Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:27

Милиционерлар маҳбусаларни зўрлаган


Ҳибсхонадаги зўрлашлардан сўнг озодликка чиқарилган учинчи сингил¸ ўз бошига тушган даҳшат ҳақида икки ой мутлақ гапира олмаган.
Ҳибсхонадаги зўрлашлардан сўнг озодликка чиқарилган учинчи сингил¸ ўз бошига тушган даҳшат ҳақида икки ой мутлақ гапира олмаган.

Тошкентда аввалига безориликда айбланиб, сўнгра босқинчига чиқарилган уч опа-сингилнинг Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ҳисбхонада зўрлангани маълум бўлди.

Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти хабар тарқатди. Жамиятнинг маҳкумалар қариндоши Абдусамат Соатовга таяниб хабар қилишича, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бошқармасида ноинсоний қийноқларга учраган опа-сингилдан бири ҳозир ҳомиладор.

Соатовлар оиласининг бу можаро юзасидан Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идораларига қилаётган мурожаатлари эса жавобсиз қолмоқда.

Абдусамат Соатовнинг Озодликка айтишича, воқеа унинг катта опаси Наргиза Соатованинг оиласида чиққан жанжалдан бошланган. Наргиза турмуш ўртоғини бошқа бир аёл йўлдан ура бошлаганидан норози бўлиб, аввал бир неча бор маҳалла қўмитаси ва участка нозирига арз қилган.

- Опам бир-икки марта ëзиб¸ участка нозирига борса¸ “Бу ерда қонун ҳеч нарса қила олмайди опа. Ўзингиз ҳал қилишингиз керак” деган. Кейин яна опамга “Сиз у қиз билан уришиб¸ сочини олиб ташланг. Шундан кейин эрингиз унга умуман қарамай қўяди” деган. Шундан кейин опам у қиз билан бир-икки марта уришган. Опамнинг турадиган жойига ҳар хил расмлар ташлаб кетаверганидан кейин опам уч-тўрт маротаба телефон рақамини ўзгартирди¸ дейди Абдусамат Соатов.

Соатовнинг сўзларига кўра, шу йилнинг 9 май куни ўзаро низо катта можарога айланган. Наргиза Соатова ва эрини йўлдан урган аёл ўртасида жанжал кўтарилган.

Ана шу жанжалдан сўнг Наргиза ҳамда уни ажратиш учун борган икки синглиси — Райҳон ва Хосият Соатовалар ҳибсга олинган. Кейинчалик ҳар учала қиз маиший жанжал туфайли босқинчиликда айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазоларига маҳкум этилди.

Абдусаматнинг сўзларига кўра, бу қизларнинг устидан арз қилган аёл муқаддам одам савдосида айбланиб қамалган ва амнистия орқали озодликка чиқарилган.

- “Сингиллари мени шундай қилди. Опаси ҳаммасини уюштириб турди. Сингиллари билан уюшиб¸ мана шу жиноятни қилишди” деб ҳозир уюшган жиноятчилик қилишаяптида. Опамга 7 йилу 6 ой¸ кичкинасига 7 йилу 2 ой беришди. Кенжа синглимга 6 йилу 6 ой беришган эди¸ лекин уни шартли равишда бир ярим миллион штрафи билан икки йилга озод қилишди. У олий ўқув юртида ўқир эди. “Судланган одам ўқимайди” деб ҳозир отчисление қилиб юборишди¸ дейди Абдусамат.

Аммо, дейди Абдусамат, тергов жараёни ўта қўпол қонунбузарликлар ва ноинсоний қийноқлар остида олиб борилган.

Ҳозирга келиб, бу оилага қизларнинг ҳар учаласи номусига тажовуз қилингани, ўртанча қизнинг эса ҳомиладор, соғлиги ўта оғирлашган ҳолида қамоқ жазосини ўтаётгани маълум бўлган.

Абдусамат Соатов: Мен айбдорман. Ўшанда катта опам “Менга тазйиқ ўтказаяпти. Ундай¸ бундай қилаяпти” деди. Мен энди милиционерларга нисбатан жаҳл устида айтаяпти¸ деб ўйладим. Иккита кичкина синглим фақат йиғлади. Ҳеч нарса гапиришмади. Ҳа ëки йўқ ҳам дейишмади. Сингилларимни 9 май куни онамнинг олдидан “Бу кичкина қизларингиз гувоҳ сифатида бўлади” деб олиб кетишган. Онам “Уларнинг ҳаммаси ичиб олган эди” дейди.

Озодлик: Улар кимлар? Милиционерларми?

- Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар ходимлари. Ҳозирги вақтда мен жиноий иш қўзғатиш тўғрисида нима қилганман. Лекин кўриб чиқишмаяпти. “Ўша куни 12 нафар одам бўлган” дейди. Ҳеч ким бўйнига олмаяпти. Мен 9 май куни кечқурун борган бўлсам¸ учала синглимни уч хонага қўйиб¸ опамга “Сен бўйнингга оласан. Эрингни қўшмайсан. Ҳамма ишни қилдим дейсан. 10 миллион сўмни ҳам олдим дейсан¸” дейишган. Ҳозир сингилларимнинг устига катта миқдорда пул қўйишган¸ дейди Абдусамат.

Абусамат Соатовнинг сўзларига кўра, суд ҳукмига кўра, ҳозир икки қиз қамоқ жазосини ўтамоқда. Учинчи қиз эса шартли жазо билан озодликка чиқарилган.

Бу қизларга нисбатан ҳибсхоналарда қўлланган қийноқлар бўйича Соатовлар оиласининг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.

Абдусамат Соатов: Мен экспертизага борганимда ҳам кўрсатган. Опамнинг кўкрак қисмига муштлаган эмас¸ тепган. Ўша тепганнинг изи турган. Синглимни ҳам¸ опамни ҳам¸ нима десам¸ ўртага қўйишган ифлослар. Ҳозир бирортаси тан олмаяпти. Прокуратурага берсам¸ Мирзо Улуғбек туман прокуратураси “Ўша куни байрам куни бўлган. Соат 12 дан 2 гача участка нозирлари ҳам келган. Кўпчилик бўлган. Ким қилганини ким билади” деяпти. Синглимни озодликка чиқарганида¸ ишонасизми¸ икки ой гапирмади. Мен олиб борган ҳамма касалхоналарда “бу қизни мажбурлашган” дейишди. Синглим гапирмайди.

Озодлик: Учала қизнинг ҳам номусига тажовуз қилинганми?

Абдусамат Соатов: Ҳа¸ тажовуз қилишган.

Озодлик: Ҳозир нима қилаяпсиз? Қаерларга арз қилдингиз?

- Ўзбекистон Республикаси президенти жаноби олийларининг девонхонасига 28 та хат ëзганман. Ўзим уч марта бориб канцеляриясига топширганман. Бўлиб ўтган воқеаларни ҳам илова қилиб берганман. Тоштурманинг гинекологига адвокат орқали мурожаат қилганимизда¸ ҳомиладорлигини тахминан май ойининг ўрталарига қилиб берган. Синглим билан опамни 9 май куни қамашган. Ўзбекистон республикаси президентига¸ Адлия вазирлигига¸ Бош прокуратурага¸ Рашид Қодировга¸ бундан ташқари Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси Шодмоновга¸ Тошкент шаҳри прокурори Баҳриддин Баҳодирович Валиевга мурожаат қилганман. Ҳатто Баҳриддин Валиевнинг қабулида бўлганман. “Ор-номус масаласи¸ менинг сингилларим” деганман. Инсон эмас экан. Мен олдин “ҳаммаси пора” дейишса¸ ишонмас¸ “Адолат бор¸ одам фақат курашиши керак” дер эдим. Ҳаммаси ëлғон экан. Ўзим дарс ўтиб шу пайтгача болаларни алдаб юрган эканман. Бугун алам қилаяпти. Аламимни кимдан олишимни билмаяпман¸ дейди Абдусамат Соатов.

Опа-сингиллари ноҳақ айбланиб, қамалгани ва бундан ташқари жуда оғир қийноқларга солинганини даъво қилаётган асли сурхондарёлик Абдусамат Соатовнинг сўзлари эди.

Ҳозирда бу фуқаро мурожаати билан шуғулланаётган “Эзгулик” инсон ҳуққлари жамияти вакили Абдураҳмон Ташановга кўра, уч опа-сингил Соатоваларга нисбатан қўлланган қийноқларни тасдиқловчи далиллар бўлишига қарамасдан, бу ташкилот мурожаатларига ҳам ҳуқуқ-тартибот идораларидан ҳануз тегишли жавоб олинмаган.

- Турмада текширув ўтказиш ҳақида терговчиларга нисбатан нималар қилдик. Қўлимизда ҳақиқатан далиллар бор. Бу далиллар ўша куни қизнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида тиббий ҳужжатлар¸ бундан ташқари унинг ҳомиладорлиги бўйича тиббий ҳужжатлар бор. Минг афсуски¸ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари¸ уларнинг тепасидаги маъмурий идоралар¸ давлат ҳокимияти органлари бу ҳодисани яширишга ҳаракат қилаяпти. Бу оммавий ахборот воситаларида чоп қилинса ëки терговчиларга нисбатан жазо қўлланилса¸ жамоатчилик орасида жуда шов-шув ясайди ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига жуда катта зарба бўлади. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти бу ишнинг охиригача боришга киришган ва Худо хоҳласа биз бунинг охирига етамиз¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.
XS
SM
MD
LG