Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:02

Президент авомни қачон қабул қилади?


Аксар ўзбекистонликларга президентнинг ўзи эмас¸ фақат унинг тасвирини кўриш ҳаққи берилган.
Аксар ўзбекистонликларга президентнинг ўзи эмас¸ фақат унинг тасвирини кўриш ҳаққи берилган.

Сурхондарёлик Рухсатой Маматова арзини Ислом Каримовга етказиш учун Тошкентнинг президент ўтадиган йўлини кесиб чиқишга уриндию¸ ниятига етмади - тиш-тирноғигача қуролланган ҳарбийлар уни президент кортежи кўринмаган йўл ёқасидан тутиб, олиб кетди.

Аммо Рухсатой Маматова Ички ишлар вазирлигидаги узундан-узоқ сўроқ-саволдан кейин ҳам президент билан шахсан учрашиш ниятидан қайтмади. У президентнинг йўлига чиқишга яна уриниб кўрмоқчи. Президент билан учрашишни орзу қилган бошқа дардмандлар эса буни ўз жонига қасд, деб ҳисобламоқда.

Рухсатой Маматова президент Каримов билан учрашаман, деб Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан Тошкентга келган.

Унинг уйини тортиб олишган. Ўзи кўзи хира, ногирон бўлган бу аёл уйини қайтиб олиш учун 12 йилдан буён ҳаракат қилмоқда. Аммо ҳануз ниятига етгани йўқ. Охир-оқибат, у арзини президентга шахсан айтишга қарор қилди. Шунинг учун куни кеча Тошкентнинг президент кортежи қатнайдиган йўлига чиқди.

- Тошкентда Оқ саройга келиш йўлига чиқмоқчи бўлдим. Йўлга чиқдим¸ лекин Каримов келмади. Милициялар мени олиб кетишди. “Нимага Каримовнинг йўлига чиқаяпсиз?” деб сўради. Кейин “Уйсизман¸ жойсизман. Олий суд раиси Мустафоевнинг қарори билан мен кўчада қолиб кетганман. Бир йилдан бери Тошкентнинг йўлида сарсон бўлиб юрибман” деб айтдим. Ундан бери ҳам ҳали ҳеч қандай натижа бўлмаяпти. Ҳозир мен Мустафоевнинг қабулида турибман. Биламан¸ Мустафоевнинг ўзи чиқиб қабул қилмайди ҳеч қачон¸ дейди Рухсатой Маматова.

Рухсатой Маматова арзини шахсан президент билса, уйини қайтариб олишига ишонади. Шунинг учун, гарчи тиш-тирноғигача қуролланган ҳарбийлар қўриқлаб турса-да, яна президентнинг йўлига чиқишга уриниб кўрмоқчи.

- Уриниш ниятим бор лекин. Нима қилиб бўлса ҳам президентнинг қабулига кира олсам¸ бирор фойда чиқади деб ўйлайман. Тушунади аҳволимизни. Лекин бизнинг дод-фарëдимиз¸ кўчада қолганларимиз президентга етиб бормаяпти. Агар президентга етиб борса¸ биз кўчада қолмаймиз¸ уйимизни¸ албатта¸ қайтариб оламиз. Ишқилиб¸ уй билан таъминланишимга кўзим етади¸ дейди Рухсатой Маматова.

Рухсатой Маматованинг бу шаҳдини президент қабулига киришга йиллар давомида уринган бошқа бир фуқаро — тошкентлик Дилшод Аюпов ўз жонига қасд, деб ҳисоблайди.

Ўша куни президентнинг у йўлдан ўтмаслиги аниқ бўлгани учун ҳам Маматова йўл ёқасигача боролгандир, деб ўйлайди Дилшод Аюпов. Акс ҳолда:

- Отади¸ отиб ташлайди. Нимагаки¸ президентни ўзининг охранаси қонун бўйича тўғридан-тўғри ҳимоя қилгандан кейин¸ кўчада президентни тўхтатиш мумкин эмас. Кўпчилик бу нарсани ҳавас қилади¸ лекин мумкин эмас. Кўчада милициялар олиб кетиб қолган бўлса¸ президентга доложит ҳам қилмайди. “Бу бир жинни” деб жиннихонага олиб бориб қўйиши мумкин. Ëки “кайфи бор экан” деб айтиши мумкин¸ дейди Дилшод Аюпов.

Дилшод Аюповнинг ҳам фермасини олиб қўйишганига 13 йил бўлди. Тошкентда у тақиллатиб бормаган ҳуқуқ-тартибот ёхуд ҳукумат идораси деярли қолмаган. У ҳам президент хабар топса, ўзимнинг 13 йиллик сарсонгарчилигим хайрли хотима топади, деб ишонади.

