Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:08

Эркин микрофон - Чироқчи чироққа ёлчимади


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан Озодликка қўнғироқ қилган муштарий ўзи яшаётган туманнинг номини ўзгартиришни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, чироққа ёлчимаган туманга бундай ном мос эмас.

“Чироқчида яна чироқ йўқ”

Қашқадарёлик суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳатто Ўзбекистоннинг асосий байрамларидан бўлган Конституция куни ҳам Чироқчида чироқ бўлмади.

- Кеча байрам куни ҳам свет бўлмади. Умуман свет йўқ.

Озодлик: Қаердансиз?

- Қашқадарëдан. Умуман свет бўлмаяпти. Ойма-ой пулини тўласак ҳам светни ëқмаяпти.

Озодлик: Қашқадарëнинг қайси туманидансиз?

- Чироқчи туманидан. Чироқчи бўлгани билан чироқнинг мазаси бўлмаяпти.

Озодлик: Умуман йўқми ëки бирор соат бераяптими?

- Беш соатми қўшаяпти.

Озодлик: Болалар дарс тайëрлашга¸ ўқишга¸ телевизор кўришга қандай қилаяпти?

- Кундузи тайëрлаяпти¸ иложи йўқ-да бошқа.

Озодлик: Газ борми?

- Газ йўқ. қишлоқ жойда газ нима қилади? Баъзи жойларга ўтган¸ баъзи жойларга ўтмаган¸ дейди чироқчилик муштарий.

“Ташидан гўзал, ичидан эса...”

Бухоро вилоятининг Жондор туманидан қўнғироқ қилган Мурод ака Ўзбекистонда қурилаётган янги мактаблар ва коллежлар ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, бу мактаблар ва коллежлар ташқи кўринишдан жуда гўзал¸ лекин унда ўқиётган болаларнинг саводхонлиги талаб даражасидан анча паст.

Мурод ака: 8-9 синф ўқувчилари 3-4 синф дарсликларидан сўрасангиз билмайди.

Озодлик: Шунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Нима учун болаларнинг саводхонлиги паст?

- Сабаби бизнинг ҳукуматга ақлли¸ донишманд одамлар керак эмас халқ орасида. Уйғоқ фикрли одамлар кўпаяверса¸ ноҳақликни эзиб ташлайди-да. Бу ҳукуматимиз тепасида ўтирган раҳбарларга умуман ëқмайди. "Келажак ëшларнинг қўлида" деб, болаларни уч ой пахтага қўйди. "Келажак болалар қўлида" дейдиган ҳукумат болаларни пахтага қўйиб юборадими? Бундан фақат тупой одамлар чиқади¸ дейди Мурод ака.

“Уйда ўтириб бола тарбиялашга нима етсин”

Ўзбекистоннинг Марғилон шаҳридан Россияга бориб ишлаётган Меҳрибон Ўзбекистонни соғинаётгани¸ бироқ тирикчилик важидан совуқ ўлкаларда ишлаб юргани ҳақида гапирди.

Меҳрибон: Москвадан телефон қилаяпмиз. Ўзбекистонда иш йўқ. Шу ерларга келиб ишлаб юрибмиз.

Озодлик: Ўзбекистоннинг қаеридансизлар?

Меҳрибон: Марғилондан.

Озодлик: Марғилонликлар бу ерда кўпчиликми?

Меҳрибон: Ҳа¸ бу ерда марғилонликлар кўп. Ўзбекистонда иш йўқлиги учун шу ерларда юрибмиз-да биз бола-чақаларни ташлаб. Шунақа экан энди ҳаëт.

Озодлик: Нимага иш йўқ? Кўп тингловчиларимиз хорижга кетганларни “яхши ҳаëт излаб кетган, кўпроқ пул излаб кетган, шу ерда ҳам ишласа бўлади”, дейишади.

Меҳрибон: Йўғе¸ ўзбекларнинг кўпи шу ерларда ишлаб юришибди.

Озодлик: Нима иш қиласизлар?

Меҳрибон: Биз дачада ишлаймиз. Дачада қоровуллик¸ тозалаш ишларини қиламиз.

Озодлик: Топиш-тутишлар яхшими? Уйга жўнатиб турибсизларми?

Меҳрибон: Топиш-тутишлар яхшию¸ барибир ўзимизда бўлгани бошқача-да. Болаларни¸ уй-жойни¸ ота-онани соғинасиз, тўғрими?

Озодлик: Болаларингиз у ëқда нечта?

Меҳрибон: Иккита боламиз бор. Хўжайиним билан биз шу ердамиз.

Озодлик: Сиз Озодлик радиосини эшитасизми?

Меҳрибон: Ҳа¸ кечқурун уланамиз, холос. Кундузи уланмайди. Кеч соат 7 да уланади. Ўшани эшитамиз. Ўзбекистонда ҳозир газлар ҳам муаммо. Сайлов бўладиган бўлгани учун газларни ëқиб қўйган. Сайлов йўқ бўлса¸ газ йўқ бўларкан. Уйдагиларнинг айтишича шундай.

Озодлик: Ўзбекистоннинг қандай бўлишини орзу қилардингиз?

