Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:25

Танишинг: Дунëдаги энг қудратли 500 мусулмон


Дунëдаги энг нуфузли 500 мусулмондан бири Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси Усмонхон Алимовдир.
Дунëдаги энг нуфузли 500 мусулмондан бири Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси Усмонхон Алимовдир.

Иорданиядаги Исломий стратегик тадқиқотлар қироллик маркази ҳамда АҚШ нинг Georgetown университети ана шундай рўйхат ҳозирлади. Мазкур рўйхатга собиқ муфтий шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси Усмонхон Алимовлар ҳам киритилган.

Иорданиядаги исломий стратегик тадқиқотлар қироллик маркази ҳамда АҚШ нинг Georgetown университети томонидан дунёда таъсир доираси кучли, деб тан олинган 500 мусулмон рўйхати илк бор тайёрланди.

Рўйхатни тайёрлаганлар бу ҳисобот бугунги мусулмон дунёсининг дунёга турлича йўллар билан кўрсатаётган таъсири ва шу билан бирга, мусулмон дунёсининг ўзидаги хилма-хилликни чуқур англашда қимматли восита бўлишига умид қилмоқда.

Дунёнинг энг таъсирли 500 мусулмони 15 та категория — илми, сиёсий нуфузи, лавозими, авлоди, даъвати; илм-фан, маданият ва санъат, тараққиётга қўшган ҳиссаси, оммавий ахборот воситаларидаги обрўси, халқаро исломий тармоқлардаги таъсирига кўра танланган.

Шунингдек, бу 500 мусулмон ичида ўз таъсир доираси кучли бўлган аёллар ва ёшлар ҳамда “радикал мусулмонлар”, дея танилган таниқли шахсларнинг исмлари ҳам бор.

Рўйхат муаллифларига кўра, дунёда таъсир доираси энг кучли бўлган мусулмон Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ бин Абдул Азиз ал-Сауддир.

Саудиянинг 85 ёшга кирган қироли юритаётган сиёсати, давлат бошқаруви ва насл-насаби каби категориялар остида дунёдаги энг нуфузли мусулмон, деб топилган.

Саудия Арабистони геополитик жиҳатдан араб давлатлари орасида, энергетик заҳиралар жиҳатидан эса дунёда катта таъсирга эгадир. Айни пайтда бу давлат Макка ва Мадина шаҳарлари боис мусулмон дунёси учун муқаддас маскандир.

Шу боис, қирол Абдуллоҳнинг бевосита ҳукмронлиги доирасига кирувчилар, нафақат, 25 миллиондан ортиқ саудияликлар, ҳар йили Ҳаж ва умра зиёратига борадиган 5 ярим миллиондан ортиқ зиёратчилар ҳам, деб олинган.

Дунёда таъсири кучли, деб тан олинган иккинчи мусулмон Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Саййид Али Ҳаменейидир.

70 ёшли Оятуллоҳ сиёсат ва давлат бошқарувидаги нуфузи боис 72 миллион эронликка таъсир кўрсата олувчи шахс, деб топилган. Айни пайтда бу шахснинг шиа мусулмонлари оламида ҳам нуфузи баланд.

Учинчи нуфузли мусулмон эса Марокашнинг 46 ёшли қироли Муҳаммад олтинчидир. У, асосан, ички сиёсий ислоҳотлари, Марокашни замонавийлаштириш ва террорга қарши курашдаги саъй-ҳаракатлари учун бу рўйхатга киритилган.

Дунёда таъсир доираси кучли, деб олинган бешинчи мусулмон эса Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғондир. 55 ёшли Эрдўғон, асосан, сиёсий нуфузи, Туркиядаги ислоҳотлари ва минтақа давлатлари билан қўшничилик алоқаларидаги ташаббуси боис бу рўйхатга киритилган. Унинг таъсир доирасига 71 ярим миллион туркияликдан ташқари туркий тилли давлатлар ҳудуди ҳам киритилган.

Шунингдек, дунёда таъсир кучи баланд бўлган мусулмонлар рўйхати орасида ҳали айтганимиздек, аёллар ҳам бор. Асосан, илми, жамоатчилик ишларидаги муваффақияти ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги хизмати учун олинган мусулмон аёллар орасида энг етакчиси жазоирлик Шарифа Ҳеддордир.

Иккинчиси эса Миср парламентига ўз номзодини қўйлган илк муслима аёл Жиҳан ал-Ҳалафавийдир. Бундан ташқари, марокашлик ёзувчи ва социолог Фотима Мернисий, эронлик ҳуқуқшунос ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ширин Ибодий, таълим соҳасидаги хайриялари билан танилган Иордания қиролича Рания, Хитой уйғурлари фаоли Робия Қодир каби аёллар номи ушбу рўйхатдан жой олган.

Бу рўйхатнинг радикал мусулмонлар, деб берилган қисмида эса “Ал-Қоида” етакчилари Айман аз-Завоҳирий, Абу Омар ал-Бағдодий, Усама бин Лодин, мулла Муҳаммад Умар, Маъсуд Байтуллоҳ каби террорчи, дея танилган шахслар номи бор.

Дарвоқе, Усама бин Лодиннинг иниси Бакр бин Лодин таъсири жиҳатдан дунёдаги 136 мусулмон, деб келтирилган. У “Binladin Group” халқаро қурилиш компаниясининг етакчиси сифатида Саудия Арабистони ва дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида катта нуфузга эга. Биринчи рақамли террорчи бўлган Усама бин Лодин эса таъсир кучи жиҳатдан инисидан бироз қуйида — 161 ўринда келтирилган.

Хуллас, 500 етакчи мусулмон номи киритилган бу рўйхат салкам 200 бетлик китоб шаклида илк бор чоп этилди ва унда, ҳақиқатда ҳам Ислом олами етакчилари ҳамда уларнинг дунёга таъсири омиллари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган.

Ҳали бошловчимиз айтиб ўтганидек, бу рўйхатда ўзбекистонлик икки мусулмон - Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, ҳозирги муфтий Усмонхон Алимов ҳамда собиқ муфтий, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф киритилган.

Усмонхон Алимов 115 ўринда, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эса 96 ўринда келтирилган. Аҳолиси 28 миллионга етган Ўзбекистондан танланган бу икки уламо аҳолиси кўп бўлган мусулмон давлатидаги нуфузли дин мутасаддиси ва дин пешвоси сифатида бу рўйхатдан жой олган.
XS
SM
MD
LG