Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:44

Фарғоналик велосипедчи бўш келмоқчи эмас


Ўзининг соппа-соғлом эканини исботлаш мақсадида Исмоил ака велосипедда саëҳат қилишга ўтди.
Ўзининг соппа-соғлом эканини исботлаш мақсадида Исмоил ака велосипедда саëҳат қилишга ўтди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида 32 йил ишлаган Исмоил Маллабоев ўзининг ишдан ноҳақ бўшатилганини даъво қилмоқда. Завод мутассаддилари эса¸ бу даъвони асоссиз деб ҳисоблайдилар.

Уч фарзанднинг отаси Исмоил Маллабоев Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида узоқ йиллар давомида оператор бўлиб ишлаб келган.

Унинг айтишича, заводда йил сайин ишчилар тиббий кўрикдан ўтказиб турилади. Исмоил ака заводдаги 32 йиллик фаолияти давомида тиббий кўриклардан яхши ўтган. Бироқ 2008 йил ўтказилган тиббий кўрик натижаси унинг учун кутилмаган бўлди:

- Тиббий кўрик доимо бўлади. Шифокорлар ишчиларни визуално қарашади, фақат кўз билан қараб қўяди-да, кейин соғлом деб ишчиларнинг шахсий карточкаларига ёзиб қўйишади. Ўтган йили мен ҳам тиббий кўрикдан ўтдим. Завод шифокори шахсий карточкамга "соғлом" деб муҳр қўйиши керак эди. Бироқ завод раҳбариятидан буйруқ бўлган шекилли - мени Қўқонга компютер томографиясига олиб боришди. У ерда менга инсон кўзи кўрмайдиган тўртта диагноз қўйишди. Ёдимда қолгани “атеросклероз”, “острахандроз ” деган ташхис қўйишиб, мени ишга яроқсиз, деб ишдан бўшатишди, дейди Исмоил Маллабоев.

Ишдан бўшатилганидан сўнг у шифокорлар хулосасидан норози бўлиб, Фарғона туманлараро фуқаролик судига ишга тиклашни сўраб ариза ёзган:

- Ўтган йили август ойида ариза ёзганман. Яқинда сентябр ойи тугайди, аризам ҳозиргача осиғлиқ турибди. На ерда эмас, на осмонда эмас, суд кўриб чиқмади, дейди суҳбатдошимиз.

Исмоил Маллабоев ўзининг ишдан бўшатилишига ишчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида завод раҳбарияти билан можарога боргани сабаб бўлган, деб ҳисоблайди.

- Заводимизда директор ҳар йили алмашади. Қинғир ишни қилишади, алмашаверади – алмашаверади. Ҳозирги директор мен арз қилган судяга “Маллабоев Исмоил акани ишга тикламанг” деб хат ёзган. Мени ишдан бўшатиш ташаббускори завод касаба уюшмаси раисининг ўзидир. Негаки, мен ундан доим “нима учун ишчиларни ёнини олмаяпсан?” деб талаб қиламан. Шунинг учун у ўзи бош бўлиб, ўз ўринбосари билан биргаликда мени Қўқондаги компютерга олиб борди, дейди суҳбатдошимиз.

Исмоил Маллабоев бир йил давомида ишга тиклана олмаганидан сўнг заводдаги ҳамкасблари ва завод раҳбариятига ўзининг соғлом эканини исботлаш мақсадида уйидаги учта қорамолини сотади, пулига велосипед харид қилади. 2009 йилнинг май ойи бошларида у велосипедда Қозоғистон орқали Москвага боради:

- Москвага кетаётганимда муаммоларга учрамадим. Аксинча, ҳамма менга хайрихоҳлик билан қаради. Йўлда кетаётган айрим ҳайдовчилар тўхтаб, олиб кетишни ҳам таклиф қилишди. Айрим тўхтаган ерларимда, “чанқагандирсиз” деб, турли ичимликлар беришди. Соғлигимда ҳам муаммо бўлмади. Фақат йўлда совқотиб, товушим озгина хирқираб қолганидан кейин Москвадан Тошкентгача поездда келдим. Тошкентдан Фарғонагача яна велосипедда келдим, дейди Исмоил Маллабоев.

У Фарғонадан Москвага 22 кунда бориб келган. Исмоил акадан: "йўлда адашиб қолмадингизми?” деб сўраганимизда, у 1970 йилда чоп этилган харитадан фойдаланганини айтди:

- Ёшлигимдан географияга жуда қизиқардим. 70-йили чоп этилган СССР асфалт йўллар атласини сотиб олганман. Шу атласдан фойдаланганим учун йўлда адашмадим. Кетавердим Қозоғистону Россия кенгликларини чангитиб, дейди Исмоил Маллабоев.

Биз унинг ишдан бўшатилиш сабаблари тўғрисида қўшимча маълумотлар олиш учун Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи директорининг ўринбосари Улуғбек Алимов билан боғланганимизда у бизга заводнинг кадрлар бўлими бошлиғи Даврон Аҳмедовга қўнғироқ қилишни маслаҳат берди. Қадрлар бўлими раҳбари таътилда бўлгани учун у билан суҳбатлаша олмадик.

Бироқ Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи кадрлар бўлимининг ўзини Феруза деб таништирган инспектори Исмоил Маллабоевнинг ишдан бўшатилиш сабабларини мана бундай изоҳлади:

- Бизда йилда бир марта ўтказилувчи тиббий кўрик бор, тиббий кўрикдан ўтишаётганида шифокорлар бирон нарсага шубҳа қилишса, ишчиларни томографик текширувдан ўтказиш тўғрисида хулоса чиқаришади. Бу текширувни фақат ўзимизнинг шифокорлар эмас, бошқа ердан келган шифокорлар хам ўтказишади. Томография хулосаси бўйича заводимизнинг шифокорлари у кишининг ишга яроқли эмаслиги тўғрисида хулоса чиқаришган, деди Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи кадрлар бўлими инпектори.

Унинг айтишича, “Исмоил Маллабоев завод раҳбарияти буйруғи билан ишдан бўшатилди” деган сўзлари ҳақиқатга мувофиқ келмайди:

- Исмоил аканинг кимни ва қандай қилиб ҳимоя қилганидан хабарим йўқ. Мен шахсий муносабатларни ёки бошқа нарсаларни суриштирмайман. Мен учун ҳужжатлар гапиради. Ҳужжатда шифокор ишлашга нолойиқ деган бўлса, ўша асосида иш кўрилади, мен бу одамни заводдаги хатарли жойларга ишга қўя олмайман, деди кадрлар бўлими инспектори Ферузахон.

Аммо Исмоил Маллабоев нима қилиб бўлса ҳам ишга қайта тикланмоқчи, негаки...

- 60 ёшга кирган бўлсам-да, қарамоғимда 3 нафар вояга етмаган фарзандим ва уларнинг онаси бор. Беш кишига менинг нафақам етмайди, дейди Исмоил Маллабоев.

У айни кунларда ишга тикланиш учун ўз аризасини судда кўрилишини кутмоқда ва бир пайтнинг ўзида ўзининг соғлом эканини исботлаш учун вақти-вақти билан Фарғонадан 75 километр узоқликдаги Ўш шаҳрига велосипедда келиб турибди.

XS
SM
MD
LG