Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:38

Қирғизлар яна ўзбек газидан мосуво


Айрим қирғиз расмийлари¸ Ўзбекистон томони 16 декабрдан Қирғизистон жанубига газ узатишни тўхтатиб қўйганини айтишмоқда.
Айрим қирғиз расмийлари¸ Ўзбекистон томони 16 декабрдан Қирғизистон жанубига газ узатишни тўхтатиб қўйганини айтишмоқда.

15 декабр кунги ҳукумат йиғилишида Қирғизистон Бош вазири Дониëр Усенов¸ Тошкентдан қарздорлик туфайли Қирғизистон жанубига газ бериш тўхтатилишидан огоҳлантирилган телеграмма олинганини билдирди. 16 декабр кундан эса¸ Қирғизистон жанубидаги айрим туманларга газ берилиши тўхтатилган.

Қирғизистон Бош вазирига кўра¸ ноябр ойида “Қирғизгаз” ҳиссадорлик жамияти истеъмолчиларга 5 миллион долларлик газ бериб¸ унинг 4 миллион долларини йиғиб олишга муваффақ бўлган. Декабр ойининг икки ҳафтасида аҳолига берилган 4 миллион долларлик газнинг эса¸ ҳозирча 2 миллон доллари йиғилган.

Шундан келиб чиқиб ҳукумат раҳбари Қирғизистон Энергетика вазири Илёс Давидовга газ ҳақини йиғиш бўйича ишларни кучайтириш ҳақда топшириқ берди:

- Ўтган бир ярим ой учун аҳолининг қарзи 3 миллион долларни ташкил этади. Ҳозирги вазиятда биз газ ўчирилишига ҳам йўл қўя олмаймиз, қарзлар тўланиши керак, деди Дониëр Усенов.

Бош вазирнинг бундай баëнотига қарамай¸ 16 декабр куни Қирғизистон жанубидаги бир қатор шаҳар ва туманларда газ бериш тўхтатилган.

Хусусан қирғиз расмийлари¸16 декабр эрталабдан Ўш вилояти ва Ўш шаҳрининг бир неча туманларида газ берилиши тўхтатилгани ҳақдаги маълумотни тасдиқладилар.

Ўш вилоятига қарашли Ўзбекистон билан чегарадош Қорасув туманида 16 декабр куни аҳолига газ узатилиши бутунлай тўхтаб қолган. Аммо Қорасув туман газ бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдуллаев бунинг қарздорликка алоқаси йўқлигини билдирди:

- Мен эрталабки соат 7 да Ўшдан маълумот олдим. Ўзбекистондаги катта газ магистралида авария бўлган экан. Шу сабабли улар газга чеклов киритишибди. Ҳозир Ўзбекистонда таъмирлаш ишлари кетаяпти экан, деди Авазбек Абдуллаев.

Расмий маълумотларга кўра, ўшликларга газ узатишнинг16 декабр кечга яқин қайта йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Айни пайтда Жалолобод шаҳрида ҳам бутунлай газ берилиши тўхтатилган. Жалолобод шаҳар газ бошқармаси расмийлари¸ ўшлик ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, газ узатишнинг Ўзбекистон томонидан тўланмаган қарзлар боис тўхтатилгани ва Тошкент газ қувурлари кўзини қачон қайта очиши номаълумлигини билдиришди.

Бундан аввал Ўзбекистон 23 сентябрдан 24 сентябрга ўтар кечаси Қирғизистон жанубига газ беришни тўла тўхтатган эди. Натижада Қирғизистоннинг жанубий Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятлари бутунлай газсиз қолган эди.

28 сентябрдан эса Қирғизистон шимолига газ берилиши ҳам 30 фоизга қисқартирилган эди.

Ўшанда Ўзбекистон газ узатишни қайта бошлаш учун Қирғизистондан газ учун қарийб 19 миллион долларлик қарзни тўлиқ тўлашни талаб қилган эди.

Шундан сўнг қирғиз расмийлари “Ўзтрансгаз” корхонаси раҳбарияти билан фавқулодда музокаралар ўтказиб¸ қарзни шу йилнинг декабригача тўлашга келишиб олган эди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Қирғизистоннинг Ўзбекистондан газ учун 2 миллион доллардан ошиқ қарзи бор.

Қирғиз расмийлари қолган қарзнинг яқин фурсатда истемолчилардан йиғиладиган маблағ эвазига тўлиқ тўланишини айтмоқдалар.

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Қирғизистон ўзбек газининг ҳар минг куб метрини 240 АҚШ долларидан сотиб олмоқда. Қирғизистонлик истеъмолчилар эса¸ ўзбек газининг бир куб метри учун 12 сўм 92 тийин, қарийб 25 цент хақ тўлайдилар.
XS
SM
MD
LG