Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:32

Ўзбекистон энерготизимда қолмайди


Ўзбекистон расмийлари минтақа энерготизими мамлакат энергетик хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигини айтмоқдалар.
Ўзбекистон расмийлари минтақа энерготизими мамлакат энергетик хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиш ниятидан қайтгани йўқ. Тошкент расмийларига кўра, Ўзбекистоннинг бу тизимда қолиши республика энергетикаси учун хавфлидир.

“Ўзбекэнерго” давлат ҳиссадорлик ширкати диспетчер маркази раҳбари Эссо Саъдуллаевнинг “Народное слово” газетасида чоп этилган мақоласида айтилишича, Ўзбекистон учун Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиш манфаатлидир.

“Бугунги кунда Марказий Осиё ягона энерготизими Ўзбекистон энерготармоқларининг барқарор ва хавфсиз фаолият кўрсатишига таҳдид солмоқда. Бу эса ягона энерготизмдан чиқиш ва алоҳида тармоқ сифатида фаолият кўрсатиш масаласини кун тартибига чиқармоқда. Ўзбекистон томонидан энергетик хавфсизлик борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ўз энерготармоғимизнинг барқарор ишлашини таъминлайди. Бугунги кунда юзага келган вазиятда “Ўзбекэнерго” Марказий Осиё ягона энерготармоғида қолиш имконияти йўқ, деб ҳисоблайди”, дейилади “Народное слово” газетасида чоп этилган мақолада.

Соҳа мутахассисларининг айтишларича, Марказий Осиё ягона энерготизими бугунги кунда эскириб қолган ва минтақа давлатлари ўртасидаги турли зиддиятларни келтириб чиқариш ўчоғига айланмоқда.

Масалан, Тожкистон томони бу энерготармоқдан қўшни давлатлар учун мўлжалланган электр қувватини олиб қўймоқда. Остона расмийлари Тожикистон бундай амалиётни тўхтатмаса, ноябр ойидан бошлаб Қозоғистон ҳам энерготармоқдан чиқишини билдирган.

Маълумотларга кўра, айнипайтда Ўзбекистон ўз энерготармоғини автоном фаолият учун мослаштирмоқда. Бу мослаштириш қанча муддат давом этиши ҳозирча аниқ эмас.

Ўзбекистон ягона энерготармоқдан чиқадиган бўлса, Қирғизистон ва Қозоғистон электр энергияси транзити учун Ўзбекистонга йил сайин 50-70 миллион доллар миқдорида ҳақ тўлаши керак бўлади. Чунки Қирғизистоннинг жанубидаги ГЭСларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси Қирғизистоннинг шимолий ва Қозоғистоннинг жанубий вилоятларига Ўзбекистон орқали транзит қилинади.

Қирғизистон ва Қозоғистон бу ҳолатда Ўзбекистондан бўлган энергетик қарамликдан қутилиш учун узунлиги тахминан 600 километрлик Кемин-Датқа электртармоғини қуриши керак бўлади. Қирғизистон ҳукумати бу борада кўмак сўраб, Хитой тарафига мурожаат қилган.

Эслатиш ўринлики, бир давлатнинг ягона энерготизимдан чиқиш тажрибаси 2008 йилда муваффақиятсиз якунланган эди. Ўшанда Қозоғистон энерготизимдан вақтинча чиқишини эълон қилган¸ натижада Қирғизистон шимолида энергия тақчиллиги вужудга келган эди. Бу ҳолатда Қирғизистон ўз аҳолисини энергия билан таъминлаш мақсадида Қозоғистонга сув чиқармай қўйган ва натижада Қозоғистон жанубида қурғоқчилик юзага келган эди. Пировардида Қозоғистон 2008 йилнинг 11 мартидан яна ягона энерготизимга қайтишга мажбур бўлган эди.
XS
SM
MD
LG