Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:41

Тошкент сукут сақламоқда


Хабарларда айтилишича, отишма Тошкентдаги Кўкча масжиди атрофида содир бўлган.
Хабарларда айтилишича, отишма Тошкентдаги Кўкча масжиди атрофида содир бўлган.

29 август куни Тошкентда милиционерлар ва номаълум шахслар ўртасида содир бўлган отишма юзасидан ўзбек расмийларининг сукут сақлаётгани аҳоли ўртасида турли ваҳималарни пайдо қилмоқда.

Тошкентдаги бир неча норасмий манбалардан олинган хабарларга кўра, воқеа 29 август куни оқшом соат 18:30 да, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Кўкча” масжиди ва 1-шаҳар шифохонаси оралиғидаги кўп қаватли бинолардан биридаги хонадонда содир бўлган.

Хабарларга кўра, милиция ва номаълум шахслар ўртасида содир бўлган отишма қарийб 20 дақиқа давом этган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ҳанузгача бу ҳақда сукут сақлаётган бир паллада Шайҳонтоҳур туман ҳокимиятининг ўзини таништирмаган ходими ва 1-шаҳар шифохонаси ходимлари отишма содир бўлганини тасдиқлади.

1-шаҳар шифохонаси ходимларига кўра, отишмадан бироз ўтиб, 3 нафар жароҳатланган шахс шифохонага келтирилган.

- Оқлон маҳалласида отишма бўлгани ҳақида эшитдик, холос. Бошқа тафсилотларини биз билмаймиз. Бизга жароҳатланганларни олиб келишди. Уларга тиббий ёрдам кўрсатдик. Жароҳатланганлар 3 киши эди, - деди шифохонанинг қабул бўлимида қўнғироғимизга жавоб берган ходима.

Шифохонанинг 29 август куни жароҳатланганларни қабул қилиб олган жарроҳлик бўлими ходимаси эса жароҳатланганлар милиция ходимлари эканини айтди.

— Бўлимимиздаги доктор айтдики, кеча оқшом келтирилганлар бугун тонгда госпиталга олиб кетилган.
— Уларнинг уччалови ҳам милиционермиди?
— Менимча шундай. Шундай дейишяпти.
— Отишмада жароҳатланган фуқаролар келтирилмадими?
— Менимча, келтирилмади.

Ҳодисага оид шу вақтга қадар интернет нашрларида пайдо бўлган бошқа хабарлар эса ҳозирча тасдиқлангани йўқ.

Бир қатор интернет нашрлари 29 август куни оқшом соат 18:30 дан 22 га қадар шаҳарнинг Шайҳонтоҳур ва Чилонзор туманларидаги бир неча нуқталарда отишмалар содир бўлгани ҳақида хабар қилган эди. “Веритас” ёш ҳуқуқ фаоллари гуруҳи тарқатган хабарга кўра, отишмалар чоғида 3 номаълум шахс ўлдирилган.

Бироқ ҳозирча расмий Тошкентга мойил саналган ва воқеани тасдиқлаб, хабар тарқатган “Горизонт.уз”, “Газета.уз” ва “Uzreport.com” нашрлари берган хабарларга кўра, отишма чоғида икки қуролли шахс ўлдирилган.

Бу нашрларнинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига яқин манбага таяниб хабар қилишча, отишма Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг махсус амалиёти чоғида рўй берган. Амалиёт давомида шу ҳудуддаги икки қаватли уйлардан биридаги хонадонда қуролланган икки шахс борлиги аниқланган. Бу икки шахс ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қаршилик кўрсатган ва таслим бўлишни истамагани боис отиб ташланган.

“Горизонт.уз” нашрининг ёзишича, ўлдирилган шахслар сўнгги давр ичида Тошкент шаҳрида содир этилган бир қатор оғир жиноятларга алоқадор шахслар бўлган.

Бу нашр Тошкентнинг бошқа қисмларида ҳам отишмалар содир бўлгани ҳақида интернет нашрларида пайдо бўлган хабарларни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига яқин манба тасдиқламагани ҳақида ёзмоқда.

Аммо бу хабарлар ҳали расмий Тошкент томонидан тасдиқлангани йўқ. Айни вақтда бу воқеа юзасидан 30 август куни кечки соат 7 га қадар ҳам республика оммавий ахборот воситаларида бирор бир расмий хабар ҳам берилмади.

Тошкентдаги бу воқеани кузатган қатор ҳуқуқни ҳимоя қилувчи мустақил ташкилот вакиллари расмийларнинг бу сукути байрам арафасида милиция назорати кучайтирилгани ва ички ишлар органларининг муттасил рейдлари туфайли бироз асабийлашган пойтахтликлар орасида турли хил ваҳималарни урчитаётганидан хавотир билдирмоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, воқеа аҳолининг яқинлари диний мотивларда айбланиб қамалган ва шу кунларда қаттиқ назоратга олинган қисми тинчини бузган.

“Веритас” гуруҳи тарқатган хабарга кўра, отишма содир бўлган ҳудуддаги диндор оилалар вакиллари ўша куни оқшомдан бошлабоқ сўроққа тутила бошлагани бундай хавотирга сабабдир.

Бу воқеани мамлакат расмийларининг навбатдаги сиёсий ўйиними, дея савол остига қўяётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 30 август куни баёнот эълон қилиб, Ўзбекистон Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлигини бу борада расман баёнот беришга чақирди.
XS
SM
MD
LG