Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:36

Индамаслар кесилади


Бу сурат эндиликда Амир Темур хиëбонининг ортга қайтмас ўтмишига айланди.
Бу сурат эндиликда Амир Темур хиëбонининг ортга қайтмас ўтмишига айланди.

Тошкентнинг "энг кекса фуқаролари" – Амир Темур xиёбонидаги ёши 100дан ортган дарахтлар кесиб ташланди.Бир асрдан зиёд вақт давомида қадимий шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб келган, шаҳар маркази иқлимини мўътадиллаштириб турган xиёбон икки кундаёқ қуп-қуруқ даштга айлантирилди.

Тошкентдаги хонадонлардан бирига телефон қилиб, ўзини Миртемир ака, деб таништирган оқсоқол билан боғландик.

Тасодифни қаранг-ки, Миртемир ака эндигина Амир Темур хиёбонидан келиб турган экан.

- Ўша ердан келганимга икки соатча бўлди. Қолган бўлса беш-олтита дарахт қолган. Ҳамма катталарини кесиб ташлашибди. Бундай ачинарли ҳол¸ билмадим нимага бунақа қилишаяпти. Мен тушунмадим лекин¸ дейди Миртемир ака.

Тушунолмаган – биргина Миртемир ака бўлмаса керак.

Тушуниш учун Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига телефон қилдик. Вазирлик мақомидаги бу идоранинг ўзини таништирмаган ходимига бердик саволимизни.

Озодлик: Менинг исмим Сарвар Усмон. Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Амир Темур хиëбонидаги даразтларнинг кесилиши бўйича телефон қилаëтган эдим.

- Бу масала бўйича шаҳара комитетига қиласиз. Бу нарса билан республиканский шуғулланмайди. Шаҳарга тегишлисини шаҳар ҳал қилади.

Озодлик: Бунга сизларнинг алоқаларингиз йўқми?

- Бу иш билан бизлар шуғулланмаймиз. Шаҳарнинг ваколатига киради¸ деди Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ўзини таништирмаган ходими.

Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг Экологик экспертиза бўлимига телефон қилдик.

Озодлик: Амир Темур хиëбонида кечадан бери дарахтлар кесилаяпти. Шу муносабат билан телефон қилаëтган эдим. Сизлардан экспертизадан ўтказилганми¸ рухсати борми ëки бу ўзбошимчалик бўлаяптими?

- Йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Рухсати бор.

Озодлик: Рухсат берганмисизлар сизлар?

- Ҳа¸ берилган. У ерда аҳамият берган бўлсангиз¸ кўпгина ташкилотлар ишлаяпти. Рухсат бўлмаган жойда бунақа ишлар олиб борилмас эдию.

Озодлик: Сизлар нимасига қараб кесиш мумкин ëки мумкин эмас деб рухсат берасизлар?

- Лойиҳанинг алмашиш нималарига қарабда. У ерда реконструкция ишлари олиб борилаяпти. Ободонлаштириш.

Озодлик: Хиëбоннинг ўрнига бино қуриладими?

- Йўқ. У ерда йўлни кенгайтириш кетаяпти кўрган бўлсангиз.

Озодлик: Йўлни беш метрга¸ 10 метрга кенгайтириш мумкиндир. Ичкаридаги дарахтлар ҳам кесилаяптию.

- Энди билмадим.

Озодлик: Бу дарахтлар яна 500 йил яшаши мумкин эдику.

- Бўлиши мумкин¸ дейди Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг Экологик экспертиза бўлими ходими.

Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси билан боғландик.

Озодлик: Исмим Сарвар Усмон. Амир Темур хиëбонида бўлаëтган ишлар тўғрисида эшиттириш қилаëтган эдик. Шу масала бўйича ким билан гаплашсам бўлади?

- Билмадим. Бу масала бўйича Хуршидга телефон қилинг ҳокимиятга. Рухсат берса¸ кейин бизларникилар интервью беради. Хуршид.

Озодлик: Фамилияси борми?

- Фамилияси менда йўқ. Ахборот таҳлил гуруҳи. Ўша ерга телефон қилинг.

Озодлик: У рухсат бермаса¸ сизлар гапирмайсизларми?

- Йўқ¸ ҳокимият рухсат берса¸ кейин гапиради бизларникилар.

