Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:35

"Қўш жиноят" мелисага қўл келмоқда


Анвар қорининг амакисига кўра¸ қорига ҳам ўзига нисбатан суиқасд қилганликда гумонланаëтганлар ҳақда тўлиқ маълумот берилмаëтир.
Анвар қорининг амакисига кўра¸ қорига ҳам ўзига нисбатан суиқасд қилганликда гумонланаëтганлар ҳақда тўлиқ маълумот берилмаëтир.

Тошкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсуновга суиқасд уюштириш ва Ички ишлар вазирлиги мутасаддиси Ҳасан Асадов ўлимида гумонланиб ҳибсга олинган ўнлаб одамдан фақат бири қўйиб юборилди.

Тошкент вилоятининг Қибрай тумани, “Салор” қўрғонида истиқомат қилувчи 29 ёшли Аҳмаджон Эшонхўжаев уларга қўшни маҳаллада истиқомат қилган Ички ишлар вазирлиги расмийси, полковник Ҳасан Асадов ўлимига алоқадорликда гумон қилиниб, шу йил 11 август куни ўз уйидан олиб кетилган.

У билан бирга унинг 26 ёшли укаси Абдураҳмон Эшонхўжаев ҳам ҳибсга олинган. Аҳмаджонга кўра, 11 август куни оқшом соат 11 да келган ички ишлар органларининг 20 га яқин ходими унга ва унинг яқинларига нисбатан жуда қўпол муносабатда бўлган.

- Бошида кечқуруннинг ўзида уриб¸ тепиб ташлашди. Олиб кетаëтганда бу ерда оëқ кийимларим қолиб кетган. Бизларни автоматлар билан тираб¸ маскаларда олиб кетди. “Нимага олиб кетаяпсан?” деб дадам айтганларида¸ дадамни ҳам уриб ташлаган. Туҳмат бўлаяптида¸ ҳаммаси туҳмат. Маҳаллада Асадов деган одам бор эдида. Отиб кетилди деб гумон қилиб¸ туҳмат қилишаëтувди. Икки ой ушлаб туришди. Биринчи Қибрай РОВДсида 14 кун сақлади. Ундан кейин Тузел деган нимаси бор экан. Ўша ерда сақлашди. “У қилгансан¸ бу қилгансан” деб туҳматлар қилишди. Қилмаганман деб туравердим. Икки ойдан кейин чиқариб юборди¸ дейди Аҳмаджон.

Аҳмаджон икки ой ҳибсда сақланиб, қўйиб юборилди.

У ва унинг укаси аввалига Қибрай тумани ички ишлар бошқармасида сақланган ҳамда ҳибснинг илк кунларидаёқ қийноққа солинган. Абдураҳмонга нисбатан эса шу кунларда ҳам қийноқлар давом этмоқда, дейди суҳбатдошимиз.

- Укамга қийноқлар бўлаяпти. Оëқлари шишиб кетган биринчи куннинг ўзида. Бу ҳам Қибрай РОВД да бўлди. Подвалда ҳамма ëғига уриб ташлаган. МВД га олиб кетгандан кейин нима қилган¸ нима қўйганини билмайман. “У-бу нарсани биласан. У қиласан¸ бу қиласан” деб туҳматлар қилиб¸ бўйнингга илишмоқчи бўлади. Мана шу сабабдан уради. Қилмаган ишимни қилдим демайманку¸ уриб ўлдириб юборса ҳам. Бошида олиб кетганда қийноқ бўлди. Ундан кейин менга теккани йўқ¸ дейди Аҳмаджон.

Қибрайлик Аҳмаджон Эшонхўжаев шу кунларда укасининг қайси ҳисбхонада сақланаётганидан бехабар эканини айтмоқда.

Шунингдек, у ўзи ва укасига қўйишга уринилган айбловлар ҳақида ҳам тўлиқ тасаввурга эга эмас. Бу борада маълумот, Эшонхўжаевлар оиласининг ички ишлар идоралари ва прокуратурага қилган мурожаатлари жавобсиз қилмоқда.

Анвар қорининг пичоқланиши ва Ҳасан Асадовнинг ўлимида гумонланиб қўлга олинган яна бир тошкентлик 26 ёшли йигит — Миржамол Шариповнинг оиласи ҳам бир олам жавобсиз саволлар билан юрганини айтмоқда.

Миржамолнинг акаси Миржалол Шарипов:

- Машинаси бор эди. Олиб чиқиб кетаëтганда машинада авария бўлган. Машинанинг эгаси таниган экан¸ кўрган экан деб олиб чиқиб кетишган. “Айби бўлмаса¸ қўйиб юборамиз” дейишган. Шундан бери ҳали кўрганимиз ҳам йўқ. Кўрсатишмаяпти ҳам. Давлат томонидан қўйилган адвокат бор эди. Тергов бўлган куни “Тергов бўлди. Шунақа статя қўйган. Буларнинг мақсади контитуцияни ағдариш бўлган. Бориб тайëрланиб юрган. Шериклари ҳам бўлган. Қамоққа олиш тўғрисида санкция берилган. Шунгача нимяа бўлишини мен билмайман. Тергов кетаяпти¸ тергов жараëнлари мана шунақа” деди бўлди. Бошқа ҳеч қанақа нарса айтмади. Терговчи кимлигини ҳам билмаймиз даже¸ дейди Миржалол Шарипов.