Аммо президентга арзини етказиши мумкинлигига ишонмайди. Шунинг учун унинг қабулига кираман, деб ўлиб-қутулмайди.

- Биз президентга яқинлашиб бўлмаслигини олдиндан биламиз.

Озодлик: Нимааг яқиналшиб бўлмайди?

- Энди кулгилида. Менинг эшитишимча¸ бир хотинлар президентнинг ëнига кираман деб ҳаракат қилган. Кейин президент аппаратидагиларнинг жонига тегиб¸ жиннихонага юборишган.

Озодлик: Агар президент сизнинг муаммонгиздан хабар топса¸ ҳал қилиб беради деб ўйлайсизми?

- Агар шахсан ўзи билса¸ қилади. Лекин президентга яқинлашиб бўлмайди¸ дейди тошкентлик арзчи Дилшод Аюпов.

Яна бир арзчи – самарқандлик Ҳалима Ўлжаева эса йиллар давомида югура-югура дардини эшитадиган қулоқ тополмагандан кейин норозилик тариқасида ўзига ўт ўтган қўйган эди.

Аммо Дилшод Аюпов айтмоқчи, маҳаллий амалдорлар уни жиннига чиқарди. Оқибатда, у ҳам Тошкентга, президент девонига келиб, 6 ойга яқин президентнинг йўлини пойлади. Бироқ, бефойда.

- Эҳ-ҳеее¸ бормоқдан армон қолмади. Оворагарчилик ҳам ўзи жонимга тегди. Ариза ëзаман¸ бораман¸ келаман. Кўришмоқчиман дедим. Энди уларнинг ҳам қўлидан келмас эканда. Шу одам қулоқ солса эди. Қабули йўқку. Мен кира олмаяпман. Билса¸ итнинг ҳам раҳми келар эди менга. Билмайди у киши ҳеч нарсани. У ëқдан бу ëққа ўтмаяптида.

Озодлик: Президентнинг қўлига етиб борса¸ аҳвол ўзгаради деб ишонасиз?

- Ишонаман. Президентдан ҳам¸ бошқасидан ҳам норози эмасман. Бизнинг ҳокимимиз одам-подаммас. Шундай азоб бераяпти қўяверинг. Мен ўзимни ëқдим¸ бошқа қилдим¸ азоб кўрдим. Энди пулим йўқлиги учун гуноҳкорманми¸ дейди самарқандлик арзчи Ҳалима Ўлжаева.

Ҳалима Ўлжаева президентни телевизорда, оддий одамлар орасида туриб айтган гапларини кўп тинглаган. Аммо, шундай фуқаролардан бирига айланиш истаги бу аёлга деярли армон бўлди.

Суҳбатдошларимизнинг бирортаси президент Каримов ҳузурига кирдим, деган одамни кўрмаган ва бундай одам ҳақида эшитмаган экан.

Нега энди президентнинг қабулига кириш имконсиз, деган саволга арзчиларнинг ўзи деярли бир хил жавоб бермоқда: пастдаги амалдорлар ўз айби президентга ошкор бўлиб қолишидан қўрқади, шунинг учун, арзларни Каримовга етказмайди.

- Приëм деганда президент аппаратида уч-тўрттаси ўтиради. Уларнинг биттаси ҳам яхшилик қилмаган. Президент ҳамма ëнидагиларга ишониб юрибдида. Бу ëқдагилар билмайман¸ муттаҳамми¸ дангасами. Президтентга қарама-қаршилик қилишади¸ дейди арзчилардан бири.

Тошкентлик кузатувчи Маҳбуба Қосимова президент Каримов ҳузурига тўсиқ ундан қуйидаги амалдорларнинг айби ошкор бўлишидан қўрқувими ёхуд аслида бу даргоҳнинг эшиги авом учун ёпиқлигими — бундай саволга аниқ жавоб бериш мушкул, деб ҳисоблайди.

Чунки бу саволга аниқ жавоб берадиган идора ҳам яна ўша эшиги авом учун очилмаётган президент девонининг ўзидир.

Маҳбуба Қосимова фикрича, аслида Ўзбекистонда биринчи шахслар — мамлакат раҳбаридан бошлаб, исталган ташкилотнинг раҳбари ҳузурига кириш ҳар доим имконсиз бўлиб келган.

- Бош прокуратурага борсак ҳам прокурорнинг ўзи билан учрашиб бўлмайди. Хатлар бўлимига хатингизни ташийсиз. Қачон унга жавоб беришади¸ қачон ҳал бўлади бу номаълумлигича қолаверади¸ дейди Маҳбуба Қосимова.

Ўзбекистондаги бошқарув тизими аслидан авом билан юзма-юз мулоқтни назарда тутмаган ва амалдорлар бунга ўрганмаган, дея хулоса қилади тошкентлик кузатувчи.
XS
SM
MD
LG