Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:44

Қорига қасд қилганлар Паркент бозоридан изланмоқда


Суиқасддан бери Анвар қори шифохода қолаëтган бўлса-да¸ унинг олдин ëзиб олинган видеоваъзлари кунора Ўзбекистон телевидениеси орқали кўрсатилмоқда.
Суиқасддан бери Анвар қори шифохода қолаëтган бўлса-да¸ унинг олдин ëзиб олинган видеоваъзлари кунора Ўзбекистон телевидениеси орқали кўрсатилмоқда.

Расман тасдиқланмаган маълумотга кўра, Тошкент Жомеъ масжиди имом-хатиби Анвар қорига суиқасд қилган шахс топилган бўлса-да¸ айни кунларда қорининг жонига қасд қилганликда гумонланаётган 16 одам ҳибсда сақланмоқда.

Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсуновга суиқасд уюштирганликда гумон қилиниб, Ички ишлар бошқармасига чақирилган тошкентлик Одилжон Абдурасулов бир ярим ойдан буён бедарак.

Тафсилотларни унинг онаси Раъно Абдурасулова йиғлаб туриб ҳикоя қилди.

Раъно Абдурасулова: Олдин Анвар қорини ўлдирди¸ дейишган эди. Анавр қорининг нимасини топишипти.

Озодлик: Анвар қорига пичоқ урганни топишиптими?

Раъно Абдурасулова: Топишипти дейишдику. Мен билмайман.

Озодлик: Демак¸ ўғлингиз айбдор эмас¸ бўлиб чиқаяптими?

- Менинг ўғлим айбдор эмас. У ўша куни мен билан бирга бўлган. Анвар қорини 30 август куни пичоқлаб кетишган эканку. Ўғлим 30 ва 31 август кунлари мен билан бирга бўлган. 1 сентябр куни хотини билан тоққа кетган. 2 сентябр куни келди. Управлениега борса¸ менинг ўғлимни киритмаган. Бирга борган отаси у ëқдаги журналга “Биз келдик. Бизларни киритишмади” деб ëзиб келган. 2 сентябр куни йўқ бўлганича¸ болам йўқ¸ дейди Раъно Абдурасулова.

Раъно Абдурасулова ўғлининг қаерда эканини билмаслиги, бироқ, шу ўғли боис ўзи ва яқинлари муттасил тазйиқ остида қолганини айтади.

Раъно Абдурасулова: Уйга милиция келибди ва шартта кичкина ўғлимни олиб кетиб қолибди. “Қани аканг? Топиб кел!” дебди. Чолимнинг управлениедаги қамоқхонада ëтганига бир ҳафта бўлди. Келинимни урибди. Башаралари кўкариб ëтибди. Бошига роса уришибди.

Озодлик: Одилжоннинг хотинини урганми?

- Ҳа. “Топсанг топ. Бўлмаса ҳозир қулоғингга ниналар¸ токлар тикаман¸ бўғадиган нарсалар қиламан” дейишипти. МХХ дан келибди. Улар ҳам қўрқитишипти. Одилжоннинг хотини уйга эмаклагудай бўлиб кириб келди¸ дейди Раъно Абдурасулова.

Раъно Абдурасуловага кўра, ўғли Одилжон Абдурасулов 2004 йилги Тошкент портлашлари ва отишмаларга алоқадорликда гумонланиб¸ муқаддам 3 ой ҳибсда сақланган.

- Менинг ўғлим Паркент бозорида ишларди. Бир Жалил деган бола қўлидан нарса оларди. ТТЗ даги портлашда ëнидан ўтиб кетаëтиб ўлганми¸ қатнашиб ўлганми буниси менга қоронғи. Шу туфайли менинг ўғлимни олиб кетиб қолди. Уч ой давомида буни сувга пишган¸ противагаз кийдиришган¸ ток урдиришган экан. Уни менга кейин айтди. “Портлатганларни топиб берасан” деб қўлидан осишган.

Ўғлим “Мен уларни танимасам¸ қаердан биламан?” деган. Олдинги гал оқланган. Агар бу Одилнинг айби бўладиган бўлса¸ мен ўзим у болани сўйиб ташлардим. Агар мен давлатга хиëнат бўладиган бола етиштирган бўлсам¸ ўзимни ҳам кечирмайман. Менинг ўғлим тўппа-тўғри намоз ўқийди лекин. “Сенинг боланг йўқми? Демак¸ сенинг боланг сўйиб кетган. Сенинг боланг портлатган” дейди¸ деб йиғлайди Раъно Абдурасулова.

Раъно Абдурасулованинг фикрича, 3 ой ҳибс азобини тортган ўғли қўрққанидан қочиб юрган бўлиши мумкин.

Аммо суҳбат орасида Раъно Абдурасулова, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бошқармаси ходимлари Анвар қори Турсуновни пичоқлаган шахс топилгани ҳақидаги гапни айтишганини эсламоқда.

Бундан ташқари, Анвар қори Турсуновга суиқасдда гумонланиб, Тошкент шаҳридаги Паркент қурилиш бозорида савдо қилаётган ўндан ошиқ намозхон йигит устидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида ҳам маълумот бор.

Бу ҳақда ўз шахси сир тутилишини сўраган тошкентлик савдогар йигит Озодликка сўзлаб берди:

- Паркент бозорида савдо қилаётган йигитларни жуда кўпчилигини сўроққа чақиришибди. Улардан бири Қаҳрамон деган кўзойнакли йигит эди. Бу йигит Одилжон билан танишлигини ҳам билардим. Ҳозир шу йигит ҳам ҳибсда экан. Одилжон эса ғойиб бўлган, дейди Озодлик билан суҳбатда ўзини таништиришни истамаган тошкентлик савдогар йигит.

Афсуски бу маълумотларга ойдинлик киритишнинг имкони бўлмади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги расмийлари қорига суиқасд масаласи билан ҳозир фақат Бош прокуратура шуғулланаётганини айтишди. Бош прокуратурадан эса бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Раъно Абдурасулованинг мурожаати билан шуғулланаётган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов Анвар қори Турсунов иши билан боғлиқ маълумотлар ҳануз ўта сир тутилаётганини айтмоқда. Бу ташкилотда мавжуд баъзи тасдиқланмаган маълумотлар тошкентлик савдогар йигит берган маълумотга қисман мос келди.

- “Аброр Аброровга¸ Анвар қори Турсуновга¸ Ҳасан Асадовларга уюштирилган суиқасдларда айбланаëтган шахслар 15-16 нафар кишини ташкил этади. Уларга нисбатан конкрет жиноят ишлари очилган. Суриштирувлар бораяпти” деган тасдиқланмаган маълумотлар олдик¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларини яна бир бор ҳаққоний тергов ўтказиш ва вазият ҳақида матбуотга расман баёнот беришга чақирди.

Шу ўрнида, Анвар қори Турсуновнинг ўзи қаерда, шифохонадан чиқдими, деган саволлар ҳам очиқ қолмоқда.

Анвар қори Турсунов имомлик қилган “Хўжа Аҳрор Валий” масжидида телефон гўшагини кўтарган ходим: “Қори ака шифохонадан чиққан, аҳволи жуда яхши”, деган доимий жавобни берди.
XS
SM
MD
LG