Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:43

“Оқсоқ бия” ёнғини қирғизларга ўрнак бўлди


Қирғизистонлик ўт ўчирувчилар шу кунда мамлакат бўйлаб ўтказилаётган рейдларга Россиянинг Перм шаҳри тунги клубидаги ёнғин туртки бўлганини айтмоқдалар.
Қирғизистонлик ўт ўчирувчилар шу кунда мамлакат бўйлаб ўтказилаётган рейдларга Россиянинг Перм шаҳри тунги клубидаги ёнғин туртки бўлганини айтмоқдалар.

Қирғизистонда одамлар кўп йиғилувчи дам олиш жойларида турли фожеаларнинг олдини олиш учун мамлакат Ёнғинга қарши кураш бош бошқармасига навбатдан ташқари текширувлар ўтказишга рухсат берилди.

Мазкур рейд учун республика Бош прокуроридан ҳам санкция олинган.

- Бош прокурор ўт ўчирувчиларга дам олиш жойларида тезкор текширув олиб боришлари учун рухсат берди. Агарда бундан буён тадбиркорлар ёнғинга қарши кураш ходимларини киритмаса, уларга прокуратура томонидан тегишли чоралар кўрилади, деди Қирғизистон Ёнғинга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи Жанибек Иманов 9 декабр куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Унинг айтишича, бундай тадбирлар одамлар кўп йиғилувчи дам олиш жойларининг ёнғинга қарши кураш бўйича тайёргарлигини текшириш мақсадида ўтказилмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистонда ёнғинга қарши рейдлар 5 декабр куни Россиянинг Перм шаҳридаги “Оқсоқ бия” тунги клубида юздан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган ёнғиндан кейин бошланди. Расмийларга кўра, бундай текширувлар Қирғизистонда Перм воқеаси такрорланишининг олдини олади.

Қирғизистонлик ўт ўчирувчилар мазкур топшириқни адо этишни 8 декабрдан бошладилар. Масалан, Ўш шаҳар ёнғинга қарши кураш хизмати инспекторлари ўз текширувларини янги йил байрамлари ўтказилувчи маданият жойларида олиб боришди. Натижа эса, ўт ўчирувчиларнинг айтишларича, жуда аянчли. Айни ҳолатни Ўшдаги “Келажак” болалар ижодий уйида ҳам кузатиш мумкин:

- Бу ерда ички ёнғинга қарши кураш бурчаги талабга жавоб бермайди. Ўт ўчирувчи баллонлар айни пайтда қўллашга яроқсиз, заправка қилинмаган, бунинг устига чириб, тешилиб кетган. Шунчаки “хўжакўрсин”га осилиб қўйилган. Бу жойларда одамлар кўп йиғилганида ёнғин чиқса, одамларнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин, дейди Ўш шаҳар ёнғинга қарши кураш хизмати инспектори Бақит Жўлдўшев.

Қирғизистон Ёнғинга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи Жанибек Иманов 9 декабр куни мамлакат парламентида берган ҳисоботида Ўшда олиб борилган текширувлар натижасида талабга жавоб бермаслиги сабабли бир тунги клуб ёпилгани, текширув олиб борилган қолган муасасалар раҳбарларига огоҳлантириш берилганини айтди.

Ёнғинга қарши кураш хизмати ҳодимлари бундай текширувларни жамоат транспортида ҳам олиб бормоқдалар.

Норасмий маълумотларга кўра, жамоат транспортларининг 90 фоизида ўт ўчириш баллонлари йўқ. Бироқ аксарият ҳайдовчилар ўз айбларини тан олишмайди. Уларга кўра, транспортлар учун сотилувчи ўт ўчириш баллонлари талабга жавоб бермайди:

- Бир сафар машинамнинг орқаси ёниб кетди. Ўшанда ўт ўчирувчи баллондан иккитасини ишлатиб ҳам ўтни ўчира олмай, баклашкада сув сепишга мажбур бўлганман. Шундан буён ўт ўчириш баллонларига ишонмайман. Бундай вазиятга шерикларим ҳам тушганларини айтишади, деди микроавтобус ҳайдовчиларидан бири Камил Сулайманов.

Бироқ ўт ўчирувчилар бундай баҳоналар ўт ўчириш мосламаларини олиб юрмасликка сабаб бўла олмаслигини айтмоқдалар. Мутахассисларга кўра, агарда ўт ўчириш баллонлари сифатига шубҳа пайдо бўлса, уни ёнғинга қарши кураш бошқармаларидаги махсус лабараториялар текшириб бериши мумкин.

Айни пайтда бундай қирғизистонлик ўт ўчирувчиларнинг текширувлари жамоатчилик орасида норозиликларга ҳам сабаб бўлмоқда. Масалан, исми ошкор қилинишини истамаган Ўшдаги ошхоналардан бирининг раҳбарига кўра, бундай текширувлардан мақсад битта – у ҳам бўлса, тижорат объектлари эгаларидан пул ундириш.

- Текширувчилар ошхоналардаги вазиятни текширишади, ошхона раҳбарларига топилган камчиликлар бўйича қандай қатъий чоралар кўрилишини айтишади, бироқ пора эвазига ҳар қандай камчиликларга кўз юмиб кетаверишади. Аҳвол эса аввалгидек қолаверади, дейди аноним суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG