Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:24

Эркин микрофон- "Яхшилик ва ёмонликни тенг айтинг"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Тингловчи ва муштарийлардан 8 декабр куни Озодликка келган SMS-хабар ва қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳаза ва истаклар яна “Эркин микрофон” рукнида жамланди. Бизга сим қоққан тингловчиларимиз эшиттиришларимиз, Конституция куни ва мажбуран бепушт қилинган аёл ҳақида гапирдилар.

Илк қаҳрамонимиз шундай кунда яна бир бор Ўзбекистон тараққиётига хизмат қиладиган масалалар хусусида гапиришни таклиф қилар экан, гапни Озодлик радиосига таклифлардан бошлади.

- Шу бир-иккита нарсаларни тавсиями¸ маслаҳатми¸ қайси маънода тушунсаларингиз айтиб қўймоқчи эдим.

Озодлик: Жуда яхши. Марҳамат.

- Биринчидан¸ билмоқчи эдик-да: Озодлик радиосининг асл мақсади ва вазифалари нимадан иборат ва уни ким молиялаштиради? Кейин Озодлик радиосида Ўзбекистондаги бор ҳақиқат айтилади. Буни биз инкор қила олмаймиз. Биз ҳам бунинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Эркин овозларнинг бўғилиши¸ Конституциядаги кўп кўрсатилган қонун-қоидаларга амал қилмаслик масалалари ва бошқа-бошқа. Камчилик жуда ҳам кўп. Шу Ўзбекистондаги бўлаëтган яхши ишларни озроқ қўшиб ëритиш керакми, сизларнинг эшиттиришларингизда. Шунда муштарийларнинг сони кўпроқ бўлиб, кўпроқ ишонч ҳосил қиладими, дейман.

Озодлик: Жуда ҳам яхши. Ўзи мақсад ҳам шу. Сиз ўзингиз Ўзбекистонда яшаяпсиз. Қанақа янгиликлар бор¸ қанақа яхши томонларга ўзгаришлар бор¸ қайсилари сизга ëқаяпти?

- Бизга маъқул бўлгани, жойларда мактабларга катта эътибор берилди. Коллежлар қурилди. Қурилиш соҳасидагиларни айтиш мумкин. Қурилган мактабларда ўқитишга шароит яратилдию¸ лекин ўқитиш савияси ўта паст. Бир томонда яхшилик учун хизмат қилинаяпти¸ бу ëқдан болаларни ўқитиш учун жонкуярлик йўқ. Давлатимизнинг қилган харажатлари худди куйиб кетгандай бўлаяпти.

Ижтимоий масалалар бўйича, қаранг, давлат бераяпти-а? “Ол шуни бечорага бер. Кам таъминланганга бер”, дейилади. Лекин жойларда ўша бузилади яна. “Бир-икки ойлик нафақангни менга берасан ëки бунча пулни менга берасан”, деб ижтимоий адолат принципи бузилаяпти. Пастда ижро йўқ¸ ижронинг назорати йўқ. Шуни параллел ëритиш керакми, дейман. Муросага келиш керак. Зўравон билан¸ бошқа билан муросага боришга мажбурмиз.

Мана, ҳозир АҚШ ҳам¸ Европа давлатлари ҳам Ўзбекистон билан муроса йўлини тутаяптику. Худди ўша сиëсатни сизларнинг радиога киритиш керак, дейман-да мен. Шунда тарангликлар оз-моз юмшайдими, деган фикрлар бор. Эркин микрофонни берганингиз ҳам жуда яхши бўлди¸ дейди илк суҳбатдошимиз.

Конституция кунидаги ўйлар...

Яна бир тингловчимиз эса 8 декабр- Конституция куни муносабати билан ўзи яшайдиган 4000 кишилик маҳалла ва Ўзбекистонда бош қонун ижросига тўсиқ бўлаётган муаммоларни тилга олди.

- Ўзбекистон Республикаси президентининг кадрлар масаласи бўйича давлат маслаҳатчиси Шамшиевга¸ Тошкент шаҳар ҳокими Тўхтаевга¸ Тошкент шаҳри¸ Ҳамза тумани¸ Бирлашган маҳалла фаоллари номидан вакил сифатида А.М.Мусаев. Шикоят ариза. Канцелярияда қабул қилинган. Маҳалла номидан ëзилаяпти-да. 4000 аҳоли бор. Бизнинг маҳалла гузарига берилган ер тўғрисида арз қилинган. 13 йил мобайнида кураш олиб борилаяпти. Барибир бўлмади.

Озодлик: Конституция кунида шу мурожаатингизни эслашдан мақсад нима? Нимага шу куни тингловчиларга шу ҳақда яна гапирмоқчисиз?

