Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:57

Оқлондаги отишмада ота-бола отилди


норасмий хабарларда айтилишича, отишма Тошкентдаги Кўкча масжиди атрофида содир бўлган.
норасмий хабарларда айтилишича, отишма Тошкентдаги Кўкча масжиди атрофида содир бўлган.

Тошкентдаги отишмада ўлдирилган қуролли шахслар қашқадарёлик ота-бола бўлиб чиқди.Бу ҳақда воқеа гувоҳларига таяниб, тошкентлик ҳуқуқ фаоллари хабар қилмоқда.

Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги 29 август кунги отишма юзасидан кейинги икки кун давомида қилган мурожаатларимизга айни жавобни берди:

- Сиз кеча ҳам шу нарсани сўраб, телефон қилган эдингиз. Ҳеч қанақа отишма бўлгани йўқ, - деди Ички ишлар вазирлиги ходими.

Бу ходим қуролланган икки шахс махсус амалиёт чоғида ўлдирилгани ҳақида вазирликдаги ходимга таяниб, “Интерфакс” агентлиги ҳамда бир неча ахборот сайтлари тарқатган хабарларни ҳам инкор қилиб: “Бизда бунақа маълумотлар йўқ”, деди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси эса мана учинчи кундирки сукут сақламоқда.

Аммо, 29 август куни оқшом Тошкентнинг Шайҳонтоҳур тумани Оқлон маҳалласида номаълум қуролли шахслар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари орасида содир бўлган отишма ҳақида воқеа гувоҳлари яна янги тафсилотларни сўзламоқда.

Воқеани кўрган уч гувоҳга таяниб, “Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистон бўйича раҳбари Дилором Исҳоқованинг айтишича, отишма чоғида ҳақиқатда ҳам қуролланган икки номаълум шахс, ҳуқуқ-тартибот идораларининг икки ходими ва тасодифан ўққа учган бир кекса аёл ўлган.

- Бири рус миллатига мансуб бўлган қари аëл¸ бири эса милиционер дейишди. Яна бири Шайҳонтоҳур тумани Ички ишлар бошқармасида ишлайдиган йигит дейишди. Яраланганлар албатта кўп¸ - дейди Дилором Исҳоқова.

Дилором Исҳоқова ҳозирга келиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўлдирилган икки кишининг шахсига оид баъзи тафсилотлар ҳам маълум бўлганини айтди.

Дилором Исҳоқова: Асли қашқадарëлик ота билан ўғил экан. Бир неча ойдан бери Тошкент шаҳрида истиқомат қилишар экан. Назарбек атрофида бўлишган чоғи. Назарбек томонга ифторликка келишаëтган бўлишган. Уларни қувиб келишган ва булар қочишган. Кўзи билан кўрган одамнинг айтишича¸ у одамнинг мурдасини тўртта одам зўрға кўтарибди. Гавдали¸ бақувват одамлар дейишди. Бу аниқ маълумот.

Озодлик: Уларнинг қуролли қаршилик кўрсатгани ҳам аниқ-а?

- Аниқ. Мен гаплашган одамлар айтишди. Уларда қурол бўлган¸ - дейди Дилром Исҳоқова.

Дилором Исҳоқовага кўра, бу шахслар нега милиция таъқибида бўлгани ҳақида бирор бир асосли тахмин ҳам йўқ. Бу икки шахс билан отишма эса Оқлон маҳалласидаги боғча ҳовлисида бўлган.

Айни маълумотларни деярли тўлиқ тасдиқлаётган “Ҳозиржавоб гуруҳ” раҳбари Суҳроб Исмоилов суҳбатлашган гувоҳлар ҳам воқеа жойида ётган уч жасад, жумладан, кекса ёшли рус аёли бўлганини кўрган.

Суҳроб Исмоиловга кўра ҳам, қуролланган қашқадарёлик ота-бола нега милиция томонидан таъқиб қилингани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Аммо:

- Бу оилада эр-хотин ва уларнинг битта ўғли бўлган. Хотини мана шу отишмалар арафасида қамоққа олинган экан. Ҳозирча қандай сабаб билан эканлигини аниқлашнинг имкони бўлмай турибди, - дейди Суҳроб Исмоилов.

29 август куни оқшом Оқлон маҳалласида содир бўлган ва қарийб 20-25 дақиқа давом этган отишмага оид воқеа гувоҳларидан йиғилган маълумотлар ҳозирча мана шулар. Яна бир бор эслатамиз, бу маълумотлар расман тасдиқланмаган.

Бироқ, тошкентликлар мана уч кундирки отишма нега ва ким билан содир бўлди, деган савол устида баҳс қилмоқда. Хусусан, Оқлон маҳалласидаги баъзи баҳсларга шахсан гувоҳ бўлган ва пойтахтлик кузатувчилар фикрини ўрганган мустақил журналист Алексей Волосевич энг кўп тилга олинаётган тахминларни тилга олди.

- Ҳозирданоқ баъзи тахминлар бор. Гўёки қуролланган шахслар яқинда пойтахтда икки имомнинг пичоқланиши ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Ҳасан Асадовнинг отиб кетилиши билан боғлиқ жиноятга алоқадор бўлиши мумкин, - дейди ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевич.

Журналист тилга олган тахмин эса 30 август куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига таяниб, “Интерфакс” агентлиги тарқатган хабарга мос келмоқда. Бу агентликка гапирган вазирлик ходими ўлдирилган қуролли шахслар пойтахтда сўнгги давр ичида содир этилган йирик жиноятларга алоқадор эканини айтган эди.

Аммо булар пойтахтликлар тилга олаётган тахминлардан бири, холос. Бу каби тахминларнинг урчишига сабаб эса ҳукуматнинг жимлиги ва Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмида воқеа муносабати билан назоратнинг кучайтирилганидир.

“Ҳозиржавоб гуруҳи” раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, шу кунларда 1-шаҳар шифохонаси ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўриқланмоқда.

- Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган касалхоналар ва хусусан ўша отишма жойига энг яқин жойлашган 1 -шаҳар касалхонасида Ички ишлар вазирлигининг қуролланган қўшинлари ходимлари қўриқчилик қилмоқда. Бизга айтишлари бўйича¸ Тошкент ҳудудида жойлашган барча касалхоналарга “Ўқ отиш қуролида яраланган шахслар келиб мурожаат қилса¸ дарҳол бизга хабар беринглар. Касалхонанинг хавфсизлик тизимига эҳтиëт бўлинглар. Қанақадир босқинлар бўлиш хавфи бор” деган маънода кўрсатма бўлган¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Суҳроб Исроиловга кўра, бу каби қатъий огоҳлантирув 29 август кунги отишма фақат икки қуролланган шахс эмас, балки, қуролланган шахслар гуруҳи билан содир бўлган, дейилган баъзи тахминларни қувватлайди.

Аммо юқорида айтилганидек, булар ҳозирча фақат тахминлар.
XS
SM
MD
LG