Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:31

Қашшоқ, лекин озод...


Зоруғ Санжаасурен (марказда, кўз ойнакли) Монгол демократик инқилоби йўлбошчиларидан бири эди. Сурат 1990 йилдаги намойиш чоғида олинган.
Зоруғ Санжаасурен (марказда, кўз ойнакли) Монгол демократик инқилоби йўлбошчиларидан бири эди. Сурат 1990 йилдаги намойиш чоғида олинган.

Россия, Хитой ва АҚШ манфаатлари кесишаётган муҳим стратегик нуқта ўлароқ кўрилаётган Монголия 10 декабр куни мамлакатни коммунистик тузумдан олиб чиққан демократик инқилобнинг 20 йиллигини нишонлади. Осиёда коммунистик тузумдан биринчи бўлиб воз кечган Монголия аҳолисининг 80 фоизи қашшоқликка қарамай, бугунги кунда ҳам демократик ғояларни қўллаб-қувватламоқда.

Монголия Осиё минтақасида социалистик тузумдан биринчилардан бўлиб воз кечган биринчи давлатдир.


Коммунистик тузумдан кейин кечган қарийб 20 йил давомида нисбатан сокин қолган Монголияда 2008 йилнинг ёзидаги парламент сайловлари “кашемир инқилоби” дея ном олган намойишларга уланиб кетди ва бу халқаро жамоатчилик эътиборини яна бир карра Хитой ва Россия ўртасидаги бепоён кенгликларда узанган бу ўлкага қаратди.

1981 йили 17 ёшли монгол қизи Ўйун Санжаасурен геология таълимотини ўрганиш учун Прагадаги Карл университетига келган эди.

У 1980 йилларда Монголиянинг ўзига тўқ оилалардан собиқ СССР ва Шарқий Европа билим даргоҳларига таклиф этилган юзлаб ёшлардан бири эди. Худди шу йиллар демократик ўзгаришлар руҳини берувчи илк овозалар Осиёнинг бу минтақасига кириб кела бошлаган пайтлар эди.

Ўз даврида коммунистик тузум пулига ўқиган Ўйун ҳозир Монголия парламенти қонунчиси.

- Менинг акам Москва Давлат университетида “илмий коммунизм” йўналиши бўйича таҳсил олган эди. Ҳозир буни эшитиб, одамнинг кулгиси қистайди. У коммунистик ғояларни тўлиқ ўзлаштириб, Монголияга қайтиши ҳамда у ерда коммунизмдан сабоқ бериши керак эди, - дейди Ўйун.

Бироқ ўша кезларда Шарқий Европа коммунистик режимни тугатиш ғояси билан яшаётган ва бу ғояга замин бўлган ҳаракатлар тез орада 1989 йилнинг инқилобларига айланган эди.

Ана шу инқилобларга гувоҳ бўлган Ўйуннинг Москвада таҳсил олган акаси Зориғ Санжаасурен ва бошқа кўплаб ёшлар демократик ўзгаришлар кайфиятида Монголияга қайтди.

1921 йилдан буён коммунистик тузумда яшаб келган Монголияда тез орада демократик инқилоб содир бўлди.

1989 йилнинг 10 декабри — Халқаро Инсон ҳуқуқлари кунида —пойтахт Улан-Батор марказидаги Суҳбатар майдонига йиғилган 200 га яқин тинч намойишчилар сони тез орада ўн мингга етган ва намойишчилар сафида коммунистик Монголия жамиятининг турли табақалари вакиллари — талабар, олимлар, кончилар, ҳатто, кўчманчи чўпонлар ҳам бор эди.

1990 йилнинг 9 мартида Монголия коммунистик ҳукумати тинчлик билан ҳокимиятни тарк этди ва инқилоб етакчиларидан бири бўлган Зориғ Санжаасурен бу ғалабани эълон қилди.

Зўравонликларсиз, қон тўкишларсиз амалга ошган ҳокмият алмашинуви дунёни ҳайратга солди. Зеро, қарийб 3 ой давом этган намойишлар ҳақиқатда ҳам том маънодаги тинч норозилик намойишлари бўлган эди.

Орадан бир йил ўтиб, эркин сайловлар асосида сайланган демократлар Монголия парламентига кириб борди ва 1996 йилда Демократик партия кўпчилик овоз билан коммунистлар устидан ғалаба қозонди.

Бундан кейинги давр Монголия сиёсатшунослари орасида “уйғониш” даврига қиёсланади. Дунё сиёсатчилари эса бу даврни Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Монголияни автократия қобиғидан олиб чиққан давр сифатида баҳолайдилар.

Бироқ, АҚШнинг Колумбия Университети ўқитувчиси, Монголия тарихи бўйича тадқиқотчи Моррис Россаби “Собиқ совет тузуми доминантлигидан қутулиш неъмати Монголия учун арзон тушмади”, деб ҳисоблайди.

Узоқ йиллар давомида Москва қувватловига таяниб келган Улан-Батор собиқ иттифоқ қулаганидан сўнг тиргагини йўқотиб қўйгандек бўлди.

- Монголия ташқи савдо айланмаси ва бу давлатга келаётган сармоянинг 90 фоизи совет блокидан келар эди. Собиқ иттифоқ қулагандан кейин эса улар хорижий давлатларга, хусусан, молиявий агентликларга юзланди. Халқаро гуруҳлар эса ҳеч иккиланмай, дарҳол бу давлатга кирди ва тезлик билан ўзлаштиришни бошлади. Натижада эса даҳшатли ишсизлик, инфляция, камбағаллик бошланди, - дейди Ню-йорклик тарихчи.

Мутахассисларга кўра, собиқ социалистик тузумдан сўнг бошланган эркин иқтисодий тузум ва тезкор хусусийлаштиришга қаратилган ислоҳот асрлар давомида бор бойликдан жамоавий тарзда қўлланиб келган Монголия халқини қашшоқликка олиб борди.

Кўчманчи халқ бўлган монголлар, табиатан, “Нимани кўтара олсанг, шунга эгасан” қабилида турмуш кечириб келган ва бу таҳлит турмуш тарзи собиқ социалистик тузум даврида ҳам сақланиб қолган эди.

Кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнларидан сўнг ўн минглаб монголлар иш қидириб, мамлакатни тарк этишни бошлади. Миллий валюта бирлиги бўлган “тугрик” эса 1 долларга 10 тугрик қийматидан, 800 тугрикка тушиб кетди. Совет даврида бемалол бўлган соғлиқни сақлаш ва таълим тизими мутлақ издан чиқди.

Тез орада Монголия халқаро кўмакка энг кўп муҳтож бўлган 5-йирик давлатга айланиб қолди. Энг аянчлиси бу жараёнлар тез орада коррупция ва бошбошдоқликка уланиб кетди.

Монголияни собиқ социалистик тузумдан олиб чиққан инқилоб етакчиси Зориғ Санжаасурен эса 1998 йилнинг октябрида — мамлакат бош вазирлигига тасдиқланган куни ўз уйида бўғизлаб кетилди. Кейинчалик унинг аёли ўз турмуш ўртоғи пора олишга рози бўлмагани учун ўлдирилганини сўзлаган эди.

Зориғнинг синглиси Ўйун эса бу қотилликни Монголия демократияси тархидаги энг йирик “қора доғ”, деб билади.

Зориғ Санжэаасуреннинг инқилоб давридаги сафдошлари эса ҳануз сиёсий саҳнада ва улардан бири амалдаги демкорат президент Цахиягийн Элбегдорждир.

Ҳозир Монголия икки партияли давлат. Демократлар партияси ҳамда ҳануз нуфузини йўқотмаган Монголия Халқ инқилоби партияси расман коалиция ўлароқ фаолият юритмоқда. Аммо, мамлакатдаги таҳлилчилар, бу икки партия ўртасида пинҳона зиддият 2008 йилнинг июлидаги сайловдан кейин бўлиб ўтган норозилик намойишларига замин бўлганини айтади.

Ўшанда бўлган парламент сайловида Монголия Халқ инқилоби партияси ғалаба қозонгани эълон қилинганидан сўнг демократларнинг тарафдорлари норозилик намойиши бошлаган эди.

Намойишчилар ва полиция вакиллари ўртасидаги юзага чиққан тўқнашувларда эса 5 киши ўлган, 800 га яқин намойишчи ҳисбга олинган эди. Кейинчалик ҳибс қилинганларнинг кўпчилиги қийноқларга солинганини сўзлаган эди.

Бу воқеалар постсовет Осиёнинг демократик муваффақияти тимсоли, деб қаралган ўлкаси нуфузига жиддий соя ташлади. “Шундай бўлса-да, -дейди Монголия парламенти қонунчиси бўлган Ўйун Санжаасурен, -Монголия ўзига қўшни давлатларга ўрнаклигича қолмоқда”.

- Биз осиёлик қўшнимиз Қозоғистонга қараймиз ва унинг ялпи миллий маҳсулот кўрсаткичлари бизникидан бир неча бор юқори эканини кўрамиз. Биламиз, Қоғозистонда кўп партиявийликка асосланган демократия йўқ. Айни пайтда биламизки, бизда давлат миқёсида бирор йирик қарор қабул қилинишини йиллаб баҳслашиш ва кутиш керак. Аммо, шундай бўлса, умид қиламизки, биз ҳозир гарчи манзили узов бўлса-да, Монголия келажаги учун тўғри бўлган йўлдамиз.

Гарчи баҳсларимиз узоқ давом этаётган бўлса-да, охирги қарор аҳолининг кўпчилик қисми, фуқаровий жамият ва сиёсатчилар томонидан қувватланган қарор эканини биламиз, - дейди Монголия парламенти қонунчиси бўлган Ўйун Санжаасурен.

Санжаасуреннинг бу фикрини мамлакат аҳолсининг асосий қисми қувватламоқда. Сўнгги жамоатчилик сўровлари натижаларига кўра, монголияликнинг 80 фоизи 1990 йиллар бошидаги инқилоб Монголияни тўғри йўлга бошлаган тўғри қадам, деб ҳисоблашини билдирган.
XS
SM
MD
LG