни милицияларга берамиз¸ миграцияга бериш керак¸ ҳужжат дейди. Бола-чақанинг ëнига боргунча ярим пулимиз кетади. У ëққа борсак¸ бола-чақа нон дейди¸ сув дейди. Бир одам қайси бирига пул етказади?

10 йилдан бери бу ерда юрибмиз. Ҳали бола-чақамизнинг юзини кўрганимиз йўқ. Фарзандимизнинг дийдорига тўя олмаймиз. Нима қилишимиз керак? Бизга ким ëрдам беради? Қачонгача чўлларда тупроққа ботиб¸ қора шўр бўлиб юрамиз? Ëрдам берадиган бирорта одам борми? Ўзбекнинг халқи хор бўлдию. Ким ëрдам беради?

Озодлик радиосидан илтимос қиламан¸ бутун дунë шу сўзни эшитсин. Керак бўлса президентимиз эшитсин. Бизга ëрдам берсин демоқчиман. Ким бўлса¸ бизни сaрт дейди¸ қўй дейди ëки балиққа ўхшатади. Биз киммиз улар учун? Биз ҳам Оллоҳнинг бандасимиз.

Мен Озодлик радиосидан¸ президентимиздан илтимос қилардим: бизга ëрдам берсин. Мен Озодлик радиосига раҳмат айтаман¸ дейди Қозоғистонда 10 йилдан бери мардикорлик қилиб юрган ўзбекистонлик тингловчи.

Озодликка SMS йўллаган ва қўнғироқ қилган тингловчиларимиз бўлган мулоқотларнинг қисқа ҳамда лўнда мазмуни билан таништиришга ҳаракат қилдик.

Тингловчилардан хабарлар ҳозир ҳам келишда давом этмоқда ва ҳамкасбларимиз сиз Тингловчи билан боғланишга ҳамиша тайёр.

Марҳамат, бизга қўнғироқ қилинг, SMS йўлланг!

Айни пайтда атрофингизда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида бизга хабар ҳам йўлланг, азиз тингловчи! Ўзбекистонда бўлаётган жараёнларни ўз вақтида, объектив ёритишда бизга ҳамкорлик қилинг!

Хабарларингизни кутиб қоламиз, биз билан боғланиш учун телефон рақами:

+ 420 602 612 713
XS
SM
MD
LG