Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:47

Ўшда ўзбек гази ёнмай қолди


“Ўшгаз” корхонаси мутасаддиларининг маълум қилишларича, Ўзбекистон 23 сентябрдан 24 сентябрга ўтар кечаси Қирғизистон жанубига газ етказиб беришни тўла тўхтатган.

Ўш шаҳар ҳокимининг ўринбосари Алимжан Байгазаковнинг айтишича, жанубга газ берилиши Ўзбекистон олдидаги қарз туфайли тўхтатилган.

- Бизга газ тўла ўчирилиши тўғрисида телеграмма келган. Бунинг асосий сабаби - биз табиий газ учун Ўзбекистонга республика бўйича 18 миллион доллар қарзмиз. Биз газни асосан Ўзбекистондан оламиз. Улар: “ўша қарзни тўлайсизлар, шундан сўнг газ берамиз”, демоқдалар. Бугунги кунда Қирғизистоннинг жанубий ҳудудлари бўлган Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятларга газ берилиши тўла тўхтатилган, деди Алимжан Байгазаков.

“Ўшгаз” раҳбари Маматқалиқ Аматов қирғизистонликлар газ ҳақини ўз вақтида тўламасликлари Ўзбекистон билан шундай муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлаётганини айтади. Унга кўра, Қирғизистоннинг жами қарзидан 2 миллион доллари фақат Ўш шаҳри аҳолисининг қарзи бўлиб ҳисобланади:

- “Қирғизгаз” Ўш шаҳри газини юз фоизга ўчирди. Бунинг биринчи сабаби халқимизнинг қарзи 72 миллион сўм (1 АҚШ доллари тақрибан 44 қирғиз сўмига тенг – таҳр.) бўлиб қолди. “Ўзтрансгаз” ўша қарзни тўланглар, сўнг газни қайта берамиз”, демоқда. 72 миллион сўм қарзни 56 минг абонентга бўлсак, ҳар бир абонент 1200 сўмга яқин қарз экан. Одамлар шу қарзларни тўласалар, Ўзбекистон томонидан муаммо бўлмас эди. Булар шу кунгача қўшни қатори жуда кўп ёрдам беришди. Газнинг пулини тўлаганимизда ҳам, тўламаганимизда ҳам газ бериб туришди. Бугунги кунда улар: “Дебиторлик қарзи тўланмагунича, газ бермаймиз” деб шарт қўймоқдалар, деди Маматқалиқ Аматов.

24 сентябр куни қишга тайёргарлик бўйича Бишкекда бўлиб ўтган йиғилишда бош вазир ўринбосари Ўмурбек Бабанов Қирғизистоннинг табиий газ учун Ўзбекистон олдидаги қарзи 19 миллион доллар эканини маълум қилди.

Унинг айтишича, 2009 йилда қўшни мамлакатдан 195,7 миллион куб метр, яъни 47 миллион долларлик газ олинган. Бундан эса фақат 28 миллион доллари тўланган.

Ўш шаҳар ҳокими муовини Алимжан Байгазаков, газ истеъмолчилари орасида газдан ўғирликча фойдаланиш ҳоллари кўпайгани Ўзбекистон олдидаги қарзнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайди:

- Бизга газ бошқармаси берган маълумотларга кўра, йил бошидан буён 25,9 миллион куб метр газ олибмиз. Унинг 12,4 миллион куб метридан фойдаланганмиз ва унинг пулини абонентлар тўлаган. Газ бошқармаси 13,5 миллион куб метр газни “йўқотиш” дейишмоқда. Бу дегани газ хўжалиги газнинг 51 фоиздан ортиғроғини “йўқотмоқда”. Газни ўғирлаб ёқиш ҳоллари кўпаймоқда. Бу бизнинг, газ бошқармасининг, халқимизнинг камчилигидир. Бундай ҳол аввалдан бўлиб келган. Ҳозирги кунда назорат кучайтирилганидан кейин ушбу ҳолат бўйича ҳам қатор чоралар кўрилиши лозим. Биз одамларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Газ бошқармаси, ҳокимият ва бошқа тегишли одамларни йиғиб, штаб тузамиз ва қўлимиздан келганича абонентларнинг қарзларини тўлалигича тўлаб берамиз, деди Алимжан Байгазаков.

“Ўшгаз” бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2008 йилда бошқарма табиий газ учун қарзини тўламаётган 111 абонент устидан судга ариза берган. Ундан 58 ариза газ хўжалиги фойдасига ҳал қилинган, қолганлари эса абонентлар йўқлиги учун кўриб чиқилмаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Қирғизистон ўзбек газининг ҳар минг куб метрини 240 АҚШ долларидан сотиб ола бошлади. Уч йил аввал бу нарх 45 долларни ташкил қиларди. Кейинги йилларда эса Ўзбекистон Қирғизистонга сотилажак газ учун аввал 100 доллар, кейин 145 доллар нарх белгилаган.

Айни пайтда қирғизистонликлар 1 куб метр газ учун 12 сўм 92 тийин хақ тўлайдилар.

Шу йилнинг август ойида қирғиз энергетиклари мамлакатга етказиб берилаётган ўзбек гази бўйича музокаралар олиб бориш учун Тошкент борган.

Қирғиз делегацияси мазкур музокаралар чоғида мамлакатга импорт қилинаётган ўзбек газини арзонлатишга эришишни умид қилаётганди.

Бироқ Ўзбекистон томони бу ҳақда фақат Қирғизистон газ қарзидан тўла қутулганидан сўнг музокара юритиш мумкинлигини билдирган.

Қирғизистон саноат ва энергетика вазири Илёс Давидовнинг журналистларга маълум қилишича, “Қирғизгаз” ОҲЖ раҳбари Саламат Айтикеев 25 сентябр куни қарзни тўлаш масаласини тартибга солиш ва 2010 йилда Қирғизистонга газ экспортини муҳокама қилиш мақсадида Тошкентга учиб кетган.
XS
SM
MD
LG