- Конституцияда ëзилган қонунлар мутлақо бажарилмайди. Битта одатим бор: мана шу президент бўлганидан бери бирор нарсасини ўтказиб юбормайман. Мана, икки кундан бери эшитдим. Ҳамма вазифани битта одамга юклаш ҳам тўғри келмайди. Қачон яхши бўлиши мумкин? Бу менинг ўзимнинг шахсий фикрим. Қачонки¸ бизлар пастдан тозалашни бошласак¸ шунда яхши бўлади.

Кўп нарса ўзимизга боғлиқ. Минг афсуски¸ аҳоли ҳам ақлли эмас¸ қонунларимизни билмайди¸ ўзининг ҳаққини талаб қилишни билмайди. Мана, тез сайлов бўлади. Кечаги гапларни эшитган бўлсангиз¸ қаранг¸ “сайловчи кимни сайлаëтганини ўйласин” деб айтаяпти. Бир тарафдан 100 фоиз қўшилишаман. “Сайлаб олинглар. Сизлар билан ишлайди” деяпти. Тўғри гаплар. Ëки нотўғрими? Халқимизга кўп нарса боғлиқ-да. Биров уларни олиб чиқиб “қўл қўйгин” деб мажбурламайди. Тўғри қийин. Ҳамма бола-чақани боқиш нимаси билан юрибди. Агар ҳозир бошқа президентни қўйсам¸ бундан баттар бўлади. Менинг фикрим¸ президентдан бошқа бирор жонкуяр одам йўқ¸ дейди навбатдаги суҳбатдошимиз.

Аёл мажбуран бепушт қилинди

Навбатдаги суҳбатдошимиз эса шаҳрисабзлик Абдулла ака куни кеча қулоғига чалинган бир нохуш хабарни бизга етказиш истагида сим қоққанини айтди.

Бу у яшайдиган маҳалладаги бир оила ҳаётига оид хабар экан.

Абдулла ака: Учта ўғли бор экан. Тўртинчисини қиз туғибди. Шаҳрисабз касалхонасига олиб борибди. Докторларнинг ҳамма харажатига 250 минг сўм кетди деяпти. Бу ҳам ҳолва. СССР даврида ҳам¸ мустақилликнинг илк даврларида ҳам аëлларга ҳомилаликдан сақланиш учун позалоченний спирал қўйиларди. "Туғмаслик учун сўрамасдан операция қилдирди", дейди. Куйиб-пишиб менга гапириб берди.

Озодлик: Бу оиланинг ўзидан сўрамасдан туриб¸ туғиб бўлган аëлни касалхонада операция қилишганми?

Абдулла ака: Ҳа. фарзанд кўрмаслиги учун. Мен даҳшатга тушдим.

Озодлик: Бундан кейин бу аëл фарзанд кўра олмайди.

Абдулла ака: Ҳа.

Озодлик: Тўртинчи фарзандини туққандан кейин шунақа бўлган-а?

Абдулла ака: Ҳа. "Сўров йўқ¸ истов йўқ¸ мана шу аҳволга тушиб турибман", дейди. Ҳозир оғриқ бор дейди. Жуда ҳам қийналиб ëтибди бу инсон.

Озодлик: Аëлнинг соғлиги тўғри келмаганлиги учун операция қилишгандир. Аëл яхши тушунмагандир балки?

Абдулла ака: Йўқ. “Худога шукур¸ яхши туғди. Сўров йўқ¸ истов йўқ мана шу аҳвол” деяпти.

Озодлик: Бу оила “Нимага бунақа қилдинглар?” деб даъво қилибдими?

Абдулла ака:
Йўқ. Улар ўзига тўқ инсонларни нима қилмайди. Камбағалнинг додини ҳеч ким эшитмагани учун ҳам шундай қилади. Мен шундай хулосага келдим.

Озодлик: Агар биз боғлансак¸ бу оила биз билан суҳбатлашмайдими?

- Йўқ¸ улар бунақа нималардан жуда ҳам қўрқади. Озодликка телефон қилиш эмас¸ радиодан эшитишга қўрқади. СССР даврида “Ҳар уч одамдан биттаси КГБ” деган гап бор эди. Мана шундай. Менинг ўзимнинг фикрим бўйича¸ сўз эркинлиги¸ матбуот эркинлиги¸ намойиш эркинлиги деган гап бор. Мен қонунчи эмасман. 8 -синфни уч баҳолар билан зўрға тугатганман. Тараққий этмаган давлатнинг аҳолиси бизларга нисбатан ривиожланиб кетаяпти. Тараққиëт бўлган жойда¸ инсонларнинг ҳар томонлама ривожланиши бўлади¸ дейди Абдулла ака.

***************************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG