Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:48

"Ҳалол" гўшт мажороси


Мутахассислар гўштнинг ҳалол эканини аниқлаш учун "Ҳалол" сертификатининг ўзи етарли эмаслигини айтмоқдалар.
Мутахассислар гўштнинг ҳалол эканини аниқлаш учун "Ҳалол" сертификатининг ўзи етарли эмаслигини айтмоқдалар.

Шу кунларда Европа давлатларида маҳсулотларнинг “ҳалол” тамғаси остида сотилиши юзасидан йирик можаро бошланди. Ҳолландияда фаолият юритувчи “Fasen Meat Trading” компанияси бир неча минг тонна ҳалол бўлмаган гўштни “ҳалол” тамғаси остида Францияда сотгани аниқланди.

“Ислом ва мусулмонлар” рукнининг бугунги сони учун танлаганимиз мавзу яна бир бор ҳалол маҳсулотлар, хусусан, ҳалол гўшт ҳақида.

Шу кунларда Европа давлатларида “ҳалол” тамғаси остида ҳалол бўлмаган гўшт маҳсулотларнинг сотилиши устида йирик можаро юзага чиқди.

Ҳолландияда фаолият юритувчи “Fasen Meat Trading” компанияси бир неча минг тонна гўштни “ҳалол” тамғаси остида Францияда сотгани аниқланди. Бу эса мусулмонлар орасидаги ўзаро баҳсни ошкора норозиликка айлантирди.

Зеро, "Ҳалол дўконлардан харид қилинаётган гўшт аслида ҳам ҳалолми ёки йўқ?" деган баҳс ҳамиша мавжуд. Бу баҳс тақдирини жуда кўпчилик мусулмонлар сотувчининг виждонига боғлаб қўйган. Яъни уч марта сўралади ва маҳсулотнинг ҳалоллиги учун жавобгарлик бу саволга “ҳалол” деб жавоб берган сотувчининг зиммасига ўтади, деган ечим билан кифояланувчи мусулмонлар кўп.

Аммо бундай хотиржамликни инкор қиладиган мусулмонлар эътирозида ҳам жиддий асослар бор. Яъни ноҳалол гўшт иймон билан бирга инсон жисмини ҳам жиддий зарарлайди. Табиийки, бу зарардан ўзини иҳота қилишни истаган инсонларнинг бунга тўлиқ ҳаққи бор.

Сохта ҳужжат ошкор бўлди

Дастлаб франциялик мусулмонлар ва уларнинг ортидан аксар европалик мусулмонларнинг эътирозига сабаб бўлган можаро хусусида икки оғиз.

Ҳолландиянинг Бреда шаҳрида жойлашган “Fasen Meat Trading” компанияси бир неча йиллар давомида “ҳалол” тамғаси остида гўшт ва гўшт маҳсулотларини, асосан, Ҳолландиядан ташқарига экспорт қилиш билан шуғулланадиган йирик ширкатлардан бири сифатида танилган эди.

Бу ширкат маҳсулотлари ҳалоллигига шубҳа билдирилган бир неча шикоятлардан сўнг Ҳолландия Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Бош инспекция хизмати ширкат фаолиятини текширди. Аниқланишича, ширкат сохта сертификат асосида ҳалоллик талабларига жавоб бермайдиган гўштни сотиш билан шуғулланган.

Бу факт Ҳолландия матбуотида катта шов-шув бўлди. Афсуски, компания маъмурияти бу можаро юзасидан мурожаатимизга ҳозирча жавоб бермади. Аммо Ҳолландия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Бош инспекция хизмати суриштирув ишлари давом этаётганини таъкидламоқда.

“Fasen Meat Trading” ширкати ишлатган сохта сертификат эса Ҳолландиядаги “Control Office of Halal Slaughtering & Halal Quality Control” ташкилотига тегишлидир.

Ташкилот директори доктор Абдумуним ал-Шаман буни тасдиқлар экан, сўнгги пайтларда бу ташкилот сертификатларини сохталаштириш ҳоллари кўпайганидан афсус билдирди ҳамда ҳалол маҳсулотлар харидорларини 2 тоифа сертификат борлигидан огоҳлантирди.

- Биринчиси, қассобхоналарга бериладиган сертификат. Яъни маълум бир қассобхонада сўйилган гўшт ҳалоллиги ва унинг маҳсулотлари гўшт дўконлари томонидан ҳалол, дея қабул қилиниши мумкинлигини кўрсатувчи сертификат.

Иккинчи тоифа сертификат эса шу ҳалол гўштдан ҳозирланган маҳсулотларнинг ҳалол йўллар билан тайёрлангани ва экспорт қилинганини кўрсатувчи сертификат. Яъни бунда қассобхона, гўштнинг кейинги сифати, муддати, ундан маҳсулот тайёрланиши жараёни, транспортировкасига оид маълумотлар назарда тутилади, - дейди доктор ал-Шаман.

