Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:54

Божхона ставкалари ошади


Кузатувчилар фикрича, божхона ставкаларининг ошиши Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида контрабанданинг авж олишига сабаб бўлиши мумкин.
Кузатувчилар фикрича, божхона ставкаларининг ошиши Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида контрабанданинг авж олишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб бир қатор истеъмол моллари ва хорижий автомобилларга янги божхона тўловлари ставкалари жорий этилади. Бу ҳақда республика президентининг қарори эълон қилинди.

www.gazeta.uz нашри хабарига кўра, истеъмол моллари дейилганда, жумладан, косметик маҳсулотлар, тиш пасталари, соч ювиш воситалари ҳам назарда тутилмоқда.

1 сентябрдан бошлаб, хориждан кириб келадиган бу каби маҳсулотларнинг ҳар бир килоси учун камида 1 АҚШ доллар миқдорида махсус божхона ставкаси белгиланган.

Ёки қўл телефони, стационар телефон каби маҳсулотларнинг ҳар бир донаси учун камида 15 АҚШ доллари миқдорида махсус божхона ставкалари белгиланган.

Айни пайтда муқаддам жорий этилган адвалор ставкалари, яъни товарнинг божхона тўловлари қийматидан келиб чиққан 30 фоизлик ставка ҳам сақланиб қолади.

Хориждан келтирилган автомобиллар учун ҳам 20 фоизлик янги божхона ставкалари жорий этилади.

Бу хабар ортидан янги жорий этиладиган ставкалар натижасида, конкрет маҳсулот турлари, мисол учун, “хорижий автомобил учун божхона тўловлари неча фоизга ошади?” деган табиий савол туғилади.

Аммо бу саволимизга Ўзбекистон республикаси Давлат божхона қўмитаси ва бу қўмитанинг вилоятлардаги бошқармалари ҳам жавоб бера олмади.

Божхона идоралари вакилларига кўра, 1 сентябрдан амалда жорий этиладиган янги тартиб-қоида ҳақидаги кўрсатма, баъзи вакилларга кўра эса, ҳатто президент қарорининг матни ҳам ҳали уларнинг қўлига етиб келмаган.

Ҳар ҳолда, Фарғона, Тошкент ва Хоразм вилоятидаги Давлат божхона бошқармаси вакилларидан қуйидаги жавобларни олдик:

- Шунақа гап эшитдигу¸ лекин қарорнинг ўзини кўрганимиз йўқ.

- 1 сентябрдан чиқипти¸ лекин ҳали бизларга келмади. Бизлар олмаганмиз ҳали. Шунинг учун сизга ҳеч ким жавоб бера олмайди.

- Чиқди дейишаяпти¸ лекин ҳали бизга етиб келмади. Узоғи 5-10 кун ичида келиб қолиши керак.

Ўзбекистонлик кузатувчиларга кўра, “мамлакатда ички маҳсулот ишлаб чиқарилишини ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш мақсадида” дея изоҳланаётган президент қарори аслида мамлакатдаги иқтисодий вазиятни янада оғирлаштиради.

Боиси, биргина хориждан келтириладиган енгил автомбиллар учун бож тўловлари ҳозирнинг ўзида ҳам жуда юқори. Бу соҳадаги аҳволдан хабардор ўзбекистонликлар бундай бож тўлови автомобил умумий қийматининг 100 фоиздан ошиб кетиши ҳақида Озодликнинг аввалги дастурларда кўп бор сўзлаган эди.

Давлат божхона қўмитасининг Хоразм вилоятидаги бошқармаси вакили хориждан келтириладиган автмобиллар учун ҳозир мавжуд тўлов ставкалари бу қадар юқори эмаслигини айтаркан, 1 сентябрдан бошлаб жорий этиладиган янги ставкаларнинг 20 фоизга оширилиши мумкинлигига ҳам шубҳа билдирди.

- 20 фоиз бўлмаса керак. Нимага деса, бу мизерний оширилади. Авваллари ҳам бўлиб келганда.

Озодлик: Дейлик¸ мен Қозоғистондан 10 минг долларга Мерседес сотиб олдим. Уни Ўзбекистонга олиб кириш учун қанча бож тўлашим керак?

- Божхона қонунчилигига қараганда, давлатлар билан соглашениелар бор. Россиянинг ўзида ишлаб чиқарилган товар Россиядан келса¸ сертификат берилаяпти. Ўзининг баҳосидан 20-25 фоиз миқдорида тўлов ундирилади. Янги бўлса, бу 3 миллионга ҳам бормайди. Эскиларга бож кўпроқ бизда.

Озодлик: Қозоғистондан олиб келса-чи?

- Қозоғистоннинг ўзида чиқиб турган бўлса¸ унга ҳам шу.

Озодлик: Бошқа ерда чиққан бўлса-чи? Масалан¸ Қозоғистоннинг эркин бозорига кириб¸ Мерседес сотиб олган бўлса¸ қанча тўлайди?

- Биринчидан¸ сертификат берилмагани учун божхона тўловлари икки баробар бўлади.

Озодлик: 15 минг долларга тушадими ëки ундан ҳам ошиб кетадими?

- Энди двигател ҳажми¸ от кучи деганга ўхшаш нарсаларни ҳисоблаб берадиган декларантлар бор бизда. Шулар орқали ҳисоблатиб олиш керак. Ҳозир бир нарса дейиш қийин¸ дейди давлат божхона қўмитасининг Хоразм вилоятидаги бошқармаси вакили

Аммо давлат божхона идораси расмийсининг бу сўзлари вазиятни кузатаётган навбатдаги суҳбатдошимиз - фарғоналик кузатувчи Баҳодир Элибоев билган маълумотларга зид.

Давлат расмийси фикрини фарғоналик кузатувчи фақат бир жиҳатдан тасдиқлади - божхона хизматининг хорижий енгил автомобил учун бож тўловларини ундириш тартиби жуда мураккаб бўлиб, тақдим этиладиган бир олам ҳужжатларни имзолаш натижасида бож тўлови ҳажми 100-120 фоизга бориб қолади.

Баҳодир Элибоев: 100-120 фоиз экан.

Озодлик: Нима дегани бу? Масалан¸ 10 минг долларга машина олса...

Баҳодир Элибоев: 10 минг долларга машинани Қирғизистонданми¸ Россияданми¸ Германияданми олиб келадиган бўлса¸ уйига етиб келгунча 22 минг доллар бўлади.

Озодлик: Бу фақат бож тўловими?

- Ҳамма¸ пошлиналар деяпти¸ НДСлар деяпти¸ майда-чуйдалари кўп. 22 минг долларга машина олган бўласан, деб менга тушунтираяпти. “Йилидан қатъий назарми?” десам¸ “Ҳа”, дейишди. Чет элникини олмасдан¸ ўзимизникини миниб юраверар эканмиз. “Нимага бунақа?” десам¸ “Одамлар ўзимизникини олсин деб шунақа қилинаяпти” дейишди, дейди Баҳодир Элибоев.

Айни пайтда мазкур янги тартиб-қоидани фарғоналик суҳбатдошимиз бир пайтлар АҚШда жорий қилинган рейганизм таълимотига ўхшатади:

-“Кока-кола ичкарида 100 доллар бўлса¸ ташқарида бир доллар бўлса¸ ўзимизникини олиб ичсангизлар¸ давлатга фойда бўлади” деган таълимот бор эди. Рейганизм дейишарди. Мексикадан жуда кўп товарлар олиб ўтилган. Бизникилар ҳам балки кризисдан чиқиш учун шунақа қилишаëтгандир. Лекин бу давлатга ëқади¸ халққа ëқмайди. Халқ барибир арзон йўлларини қидириб топишга ҳаракат қилади. Чунки маош оз¸ пул топиш қийин, дейди фарғоналик кузатувчи Баҳодир Элибоев.
XS
SM
MD
LG