Тошкент вилояти Қибрай туманида истиқомат қилувчи ва ҳозирда ҳибсда сақланаётган Миржамол Шариповнинг акаси Миржалол эди.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, шу кунга қадар икки шов-шувли жиноятда гумонланиб, Тошкент шаҳри ва вилоятидан ҳисга олинган, тахминан, 34 шахснинг деярли барчаси яқинларига кўрсатилмаяпти ва ташқаридан адвокат ёллашга ҳам имкон берилмаяпти.

Ташкилотнинг сўнгги хабарида Миржамол Шарипов ва Абдураҳмон, Аҳмад Эшохўжаевлар билан бирга яна 2 киши — 44 ёшли Тоҳир Ниёзов ва 26 ёшли Рустам Нурматовларнинг яқинларидан бўлган мурожаатлар асосида ҳибсда сақланаётганларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида маълумот тарқатди.

Ҳибсда сақланаётганларнинг ҳаммасига Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97- моддасига кўра, қасддан қотиллик содир этганлик айби қўйилмоқда.

Айни пайтда Тошкент имом хатиби Анвар қори Турсунов ва Ички ишлар вазирлиги расмийси Ҳасан Асадовларга нисбатан содир этилган суиқасдда гумонланиб, Сирдарё, Қашқадарё вилоятида ҳам ҳибсга олинган шахслар борлиги ҳақида маълумотлар бор.

Бироқ, бу маълумотларнинг ҳеч бири расман тасдиқланмаган. Хусусан, 18 ноябр куни бу борада қилган мурожаатимизга жавобан Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова яна бир бор тергов манфаатлари боис ҳозирча маълумот берилмаслигини такрорлади.

31 июл кунги суиқасддан омон қолган Анвар қори Турсуновнинг ўзи эса соғайиб, иш фаолиятига қайтган. Аммо унинг ўзи ва идорасидан бу жиноят ортидан бошланган қама-қамалар борасида муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Имом хатибнинг ўринбосари Эргашали Рустамов бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини айтиб, Ўзбекистоннинг адлия тизими адолатига ишонч билдирган эди.

Озодликка сим қоққан ва ўзини Анвар қори Турсуновнинг амакиси, деб таништирган Абдуқаҳҳор Мусаев эса имом хатиб ўринбосарининг сўзларини тасдиқлаб, ўша куни бўлган воқеа ҳақида Анвар қорининг ўзидан эшитган тафсилотларни сўзлаб берди.

Абдуқаҳҳор Мусаев: Ўзлари гапириб бердилар. Уч киши кечки пайт келган. Шапкани бостириб олган. Қоронғи эмасми. Ўғлидан сўрабди. Ўғли кириб чақирган. Шундоқ чиққан. Қучоқлаб кўришадию¸ тиқаверганда пичоқни. Қўлларини полоса¸ полоса қилиб кесиб ташлаган. Уч марта пичоқ урган. Кимлигини танимайди лекин. Кимлигини танимайман¸ дейди. Мен ҳақиқатни яхши кўраманда. Бу одам унақа одаммас. Менинг ўзимнинг шахсий фикрим¸ бу ерда биласизми ҳизбут ҳам йўқ¸ давлатнинг ўзининг нимаси бўласа керагов. Менинг ўзимнинг шахсий фикрим. Жойи керак бўлганми дейманда. Кимгадир ëпиштириш керакда.

Озодлик: Анвар ака унинг иши билан шунча одам қамалиб кетаëтганини билса керак.

- Билади конечно. Энди у ҳам давлатнинг одами ҳисобда. Бойлоқда¸ дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Ўзини Анвар қори Турсуновнинг амакиси, деб таништирган Абдуқаҳҳор Мусаевнинг сўзларига кўра, аслида Анвар қори Турсуновнинг яқинларига ҳам унга нисбатан содир этилган суиқасдга оид тергов-суриштирув тафсилотлари ошкор қилинмаяпти.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра¸ айнан Анвар қори ва Ҳасан Асадовга уюштирилган суиқасдга алоқадорликда гумонланиб вилоятларда ҳам ҳибсга олишлар давом этмоқда. Хусусан¸ Сирдарë вилоятида айни шу қотилликлар муносабати билан 30 дан ошиқ¸ Қашқадарëда эса¸ 30 га яқин одам ҳисбга олинган.
XS
SM
MD
LG