Ҳар икки тоифа сертификатнинг асл ёки сохталигини текшириш имкони эса ҳар бир мусулмонда бор. Доктор ал-Шаман бунинг учун бироз диққат қилиш ҳамда агар харидорда маҳсулотнинг ҳалоллигига шубҳа туғилса, эринмасдан маҳсулотнинг сертификатини сўраши лозимлигини айтмоқда.

- Ҳар бир сертификатнинг рақами бор. Харидор ёҳуд Ҳолландиядаги бирор ҳалол қассобхонадан улгуржи гўшт харид қилаётган дўкон соҳиблари ўша заҳоти бизнинг доимий ишлайдиган хизматимизга боғланиши мумкин. Биз шу рақам асосида сертификатнинг ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслиги ҳамда ўша маҳсулотнинг қачон, қаерда, қай шароитда тайёрлангани ҳақидаги маълумотни тақдим қиламиз. Бундай хизмат ҳалол маҳсулотлар учун сертификат тақдим қилаётган барча ташкилотларда бор, - дейди доктор ал–Шаман.

Доктор Абдумуним ал-Шаман таъкидича, ҳозирча “ҳалол” тамғаси остида сотиладиган гўшт ва гўшт маҳсулотининг ҳалол ёҳуд ҳалол эмаслигига ишонч ҳосил қилишнинг “Control Office of Halal Slaughtering & Halal Quality Control” ташкилоти таклиф қилаётган ягона йўли шудир.

Бир парча қоғоз ишончга кифоями?

Аммо сотиб олинган ҳалол гўшт учун сертификат сўраб, эринмасдан бу ҳужжатни берган ташкилотга сим қоқадиган мусулмонлар кўпми?

Ва умуман, луқмасини ҳалол сақлашни истаган мусулмонлар бир парчалик қоғоз — сетификатга ишонса, кифоями?

Ана шу саволлар билан биз “Halal Correct Certification” ташкилотига ҳам мурожаат қилдик. Ташкилотнинг Ингридиентлар назорати бўйича бўлими раҳбари доктор ал-Тавфиқ бу саволларга ҳам “ҳа”, ҳам “йўқ”, дея жавоб берди.

“Ҳа”, дейилган жавобга асос шуки, бугунги кунда “ҳалол” тамғасини босиш имконини берадиган сертификатни олиш тизими айрим Европа давлатларида анчайин кескинлаштирилган.

- Биз ҳалол гўшт чиқарадиган қассобхоналарда бевосита бизнинг ташкилот рўйхатидан ўтган қассобларни жойлаштиришни талаб қилаяпмиз. Бундай қассобларга биз ҳақ тўлаймиз ва улар ҳалол гўштни кўп сотишдан манфаатдор бўлган завод эгаларига эмас, бизга бўйсунади. Яъни қассобнинг, дейлик, Муҳаммад исмли мусулмон экани-ю, тегишли дуони такрорлаб, ҳайвонни сўйишининг ўзи мусулмон учун кифоя эмас. Шу боис, улгуржи тарзда ҳалол гўшт етказиб берадиган йирик гўшт заводларига ўз вакилларимизни қўяяпмиз,- дейди доктор ал-Тавфиқ.

Бу тартибга рози бўлмаган қассобхоналар “Halal Correct Certification” ташкилотидан сертификат ололмайди.

Мусулмоннинг ишончи учун шунинг ўзи кифоями, деган саволга “йўқ” дея берилган жавобга ҳам асослар талайки, булардан энг асосийси, ҳалол сўйилган гўштдан тайёр маҳсулотларнинг тайёрланиш жараёнидир. Доктор ал-Тавфиқ бу жараёнда ишлатилатилаётган ноҳалол ингридиентлар масаласини “катта муаммо”, деб эътироф этди.

- Мисол учун, мусулмон ошпаз томонидан сотилаётган ҳалол товуқ гўшти. Гўшт ҳалол, аммо, уни тайёрлаш жараёнида қўшилган зираворлар ҳалол эмас. Масалан, оддийгина лимон кислотаси. Биз текширувлар натижасида аниқладикки, Хитойдаги баъзи корхоналарда тайёрланган лимон кислотаси таркибида чўчқа ёғи бўлган желатинлар бор. Ёки пишлоқ, сут маҳсулотлари, ун маҳсулотлари аслида ҳалол. Аммо уларнинг кўпчилиги таркибида ҳам ҳалол бўлмаган ҳайвонлар ёғларидан тайёрланган ингридиентлар борлиги аниқланган, - дейди доктор ал-Тавфиқ.

У бундай маҳсулотларни ҳалол, деб сотар экан, кўп ҳолларда ҳалол дўконлар соҳибларининг ўзларида ҳам бу ҳақда тасаввур йўқлигидан афсус билдирди.

“Лекин энг аянчлиси, — дейди доктор ал-Тавфиқ, — Шариат тартибини жуда яхши билган корхона соҳиблари бўлган кўплаб мусулмонларнинг иймони, виждонига боғлиқ бўлиб қолаётган муаммолардир".

- Мисол учун, бирор гўшт етказиб берувчи корхона 1000 килограм гўшт етказиб бериш тўғрисида сертификат олади. Яъни бу корхонада, айтайлик, икки нафар қассоб бор ва улар шунча гўштни маълум муддатда чиқариб бериш қудратига эга. Аммо корхона фаолиятига ишонч билдирилмаган бошқа қассобларни ёллаб, бир неча минг килограм гўштни сотиб юборади, - дейди доктор ал-Тавфиқ.

Табиийки, бундай ёлғонлар сирасига ҳайвонни сўйиш тартибига амал қилмасликдан тортиб, ҳаром ўлган ҳайвоннинг гўштини ҳалол, деб сотиб юборишгача бўлган қаллобликлар киради.

Луқмани ҳалол сақлаш мушкул, аммо, мумкин...

Хуллас, оғзингизга солаётган луқманинг қанчалик ҳалол ёҳуд ҳалол эмаслигини назорат қилиш, бунинг назоратига масъул бўлган ташкилот вакилларининг сўзларига кўра, мушкул, аммо, мумкин масала.

Доктор Абдумуним ал-Шаман: "Гўштнинг ҳалоллигига шубҳангиз бўлса ва иймонингизни хотиржам қилмоқчи бўлсангиз, биргина телефон қўнғироғидан эринманг", демоқда. Бу сизга ҳам, айни пайтда сизнинг атрофингиздаги мусулмонларга ҳам хизмат бўлади.

Доктор ал-Тавфиқ эса "Ахборот такомиллашган замонда ҳалол маҳсулотлар ҳақида кўпроқ илм олинг ва ўзингизни гуноҳдан ҳимоя қилинг", демоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ва ҳозир Европа давлатларида яшаётган икки қассоб – туркиялик қассоб Ўнурбей ва ўзбекистонлик қассоб Сардор ўз меҳнат тажрибасига таяниб, ҳалол сўйилмаган гўшт мусулмон кишининг иймонига жиддий таҳдид, жисмига эса катта озор эканидан огоҳлантирмоқда.

Жумладан, қарийб 8 йил Германия, сўнгги 4 йил ичида эса Чехияда қассобчилик қилаётган Ўнурбей ҳалол сўйилмаган ҳайвон гўштининг инсон жисмига озори ҳақида мана буларни сўзлади:

- Ғарб давлатларида, умуман, мусулмон бўлмаган давлатларда ҳайвон сўйилар экан, аввало, тўқмоқ ёҳуд электр токи билан ўлдирилади. Ҳайвоннинг мияси зарбадан зарарланади ва шок ҳолатида ўлганда, ҳайвоннинг танаси фалаж бўлиб қолади. Бунинг устига танадаги қон оқизиб юборилмайди ва оқибатда, фалаж танада қотган қон гўштга сингиб кетади. Қон эса барча касаллик иллатларини ташувчидир. Ҳайвон гўштидаги қон инсон жисмига кирар экан, уни заҳарламай қўймайди. Бу ноҳалол сўйилган гўштдан келадиган энг катта зарардир, - дейди туркиялик қассоб Ўнурбей.

Шу боис бу қассоб шариат асосида сўйилаётганда ҳайвоннинг аввал яхшилаб текширилиши, пичоққа тортилишдан аввал у ёқ - бу ёққа юргизилиши, кейин-оёқ қўли боғланишининг ҳаммасида ўзига яраша мантиқ ва ҳикмат борлигини алоҳида таъкидлайди.

- Мусулмон давлатлари учун булар ҳамма биладиган оддий ҳақиқатлар. Яъни шариат ҳукми ва қассобчилик амалини билган исталган киши ҳайвон сўйиши мумкин. Гўштнинг ҳалол сўйилганини кўзингиз билан кўрасиз. Аммо Ғарб давлатларида бу бутунлай бошқача тартибга бўйсунган системадир.

Масалан, катта ҳайвонлар, масалан, мол сўйиш учун махсус рухсатнома керак. Шу боис, махсус кушхоналарда ҳалол, деб сўйилаётган гўштнинг ҳалоллигини текшириш имкони йўқ. Шахсан мен ўзимнинг доимий харидорларимга қишлоқ ҳудудларида кичик ҳайвонларни сўйиб бераман ва асосан, кичик ҳалол дўконларига етказиб бераман, - дейди Чехиядаги туркиялик қассоб.

Ҳалол гўшт тош босади

Европа давлатларида қассобчилик қилаётган ўзбекистонлик қассоб Сардорбек эса гўштнинг ҳалол ёҳуд ноҳалоллиги нафақат Европа, балки, Ўзбекистонда ҳам катта муаммо эканини айтади.

Зеро, мерос мусулмон бўлган қассобларнинг шариат талабларига амал қилиб-қилмай бозорга олиб чиққан гўшти ёҳуд гўшт маҳсулотлари фош бўлганига мисоллар талай.

Айниқса, гўшт маҳсулотлари ҳозирлайдиган кичик цехлардаги абгор санитар-гигеник аҳволдан ташқари, маҳсулотлар таркибига ҳалол бўлмаган, эски гўшт, ҳаттоки, қоғоз картонларнинг қўшилгани аниқланган.

“Ҳар қандай назорат — ҳоҳ давлатники бўлсин, ҳоҳ мусулмонлар назорати — бундан келадиган муаммони пул билан ҳал қилиш имкони бўлган Ўзбекистон шароитида яшар экансиз, луқмангизни ота-бободан қолган эски тажрибалар асосида ҳимоя қилишга мажбурсиз”, дейди Озодлик билан суҳбатда Сардорбек.

Сардор: Энг аввало барча касаллик қонда юрадида. Масалан баданингизни кессангиз ҳам биринчи ўринда қон чиқадику. Касаллик аслида қоннинг ичида бўлади. Докторга борганингизда ҳам доктор қандай касаллик эканлигини аниқлаш учун биринчи навбатда қонингиздан анализ олади. Худди шу сингари ҳайвонда ҳам Оллоҳнинг номи билан сўйилса¸ бу нарсалар ҳалол бўлади деб биламан мен. Мисол учун, мана, қурбонликда сўйдим. Араб давлатлари¸ турк давлатлари мени қўй сўйгани қурбонликка таклиф қилишди. Бордим. Улар каллани шундай олиб қўяяпти Оллоҳнинг номи билан. Лекин жиғини узиш керак ҳолатларини қилишмаган. Қони тўла-тўкис чиқмасидан терисини тозалаб, қолган ишларини қил дейишаяпти. У ҳолатларга 100 фоиз жавоб бера олмайман.

Озодлик: Демак¸ Оллоҳнинг номи билан¸ керакли дуолар билан мусулмон кишининг сўйганининг ўзи кифоя эмас¸ балки тартибига ҳам охиригача риоя қилиш керак.

Сардор: Тартиб-қоидалари энг аввало пок инсон мусулмон бўлиб¸ аввало тартиб-қоидаларига бўйсуниш шарт. Масалан, ҳозир олти ойликнинг пастини ҳам сўйиб юборишаяпти. Мана Европа давлатларида ҳам юрибмиз. "Мусулмонман! дейди¸ аммо аслида олаëтган¸ сўйиб сотаëтган қўйлари ëш ëки у нарсаларга эътибор берилмаëтганини кўрдим.

Озодлик: Олти ойдан кичкинасини нимага сўйдиришмайди?

Сардор: Чунки у она сутидан ажралмаган ҳисобланади.

Озодлик: Унда Ўзбекистон бозорларида сотилаëтган гўштларнинг ҳалол ëки ҳалол эмаслигига қанчалик ишониш мумкин?

- Нафақат Ўзбекистонда балки барча давлатда юрсангиз¸ араблар¸ турклар, мана, қўй сўяди. Ҳалол ва ҳаром гўштни ажратишнинг энг осон йўли, мисол учун, шўрва қилсангиз¸ гўшт тепага чиқиб қолади, ҳаром ўлган ниманики. Қон оқиб кетмаган ва бояги дўстимиз келтиргандай барча қон баданида қолиб кетади. Ҳалол сўйилган ҳайвонники тагига чўкиб¸ ўзи қайнаб ўзининг миқдорида пиша олади. Ҳалол сўйсангиз¸ барча қон чиқиб кетади ва ўзининг миқдорида пишади. Оддий қўйларни қорнидаги боласи билан сўйиб юборган ҳолатлари бўлган. Бу нарсалар аслида ўзи таъқиқланган. Сиз ким қандай сўйганини кўрмайсиз. Энг аввало барча нарсани эгасидан сўраб оласиз-да. “Бу нарса ҳалолми ëки ҳаромми?” деб уч маротаба сўраб қўясиз. У одам 100 фоиз кафолат берса¸ ейишга рухсат бўлаверади. Жавобгарлик сиздан соқит бўлади ва у одамга ўтиб кетади. Агар кўнглингиз жойига тушмаса¸ ҳали айтганимдай қовураëтган ëки пишираëтган ҳолатда аниқ бўлади¸- дейди Сардор.
XS
SM
MD
LG