Озодлик: Яхши иш тўғрисида ҳам гапирмайсизларми?

- Яхшилик бўлса ҳам ўшалар рухсат берса¸ бизларникилар интервью беради. Сиз Хуршид билан гаплашинг¸ деди Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасида телефон гўшагини кўтарган ходима.

Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги Хуршид исмли амалдорнинг ҳам телефонини топдик. Бироқ Хуршид ака хиёбонда дарахт кестираётганмиди, билмадик, ҳар ҳолда телефонни кўтармади.

Овозларини эшитганингиз мавзуни ўрганиш жараёнида боғланганимиз ўнлаб давлат идораларидан баъзиларининг вакиллари эди холос.

Биронта ҳам амалдордан “шу иш бекор бўлди-да”, деган гап эшитмадик. Уларнинг жавоблари йўғрилган оҳанг фавқулодда совуқ бўлди. Фавқулодда лоқайдлик сездик.

Балки нодавлат ташкилотлари хиёбондаги дарахтлар учун жон куйдираётгандир?

Мана республикадаги донғи кетган экологик ташкилотлардан бири вакилининг жавоби.

- Уларга рухсат беришгандирда. Рухсатсиз унақа жойларни кесишмайдику¸ дейди экологик ташкилотлардан бирининг вакили.

Суҳбатдошимизга “Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган хиёбондаги дарахтларни берухсат кесишга жазм қиладиган амалдорнинг жони нечта экан, албатта, рухсат, нафақат рухсат, балки фармойиш бор энг юқоридан, шунинг учун кесишди. Биз сиздан ана ўша фармойишнинг шаҳардаги экологик вазиятга таъсири тўғрисида сўрамоқчийдик”, деб ўтирмадик.

Амир Темур хиёбони нафақат экологик, балки тарихий ҳодиса ҳамдирки, у шаҳарнинг муҳофаза қилинадиган ёдгорликлар рўйхатида бўлиши мумкин, чунки ҳар бир дарахтнинг тагига ўрнатилган тахтачалар бўларди, дедикда Республика маданий мерос муҳофазаси инспекцияси билан боғландик.

- Дарахтларга бизнинг алоқамиз йўқ. Биз фақат маданий мерос объектларини сақлаймиз¸ деди Республика маданий мерос муҳофазаси инспекцияси ходими.

Хуллас, бу инспекциянинг ҳам хиёбондаги дарахтларга алоқаси йўқ бўлиб чиқди.

Хуллас, тилсиз дарахтлар етим бўлиб чиқди. Уларнинг ҳеч кимга кераги йўқ.

Ҳеч кимнинг ҳеч нима билан иши йўқ. Дарахтларнинг тилини одамлар тушунади, деб ҳам фараз қилайлик. Лекин ҳеч кимнинг ҳеч нима билан иши йўқ шароитда улар ўзларини сақлаб қола олармиди.

Дарахтларнинг тили бўлганида эди, улар Бош меъморга мана бундай деган бўлишарди:

“Бизни кесиб, ўрнимизни майсазор қиларсиз, фавворалар қурарсиз, лекин Тошкентнинг жазирма иссиғида фавворалар ҳаводаги намликни кучайтириб, нафас олишни қийинлаштиради, холос, фавворалар, барибир биз ҳосил қиладиган микроиқлимни яратиб беролмайди”.

Кесилиб кетган чинорларнинг бу гапини эшитадиган-тушунадиган одам бўлмади.

Чинор – юзлаб эмас, минглаб йиллар яшайдиган дарахт.

Масалан, Туркиядаги Буюкдара водийсида 2300 йиллик чинор бор. Унинг бўйи 50 метр, танасининг айланаси 42 метр, диаметри 13,4 метр.

Амир Темур хиёбонидаги чинорлар ёши эндигина 100дан ошувди.

Буюкдарадаги чинор ёшига қиёсласак, улар ҳали гўдак ёшидайди экан. Гўдакларни ўлдиришга қандай қўллари борди экан?

Қандай буюк мақсадлар учун қилишди бу ишни?

Фақатгина янги саройнинг олдидан Амир Темур оқсоқолнинг ҳайкали кўриниб турсин учунми?!
XS
SM
MD
LG