Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:45

Қирғизистонда қамоқдан қочиш ҳолатлари кўпаймоқда


Қирғизистонда сўнгги йилларда қамоқдан қочиш ҳоллари кўп кузатилмоқда. Маълумотларга кўра, 2009 йилнинг икки ойи ичида биргина Ўш шаҳридаги ҳибсхона ва қамоқхоналардан 6 нафар маҳбус қочишга муваффақ бўлган.

2009 йилнинг 27 ноябрига ўтар кечаси Ўшдаги 5-қамоқхонадан 3 маҳбус қочиб кетган. Маълум бўлишича, уларнинг барчаси одам ўлдиришдек оғир жиноят содир этгани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлиб, ушбу жойда жазо муддатини ўтаётган эдилар.
Маҳбусларнинг қочгани тўғрисида Ўш вилоят ички ишлар бошқармасига воқеадан бир соат ўтгач хабар берилган. Шундан сўнг қамоқдан қочганларни ушлаш учун 8 та тезкор-қидирув гуруҳи жалб этилган. Олиб борилган қидирув натижасида уччала қочоқ маҳбуснинг Қорасув туманига қарашли қишлоқлардан бирида экани аниқланган.

- Қўлга олиш гуруҳи борганида қочоқ маҳбуслардан бири Нурмуҳаммад Муллажонов уйидан кетаётган бўлган. У бизни кўриши билан қочишга уринди. Ходимларимиздан бири огоҳлантирувчи ўқ отиб, уни қўлга олди, бошқа ходимларимиз қолган икки қочоқ маҳбусни ушлашди, деди Қорасув туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи Суюн Умурзақов.

Маълумотларга кўра, Қирғизистон бош прокуратураси мазкур ҳодиса юзасидан қамоқхонанинг бир неча ходимига нисбатан жиноий иш қўзғаган. Улар “совуққонлик” ва “лавозимини суистеъмол қилганлик”да айбланмоқда.

- Бугунги кунда тергов бошланган. Қочиш ҳодисаси бўйича, шунингдек, қочишга йўл қўйгани учун Ўш шаҳар тергов ҳибсхонасининг 4 ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилган, деди Қирғизистон Адлия вазирлиги Жазони ўташ бош бошқармаси матбуот котиби Сергей Сидоров.

Қирғизистон қамоқхоналаридан қочиш бўйича статистик маълумотлар фақат газеталарда чоп этилувчи жиноий хроникалардан маълум, холос. Расмийлар бу бўйича расмий статистик маълумотларни ошкор қилмасликка ҳаракат қиладилар.

Айни пайтда, норасмий маълумотларга кўра, Қирғизистон қамоқхоналаридан 2007 йилнинг бир неча ойи ичида 25 одам қочган.

2009 йилнинг сўнгги икки ойи ичида биргина Ўш шаҳридаги қамоқхоналардан олти одам қочишга муваффақ бўлган.

Улардан уч нафари юқорида айтилган шахслар бўлса, яна уч нафари шу йилнинг 17 сентябр куни Ўш шаҳар миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасидан қочишга муваффақ бўлган шахслардир.

Олинган расмий маълумотларга кўра, сентябрда қочганлардан бири ҳам қўлга олинган, бироқ унинг исм-шарифи ошкор қилинмаяпти.

Маълум бўлишича, ҳибсхонадан қочганларнинг икки нафари экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумон қилинаётган қирғизистонлик, учинчиси эса Тошкент фойдасига жосуслик қилганликда гумонланаётган ўзбекистонликдир. Қочоқ маҳбуслардан икки нафари бугунги кунда ҳам қидирилмоқда. Маълумотларга кўра, маҳбусларни қўлга олишга Қирғизистон Чегара хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги жазони ўташ бош бошқармаси ходимлари жалб этилган.

Айни пайтда Қирғизистон махсус хизматлари қочган шахсларни ушлашда ёрдам сўраб ўзларининг ўзбекистонлик ҳамкасбларига мурожаат қилгани айтилмоқда.

Мазкур ҳодиса юзасидан ҳам Миллий хавфсизлик хизматининг икки ходими сўроқ қилинган.

Айтиб ўтиш жоизки, қамоқхоналардан махбусларнинг қочишига йўл қўйган муассаса ходимларининг ҳибсга олингани ва улар устидан жиноий иш қўзғатилгани ошкор қилинса-да, уларга қандай жазо берилгани ҳақидаги маълумотлар кўпинча очиқланмай қолиб кетади.

Маҳбусларнинг қочишига оид баъзи ҳолларда жамоатчилик таъсириданми - расмийлар ўз ходимларини аёвсиз сўкиш билан кифояланадилар.

- Булар сотқинлар, улар ўзи билан ишлаётган одамларни сотишади, деган эди Қирғизистон Адлия вазирлиги Жазони ўташ бош бошқармаси матбуот котиби Сергей Сидоров журналистларга берган интервюсида Ўшдаги 5-қамоқхонадан қочган шахслар ҳақида гапираётиб.

Мутахассисларнинг айтишларича, сўнгги йилларда Қирғизистонда ҳибсхона ва қамоқхоналарни қўриқлаш усуллари мукаммаллаштирилган, айни пайтда маҳбусларнинг қамоқдан қочиш бўйича тажрибалари ҳам ошиб бормоқда.

Қамоқхонадан қочмоқчи бўлган маҳбуслар ўз режасини амалга ошириш учун ерости йўлларини қазишдан бошлаб одамларни гаровга олишгача бўлган турли-туман усулларни қўллайди.

Масалан, ўтган йилнинг декабр ойида Бишкекдаги 16-колония ходимлари колонияда 17 метр узунликда ерости йўли топишган. Маълум бўлишича, колониянинг икки маҳбуси шу йўл орқали қочишни режалаштиришган.

Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, қамоқхонадан қочган ва қочишга уринган маҳбусларга аввал белгиланган жазодан ташқари 1 йилдан 3 йилгача қамоқ жазоси қўшиб берилади.
XS
SM
MD
LG