Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:42

Паспорт ҳақда фармон бору¸ кўрсатма йўқ


2010 йил январидан бошлаб яшил Ўзбекистон паспорти ўз кўринишини ўзгартиради.
2010 йил январидан бошлаб яшил Ўзбекистон паспорти ўз кўринишини ўзгартиради.

Ўзбекистон расмийлари тез орада биометрик паспорт тизимига ўтилиши ҳақидаги бонг ураётган бир пайтда паспорт столи ходимлари бу жараён қандай амалга ошиши борасида ҳануз ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини айтмоқдалар.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов фармонига мувофиқ мамлакатда 2010 йил январ ойидан бошлаб, биометрик паспорт тизимига ўтила бошлайди.

2010 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистондаги вазирлик, бошқарма ва ташкилот ходимлари, хорижга чиқувчи ҳамда паспорт олиш ёхуд паспортини алмаштириш ёшига етган фуқароларга биометрик паспорт берила бошлайди.

2011 йилдан 2015 йилга қадар эса республикадаги барча фуқароларнинг паспорти биометрик паспортга алмаштирилади.

Ўзбекистон президентининг бу мазмундаги фармонидан сўнг республика Ички ишлар вазирлигининг тегишли бошқармаси раҳбарлари маҳаллий оммавий ахборот воситаларида қатор чиқишлар қилди.

Аммо бу чиқишларда ҳанузгача фармонда айтилганидан ташқари бирор бир аниқ маълумот йўқ.

Жумладан, ИИВ Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Тошматовнинг Ўзбекистон Ахборот агентлигига берган интервьюсида ҳам бу жараён қандай амалга оширилади ва у қанча муддат давом этади, каби саволларга жавоб йўқ.

7 сентябр куни Тошкент шаҳридаги қатор паспорт столлари ва Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлимларига сим қоқиб, бу саволларга жавоб олишга уриндик.

Лекин ҳеч бир идорадан тайинли жавоб ололмадик.

- Биз ўзимиз ҳам ҳали яхши билмаймиз. Президентнинг фармони чиққан. Ички норматив ҳужжатлар энди тайëрланаяпти, деди, жумладан, Тошкент шаҳридаги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлимларидан бирининг ходими.

Худди шундай Ўзбекистоннинг хориждаги консулликларига ҳам ҳали бу борада аниқ кўрсатмалар берилмаган.

Ўзбекистоннинг Берлин шаҳридаги консуллигидан олинган жавобга кўра, консуллик рўйхатидаги фуқароларга 1 январдан бошлаб, паспорт алмаштирилиши мумкинлигига тайёр бўлиб туришни тайинлаб қўйиш айтилган, холос.

Яъни, қисқача айтганда, ҳамма Тошкентдан кўрсатма кутаяпти.

Президент фармонида белгиланган муддатга атига тўрт ой қолди. Январдан бошлаб биометрик паспорт олиши айтилаётган хориждаги ўзбекистонликлар сонининг эса баъзи манбаларда 2 миллион, яна баъзиларида 8 миллионга қадар экани айтилади.

Ҳозирнинг ўзида паспорт алмаштириш ва хорижга чиқиш визасини олиш учун ойлаб вақт сарфлашга мажбур бўлаётган ўзбекистонликларда янги паспорт тизими юзасидан пайдо бўлган саволлар эса талай.

Мана бу саволлардан баъзилари:

1. Хорижда юрган одамлар Ўзбекистон элчихоналарида янги паспортни олиши мумкинми?
2. Январда бошланса¸ ўша паспортни бир йилнинг ичида олиш керакми ëки алмаштириш жараëни уч-тўрт йил чўзиладими?
3. Бу паспортларда ОВИР бўладими ëки йўқми?
4. Бу янги паспортни неча кунда олса бўлади? Россияда икки-уч куннинг ичида олиш мумкин бўлган янги тартиб чиқди. Ўзбекистонда мана шундай имконият бўладими ëки йўқми?
5. Чет элдан борган ўзбеклар янги паспорт олишга қанча вақт сарфлайди?
6. Чиқиш визаси (ОВИР) учун алоҳида муддат керакми ëки у паспорт олаëтганда қўшиб бериладими?
7. Биопаспорт неча пул туради? Аввалгидай нархдами ëки сарф-харажат қимматлашадими?

Афсуски, тингловчиларимизнинг бу саволларига Ўзбекистондаги тегишли идоралардан ҳозирча аниқ жавоб олишнин имкони бўлмади.

Фақатгина Тошкент шаҳридаги паспорт столларидан бирида ишлайдиган ва ўзини таништирмаган ходим бу саволлардан баъзиларига жавоб берган эди. Ўша жавобларни ёдингизга соламиз.

- Бир йилнинг ичида алмаштирилади дейишди. Бошланган тақдирда ҳам¸ босқичма-босқич олади¸ деган гап бор. Чунки паспорт алмаштириш чет элдагилар учун югуриб келиб-кетадиган жой эмаску. Консулхоналарга ҳам жорий қилинса керак. Чунки ОВИР ва бошқа нарсаларнинг ҳаммаси битта паспортнинг ичига кириб кетар экан. Икки йиллик ОВИР печатлари қўйилмас экан. Виза очтириб юрилмайдида¸ шу паспорт билан чиқиб кетилаверади. Мисол учун¸ 2010 йилнинг декабр ойига қадар ОВИР визасини олганлар бор. Шунинг учун бу постепенно бўлади. Бундан ҳеч хавотир олманглар¸ деган эди Тошкент шаҳридаги паспорт столларидан бири маъсули.
XS
SM
MD
LG