- Хўжайинингиз бирор жойда ишласа¸ пул топиб келса¸ уйда ўтирсангиз¸ шунга етмайди-да. Ҳозир "бозорга чиқаман" десангиз¸ у ëқ ëнди¸ бу ëқ ëнди - ҳамма ëқ хавфли. Бозорга чиқа олмайсиз ҳам¸ дейди Меҳрибон.

Тингловчилар баҳси давом этаяпти

Озодлик радиосида баъзи тингловчилармизнинг "Ўзбекистон жаннат" деган фикрига бошқа тингловчиларимиз муносабат билдиришда давом этмоқдалар. Бу ҳақда андижонлик Расулжон ака шундай деди:

- Қўқонлик бир биродаримиз “Ўзбекистон жаннат” деб гапирувди. Ўшанинг орқасидан бир илова бериб қўяй девдим. Ўзбекистоннинг олдин жаннат бўлгани тўғри. Буни ҳамма билади. Мардикор деган нарсанинг ўзи йўқ эди. Ҳозир қаранг, эркаклар қолиб, хотинлар мардикорга чиқаяпти. Ўзбекистон қанақасига жаннат бўлади? Қўқонда Чорсу бозорининг олдида бор¸ кейин нариëқдаги кираверишдаги оптом бозорининг олдида бор¸ Андижон вилоятининг Шаҳрихон деган жойида бор¸ Улуғнор дейдиган жойда бор¸ Наманганда бор. Ҳар битта районда ўзи шунақа нарса бор. Шу пайтгача бирор марта аëллар кўчага мардикорга чиқмаган. Ҳамма нарса етарли бўлган. Ҳозир кўраяпсиз-ку. Чидаб бўлмайдиган даражада нима бўлаяпти-да. Катта-катта аëллар¸ кичкина қизлар¸ 10-синфни битирмаган қизлар мардикорга чиқаяпти. Яқинда уй билан гаплашсак¸ ҳаттоки ғўзапоя тўплагани ҳам мардикор олиб келаяпти, дейди. Кўраяпсизми, мажбур. Аëллар шунга тушган-да. Бу акамиз ўзи шаҳарда яшаса¸ қишлоққа келиб¸ шаҳар билан қишлоқнинг фарқини кўрсин. У биродаримиз савдогар экан. Одамлар ундан нарса олади. Бирор нарсани ўз нархида сотармикан у биродаримиз? Кейин яна "пластик карточка" дейди. Ўқитувчилар¸ врачлар¸ завод ишчилари. Ўзингизнинг пулингизни ўзингиз пул бериб олсангиз¸ қанақасига жаннат бўлади, дейди Расулжон ака.

Москва шаҳридан қўнғироқ қилган тингловчимиз ҳам бу фикрларга шундай муносабат билдиради.

- Ҳозир сизларнинг радиони кунига эшитаяпман. Мен Қирғизистонданман. Ўзбек миллатига мансубман. Қўқонлик биродаримизнинг “Ўзбекистон жаннат” деганини эшитиб¸ тепа сочим тикка бўлиб кетди. Ҳозир бешта наманганлик болалар ëтоққа¸ бир бурда нонга зор бўлиб, Москвада юришибди. Ўзбекистон қанақасига жаннат бўлиши мумкин? Ҳозир мен яшаëтган Подмосковьенинг кичкина бир қишлоғида тахминан 50-60 нафар наманганлик бор. 50-60 нафар фарғоналик бор. Қўқонлик бир савдогар акамиз ўзича Ўзбекистонни жаннат дегандилар.

Озодлик: Наманганлик¸ фарғоналик болалар у ерда нима қилишади?

- Ҳозир бу ерда уларнинг паспорти йўқ, қочиб юради. Иш қила олмайди. Тилни билмайди. Ҳозир қорни тўйганига хурсанд бўлиб¸ куни ўтганига Оллоҳдан хурсанд бўлиб, шу ерда юришибди. Мен ҳозир бештасини ўзим яшаëтган квартирага олиб¸ шуларни Оллоҳ йўлида қишдан чиқиб олиши учун боқаяпман.

Озодлик: Раҳмат сизга. Улар нима дейишаяпти? Нима учун келишипти Ўзбекистондан? Ўзбекистон жаннат эмас эканми?

- Ўзбекистон жаннат эмас экан. 20-30 минг ўзбек сўмига тирикчилик қилиб бўлмайди, дейишаяпти. 15-20 доллардан ортиқ даромад қила олишмас экан. Ҳамма нарса қиммат. Бир тижорат қилай деса¸ солиқ¸ милиция босар экан. Оддий халққа Ўзбекистонда ҳаëт йўқ дейишаяпти. Ҳозир улар бу ëққа тирикчилик учун келишган. Ўртадаги посредникларга паспортни бериб қўйиб, паспорт йўқ¸ иш ҳақи йўқ¸ хор бўлиб юришипти. Мен ўзим баҳорда кетмоқчиман. Иккита-учтасини Қирғизистон орқали олиб кетишга ваъда бердим. Ҳозир шунга Оллоҳ йўлида ҳаракат қилиб турибман¸ дейди қирғизистонлик тингловчимиз.

*********************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG