Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:35

Тоҳирнинг собиқ сафдошлари қўлга олинди


Тоҳир Йўлдошнинг ўлганини таъкидлаган унинг собиқ сафдошлари тақдири ҳозирда Эрон полицияси қўлида қолмоқда.
Тоҳир Йўлдошнинг ўлганини таъкидлаган унинг собиқ сафдошлари тақдири ҳозирда Эрон полицияси қўлида қолмоқда.

Тоҳир Йўлдош етакчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракати сафида жанг қилиб¸ сўнгра Тоҳир дастидан қочиб Эронга ўтган ўзбекистонлик оила бугун ўзининг Тошкентга бериб юборилишидан чўчимоқда.

19 октябр куни Озодлик радиосига Эрондан исми сир қолишини сўраган бир аёл сим қоқди.

Бизга боғланган вақтда бу аёл эри ва вояга етмаган фарзанди билан Эрон полицияси қўлида экани ва суҳбатлашаётганимиз паллада Теҳронга олиб кетилаётганини айтиб, ёрдам сўради.

Аёлнинг сўзларига кўра, Эрон полицияси уларни мамлакат ҳудудига ноқонуний кириб келганлик ва ноқонуний яшаётганликда айблаган¸ ҳамда уларнинг Ўзбекистонга қайтарилишини айтган.

Аммо бу аёлнинг оиласи Ўзбекистонни диний эътиқоди боис тарк этганини айтиб, “Бизнинг Ўзбекистонга қайтарилишимиз асло мумкин эмас!” демоқда.

Озодлик билан суҳбатда бу аёл ўз кечмишини қисқача ҳикоя қилиб берди.

- 1998 йили Исломни қабул қилдим¸ яъни кучли тақво йўлига кириб¸ Ўзбекистондан чиқиб кетганман. Тожикистонга ўтганман¸ Ўзбекистон исломий ҳаракатида бўлганман. Афғонистон¸ Покистонда бўлганман. 2001 йили Америка ҳаракатларни бошлагандан кейин Покистонга қочиб ўтганмиз. Хўжайинимни ушлаб¸ Ўзбекистонга топшириб юбораман деганда¸ ўзимиз илтимос қилиб ўша ердаги баъзи уламолар аралашиб¸ хўжайинимни зиндондан чиқариб¸ Эронга ўтган эдик. Эрон КГБлари бизни ушлаб олиб кетди. Олиб кетиб “Ўзбекистонга топширамиз” деб қийнашди. Мен аввал сиз билан гаплашмоқчи эдим. Радиони анчадан бери мен яхши эшитаман. “Консулга олиб бориб берамиз. Шу ерда сизларни Ўзбекистонга топширади” деяпти.

Озодлик: Тушунишимча¸ сиз 1998 йилдан бери қаерда бўлсангиз ҳам турмуш ўртоғингиз билан юргансиз-а?

- Кейин хўжайиним Тоҳир билан чиқиша олмасдан Ўзбекистон исломий ҳаракатини тарк қилганмиз.

Озодлик: Қачон тарк қилгансизлар?

- 2001 йили хўжайиним Афғонистон жангларидан чиқиши билан Тоҳир билан чиқиша олмаган. Кейин ўзимизча Покистонда қочиб юриб у ëқ¸ бу ëқда яшаганмиз. БМТга мурожаат қилганимизда¸ “Сабр қилиб туринглар” деган эди. Эшитаяпсизми?

Озодлик: Эшитаяпман.

- Нодира¸ ҳозир саҳрога ўхшаган жойда кетаяпмиз. Агар антенна бўлмай қолса (алоқа узилиб қолса демоқчи - таҳр.)¸ кейин яна телефон қиларсиз. Ҳозирча таваккал гаплашаяпман.

Озодлик: Майли. Сизларни нимада айблашиб қўлга олишди?

- “Сизлар Эронга ноқонуний ўтгансизлар” деяпти. “Мен Эронга ноқонуний ўтганман тўғри. Тан оламан. Лекин ўзимизнинг жонимизни сақлашимиз учун ўтганмиз биз. Жонинг хатарда бўлган пайтда ҳар қанақа йўлни қиласан” деб айтдим. Ҳозир булар бизни Теҳронга олиб кетишаяпти. Машинанинг ичидаман мен. Машинада олиб кетаяпти.

Озодлик: Хўжайинингиз ҳам сиз билан биргами?

- Ҳа¸ хўжайиним ëнимда ўтирибди. Буларга ижозат йўқ¸ мен гаплашаяпман.

Озодлик: Фарзандларингиз қаерда?

- Фарзандим ëнимда. Мен билан бирга яна хоразмлик оила бор. Уларнинг тўртта фарзанди бор. Ўшалар ҳам биз билан бирга. Хоразмликларнинг Эронга келганига бир йил бўлган. Менинг яшаган жойимда уламолар бор¸ ўзим ҳам дарс берганман. Тўрт йилдан бери дарс бераман¸ 100 дан ошиқ шогирдларим бор. Улар ҳозир йиғлаб-йиғлаб қолди. Ҳозир “Телефон қилиб¸ ким билан гаплашсанг гаплаш” деб менга имкон беришди. Мен учта-тўртта жойга телефон қилдим. Сиз нима маслаҳат бера оласиз? Ўзбекистонга бериб юбормаслиги учун нима қилишим керак¸ дейди бу аëл.

19 октябр куни Озодлик радиосига Эрондан сим қоққан бу аёл оиласи билан Ўзбекистонни тарк этган, Тожикистонга борган. Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо бўлган ва кейинчалик бу ҳаракатни тарк этган.

Сўнгра эса бу оила маълум муддат Покистон, сўнгра Эронда истиқомат қилган. Эндиликда Эрон полицияси бу оилани мамлакатга ноқонуний кириб келганлик ва мамлакат ҳудудида ноқонуний яшаганликда айбламоқда.

Биз бу оила тақдирини кузатишда давом этамиз ва яқин келажакда бу мавзуга яна қайтамиз.
XS
SM
MD
LG