Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:57

Танка, шпаргалка ва паровоз ҳақида


Ўзбекистонлик талаба ва ўқитувчилар фикрича, мамлакат олий ўқув юртларига қабул пайтида тенглик ва ҳаққонийликни таъминлаш мақсадида бундан 15 йил жорий қилинган тест синовларининг бугунги кунда моҳияти ўзгарди.

1 август куни республикадаги турли олий ўқув юртига имтиҳон топширган абитуриентлар бугун ўзаро суҳбатда бир-бирига, тахминан, шундай савол бермоқда: “Сиз имтиҳонни қандай топширдингиз?”

Бу саволган тахминий жавоб эса шундай: “Танка билан”, “Шпаргалка билан”, “Паровоз билан”, “Бункер билан”, “Телепатия билан”, “Ректорский группа билан” ва ҳоказо.

Бу соҳанинг ичида юриб, кўзи пишганлар ўқишга киришнинг 15 га яқин усулини тўхтамай санаб бериши мумкин. Албатта, бу усуллар орасида “билим билан” деган усул ҳам бор.

Аммо, Ўзбекистондаги барча олий ўқув юртларида кириш имтиҳони сифатида тест синовлари жорий этилган 1994 йили назоратчи бўлган фарғоналик физик Шарифжон ака фикрича, бу усул фақат бошланғич икки-уч йилдагина иш берган.

Кейинчалик эса олий ўқув юртларига билимсиз киришга имкон яратган камчиликлар бирма-бир ошкор бўла бошлади.

Аввал-бошда ўқитувчилар ва абитуриентлар томонидан аниқланган, аммо 15 йилдан буён тузатилмаган асосий камчилик тест синовида ўқувчининг билими тўлиқ ва ҳаққоний аниқланмаслигидир.

Мисол учун, Шарифжон аканинг айтишича, саволларнинг 20 фоизи мактаб дастурига оид эмас.

- Талабларидан ташқаридаги нарсалар кўп у ерда. Мантиқий математика¸ логика¸ бошқа-бошқа нарсалар. Мактабда мантиқий математика масалалари учинчи ëки тўртинчи синфда эсланади. Қолган бари аниқ сон масалалари. 20-25 фоизи мактабда ўтилмаган¸ айтилмаган нарсалар¸ дейди Шарифжон ака.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, пахта териб, мактаб дастурини ҳам тўлиқ ўзлаштиролмаган бола мактаб дастуридан ташқари берилган камида 8-10 та саволга жавоб тополмаслиги равшан.

Бундан ташқари, баъзи саволларда 2 тадан тўғри жавоб, баъзиларида эса умуман тўғри жавоб йўқ. Бу йил олий ўқув юртига имтиҳон топширган абитуриент қиз ўзи гувоҳ бўлган мисолларни санайди.

- Битта саволни кўрдим. “Ўзбек адабиëтида бошқа сўфий шоирлардан Машрабнинг нима фарқи бор?” деган савол қўйилган. Калитлардаги жавобда “Фақат Машрабгина Худога бўлган муҳаббатини ëза олган” деб ëзган. Лекин буни Яссавий ҳам ëзган-ку. Ҳамма сўфий шоирлар Оллоҳга бўлган муҳаббатини ëзган-ку. У ерда фақат Машраб келтирилган ва жавоб шу дейилган. Бошқа жавобларда Яссавий ҳам¸ бошқа сўфий шоирлар ҳам турибди. Шпаргалкада Машраб деб ëзилгани учун¸ Машрабни белгилаб кетишаяпти.

Масалан¸ клон ҳужайрадан олинади-ку. Лекин тўрт-беш хил жавобнинг ичида “клон” ҳақидаги жавоб йўқ. Аслида¸ жавоб клон бўлиши керак. Жавоб калитида эса клон деган жавоб йўқ. Битта фандан камида 12-13 та шунақа савол чиқади¸ дейди бу йил олий ўқув юртига имтиҳон топширган абитуриент қиз.

- Бу каби камчиликлар бошданоқ абитуриентларнинг имконини чеклади. Тест синовлари жорий этилгунга қадар ҳам билим эмас, пора йўлини қидирганларга эса бу тайёргина баҳона бўлди, дейди тест синовларини кузатиб келаётган тил-адабиёт фанлари номзоди Дилдора Раҳимова.

У ҳозир Олий ўқув юрти ўқитувчилари, раҳбарлари ва ҳатто Давлат тест марказининг имтиҳонлар учун ёлланган назоратчилари ҳамкорлигида амалга ошириладиган усуллардан баъзиларини таърифлаб берди.

"Бункер" усули:

Бунда мутахассислар соат 06.00 да олиб бориб қўйилади. Улар назоратчи деб олиб кирилади ва махсус хонага олиб кирилиб¸ тестни ишлаб беради. Болаларнинг қўлига эса белгиланган вариант тарқатилади. Бу усул кенг тарқалган.

"Телепатия" усули:

Сканерручка деган нарса бор¸ агар эшитган бўлсангиз. Боланинг қўлига 300-350 долларлик сканерручка тутқазилади. Бола тест вариантини шундай копиялайди ва 10-15 та сканеручка битта нарсага ташланади. Шу аудиторияга битта қишлоқда қўй боқиб юрган бола олиб кириб қўйилган бўлади. У “тестни ишлаб бўлдим” деган баҳона билан чиқиб кетади. Унинг ўзи ўқишга кириш нияти йўқ. Ўша чиқиб кетган боладан сканерручкани қабул қилиб олган мутахассислар тестларни ишлашади ва жавоблари СМС ëки пейжер орқали жўнатилади.

"Паровоз" усули:

Республикадаги билимли¸ иқтидорли болаларнинг ҳаммасини хароб қилишга хизмат қилаëтган усул. Бунақа разил усул жуда кам. Бунда ўхшаш шаклли ëки бошқа бир ўқув юртида ўқиётган талабалар таклиф қилинади. Бу талабалар маълум бир гуруҳларга қўйилади ва ҳар битта бола камида 10-15 нафар боланинг тестини ишлаб беради.

Тил адабиёт фанлари номзоди Дилдора Раҳимова ана шундай усуллардан бирини қўллаётган гуруҳни фош қилган ва бу гуруҳ билан 2001 йилда судлашиб, ғолиб ҳам бўлган эди.

Аммо, бу йилги тест синовлари чоғида Ўзбекистон миллий университетида назоратчилик қилган ўқитувчига кўра, ҳозирга келиб бунинг ҳам имкони йўқ. У ўз хулосасига ўзи кузатган аудиториядаги бир ҳолатни мисол қилиб келтирди.

- Абитуриентлар норозилик билдиришди. “Фалон-фалон тестларнинг жавобини топа олмаяпмиз¸ масаланинг қўйилиши нотўғри, илтимос¸ шу масалани ҳал қилишга ëрдам беринг” деб айтишганида мен тест маркази вакилига мурожаат қилдим ва у “барча тестлар тўғри тузилган, яхшилаб ўтириб ишласин”, деган жавобни айтди.

Тестларнинг нотўғри¸ мунозарали тузилгани етмагандай абитуриентларнинг тестнинг нотўғри тузилганлиги юзасидан қилаëтган шикоятлари ҳам бу йил қондирилмади. Бунга шахсан ўзим гувоҳ бўлдим¸ дейди тил адабиёт фанлари номзоди Дилдора Раҳимова.

Озодликнинг аввалги дастурларида ҳам шу каби ҳолатларни кўп бор тилга олганмиз. Аммо шикоятлар йилдан-йилга кўпайса кўпаймоқдаки, озаймаяпти.

Фалон университетда ўқийман, дея болалигидан орзу қилган илмли ёшлар билимсизга чиқиб, мактабни коридорда битирганлар талабага айланаётгани ҳақидаги арзлар бизнинг таҳририятда ҳам сероб.

Сўнгги уч-тўрт йил ичида эса бунинг устида катта жанжаллар ҳам бўлди. Олий ўқув юртларининг деканлари, ректорлари ва ҳатто Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг айнан Олий ўқув юртларига қабул бўлими раҳбари айнан порахўрлик важидан ишдан олинди.

Бироқ шунда ҳам ҳеч ким мутлақ коррупциялашиб кетган бу тизимни ўзгартириш имкони, ҳаттоки, заруратини муҳокама қилаётгани йўқ. Ҳар йили кириш имтиҳонларини кузатиб келаётган тошкентлик ўқитувчининг бундай муҳокама яқин-атрофда бўлишига кўзи ҳам етмайди.

- Порахўрлик илдиз отиб кетган жамиятда хоҳ болани оғзаки имтиҳон қилиб олинг¸ хоҳ тест қилинг¸ хоҳ бошқа йўлини топинг – ўзлари бизнесга айлантириб юбориш йўлини топишади. Тест кимларнингдир кармони тўлиши учун қулай технология бўлгани учун ҳам, менимча¸ тестни бошқа бир усулга айлантириш ҳеч кимнинг хаëлига келаëтгани йўқ. Чунки бу Ўзбекистонда жуда катта бизнес. Бундан Олий таълим вазирлигининг ўзидан бошлаб қуйи ташкилотларгача жуда кўпчилик манфаатдор¸ дейди тил адабиёт фанлари номзоди Дилдора Раҳимова.

Тингловчиларимиз ҳамда бугунги суҳбатдошларимиздан олинган шу каби фикр-мулоҳазаларни жамлаб, яна бир карра Ўзбекистон давлат тест марказига мурожаат қилдик.

Марказ ходимларининг бизга берган жавоби ташкилотнинг турнақатор турган арзчиларига қилаётган жавоби мазмунидан деярли фарқ қилмади.

- Хат билан мурожаат қилинг. Шунда берамиз маълумотларни. Чунки ўтган йиллари бўлган. Ҳеч ким бермаган эди¸ чет элликлар ҳам эълон қилиб юборган. Хат керак бизга, хат. Хат бўлмаса йўқ, дея жавоб берди Ўзбекистон давлат тест маркази ходими тест синовлари хусусида Озодлик мухбирига жавобан.
XS
SM
MD
LG