Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:53

Москва-Пекин музокаралари якунига етмоқда


Пекинда юрган Владимир Путин ўзаро иқтисодий масалаларини муҳокама қилиш учун Хитой бош вазири Вен Жиабао ҳамда республика раҳбари Ху Цзинтао билан музокаралар ўтказди.
Пекинда юрган Владимир Путин ўзаро иқтисодий масалаларини муҳокама қилиш учун Хитой бош вазири Вен Жиабао ҳамда республика раҳбари Ху Цзинтао билан музокаралар ўтказди.

Россия бош вазири Владимир Путиннинг Хитойга сафари чоғида Москва ва Пекин ўртасида энергетик заҳиралар бўйича келишувга эришилиши, хабарларга кўра, бироз даргумон бўлиб турибди.

Россия бош вазири Владимир Путин Хитойга сафар қилмоқда ва бу сафардан кўзланган асосий мақсад икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳам савдо ҳамкорлигини кенгайтиришдир.

Бироқ ҳозирга олинган қадар маълумотларга кўра, Путин ташрифининг асосий мақсади бўлган энергетик ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ҳали имзоланмаган. Бир неча миллиард долларлик бу келишувга мувофиқ Сибирдаги газ конларидан бирини ўзлаштиришдаги ҳамкорлик Хитой томонига таклиф қилинаётган эди.

Уч кунлик ташриф адоғига яқинлашаётган кезда ўзаро келишувлар устида ишлаётган ҳар икки томон расмийлари энергетик ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатнинг лойиҳасига оид ишларни якунига еткизаётганини айтмоқда.

Бунинг йил аввалида имзоланган 25 миллиард долларлик нефт заҳиралари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишувига ўхшаш бўлиши кутилмоқда.

Аммо газ бўйича навбатдаги келишувни айнан нима тўхтатиб тургани ҳозирча тўла маълум эмас.

“Associated Press” агентлиги хабарига кўра, нарх масаласи ҳужжатнинг имзоланиши чўзилиб кетганига сабаб бўлиб турибди. Ваҳоланки, томонлар айни келишув устида уч йилдан буён музокара юритаётган эди.

Бир тарафдан, Хитой томони Россиядаги табиий заҳираларни ўзлаштириш ва реализация қилишда ўзининг доимий улушига эга бўлиш ниятида. Бошқа тарафдан, Россия ўз бойликларига бегона қўлни аралаштиришни асло истамайди.

Аммо, газ ҳамкорлиги бўйича мавжуд қийинчиликларга қарамай, томонлар келишувга эришиш йўлида астойдил бўлмоқда. Чунки Москва ўз энергетик соҳаси учун қўшимча сармояга жуда муҳтож. Иқтисодий бўҳрон боис Европанинг газга талаби торайди ва бу нархга ҳам жиддий таъсир қилди.

Шунга қарамасдан, ҳозир Сибир шарқидаги қарийб 2 триллион куб метр ҳажмидаги заҳираси борлиги айтиладиган Ковикта конини ўзлаштириш лозим.

Географик жойлашуви туфайли бу конни ўзлаштиришда иштирок этиш эса Хитойга анча арзонга тушади. Бундан ташқари, ҳозир Хитойнинг энергетик заҳираларга бўлган эҳтиёжи кундан кун ортиб бормоқда. Сибирдан борадиган табиий газ бу шароитда Хитой иқтисоди учун айни муддаодир.

Шу боис Путиннинг ташрифи давомида 3 ярим миллиард долларлик келишув имзоланди. Бу ҳужжатлар орасида Хитой томони Россия банкларига 500 миллион доллардан қарз бериши тўғрисидаги иккита келишув ҳам бор.

Россия бош вазирининг Хитойга ташрифи эса дунёнинг икки қудратли давлати орасидаги савдо ҳамкорлиги жаҳондаги молиявий инқироз боис қаттиқ зарар кўрган бир пайтда тўғри келмоқда.

2008 йилда икки томон ўртасидаги савдо ҳамкорлиги ҳажми 38 фоизга ўсиб, 55 миллиард 900 миллионга етган эди. Аммо 2009 йилнинг дастлабки 8 ойида ўзаро ҳамкорлик ҳажми 36 фоизга тушиб кетди.

Россияга кириб келаётган Хитой экспорти эса 49 фоизга пастлаб, умумий ҳажми 10 миллиард долларга тушиб қолди.

Пекинда юрган Владимир Путин шу каби масалаларини муҳокама қилиш учун Хитой бош вазири Вен Жиабао ҳамда республика раҳбари Ху Цзинтао билан музокаралар ўтказди.

14 октябр куни эса Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар учрашувида иштирок этади. Хабарларга кўра, бу учрашув бош мавзуларидан бири Афғонистон бўлиши кутилмоқда. Боиси, бу давлатнинг минтақага яқинлиги ҳамда наркотрафик хавфи туфайли ташкилотга аъзо давлатлар Афғонистонда барқарорликни тиклаш жараёнида жиддийроқ иштирок этиш истагини билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG