Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:37

Эркин микрофон - Ўзбекистонда демократия ўрнатилдими?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Тингловчи ва муштарийлардан 18 декабр куни Озодликка келган SMS-хабар ва қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳаза ва истаклар яна “Эркин микрофон” рукнида жамланди. Суҳбатдошларимизнинг кўпчилиги Ўзбекистонда ҳаёт кечириш қийин бўлиб қолганидан нолидилар.


“Эркин микрофон” эшиттиришига Хоразм вилояти, Гурлан туманидан 78 ёшли отахон Ўрозмат Йўлдошев қўнғироқ қилди.

Умри давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг оғир ишлардан бири — булдозер ҳайдаб, зовур ва каналлар қазган, ер текислаган Ўрозмат бува унга тегишли ер олиб қўйилганидан шикоя қилди.

Бу киши "11 йилдан буён шу муаммо ортидан юрибман, ҳануз бир натижа йўқ", дея бошлади Озодлик билан суҳбатни.

Ўрозмат Йўлдошев: Мен прокурорлар устидан¸ порахўр архитекторлар устидан маълумот бермоқчи эдим. 11 йилдан бери 11 суднинг қарори бор менда. Менинг ëзмаган жойим қолмади. Бунинг бошланиши бундай: Оллоëр деган архитектор йигитнинг ëнига мен генплан чизиб бер деб бордим.

Озодлик: "Уйга чизиб бер", деб бордингизми?

Ўрозмат Йўлдошев: Ҳа. Боламнинг жойига генплан чизиб бер, дедим-да. У мендан 50 минг сўм пул сўради. Мен ўзим ўша пайтда 38 минг сўм пенсия олар эдим. “Бундай имкониятим йўқ”, дедим. У менга “Мен буни вилоят архитектурасига олиб бориб бераман. Генпланни вилоят архитектураси чизиб беради”, деди.

Вилоят архитектори ҳам¸ туман архитектори ҳам ҳаммаси порахўр экан. Кейин менинг еримни ҳеч қандай ҳокимнинг қарорисиз¸ ҳеч қандай қўлида чизмаси йўқ Жабборов Олим деган йигитнинг қўлига бериб қўйибди. Шу сабабли менинг ëзмаган ерим ҳам қолмади.

Менда 11 суднинг қарори бор. Мен ҳозир 300 метр квадрат жойда ўтирибман. Менинг тўрт нафар болам¸ невараларим бор. Мен қаерга ëзишни ҳам билмайман.

Каримовга ëзсам¸ у вилоятга юборади¸ вилоят туманга юборади. Туманда ўтиргани порахўр. Терговчи Ëқубов деган йигит “Сен ëзувчи экансан”, дейди. “Би-Би-Сига чиқасанми¸ Озодликка чиқасанми¸ қаерга чиқсанг чиқавер. Осмонни ерга туширасанми¸ сенинг ихтиëринг”, дейди. Мени ҳақоратлаб, шарманда қилди.

Озодлик: Бува¸ ëшингиз нечада?

- Ëшим 78 да. Касбим булдозерчи. 45 йил ер текисладим. Республика прокуратурасида Озодликка чиқадиган Светлана Ортиқова деган аëл бор. “Биз кўп нарсага эришдик, Ўзбекистонда демократия ўрнатдик”, дейди. Бу демократияни қандай қилиб ўрнатди? Союз вақтида биз бундай босқинчиликни¸ ер олди¸ ер сотди деганини эшитмаганмиз.

Каримов президент бўлгандан кейин ер олиш¸ ер сотиш¸ босқинчилик¸ ноқонуний қурилишлар қуриш мавжуд бўлиб турибди. Мен 11 йилдан бери арз қиламан. Ҳеч ким арзимни тингламайди. Кўтара қоғозбозлик¸ - дейди Хоразм вилояти, Гурлан туманидан телефон қилган 78 ёшли отахон Ўрозмат Йўлдошев.

"Ўзбекистонда ҳам ёруғ кунлар бўлармикин?"

Яна бир тингловчимиз эса Москвадан қўнғироқ қилди. Асли андижонлик уста “Эркин микрофон” эшиттиришининг аввалги сонларидан бирида ўзбекистонлик тингловчимиз билдирган фикрга муносабатини билдиришни истади.

- Россияда беш-олти йилдан бери юраман. 15 йилдан бери "Мустақил бўлдик¸ зўр яшаяпмиз", дейди. Мен мана шуларга умуман қаршиман. Россия бор вақтида сув бўлган¸ газ бўлган¸ светлар бўлган¸ бир нима ўчмаган. Телевизорларимиз куйиб қолган бўлса¸ шундай электросетга чиқиб¸ “мана бундай бўлди” десак¸ ўша вақтларда “мана янги олинглар” деб пулини қайтариб берган ëки "олиб берамиз", деб олиб берган. Ҳозир холодилникларимиз куйди. Ўчиради¸ ëндиради¸ свет нормалний эмас. Ўзига тўқ одамлар мана шунақа ҳар хил гапиради. Камбағал одамларнинг ҳаммаси мустақил бўлгандан бери мана шу ëққа оқиб келган. Россия¸ Тюмен - Пюменларга борсангиз¸ ўзбекларни кўрасиз.

Озодлик: Тирикчилик қандай бўлаяпти? Ўтган бир йил давомида сизга қандай бўлди?

- Иккки йилдан бери умуман қийин аҳволдаман. Пул топиш қийин. Кризис деб 200 сўмлик нарсани 100 сўм¸ 75 сўмга тушириб юборди. Мен устаман.

Озодлик: Ëшигниз нечада?

- Ëшим 55 да. Бола-чақани деб мана шу ерларда юрибмиз-да. Бизнинг ëшимиз мана шу ерларда сарсон бўлиб юрадиган пайтларимизми? Ўзингиз ўйлангчи, опа? Ўғиллар ҳам Россияда. Иккови ҳам касал бўлиб ëтибди. Қайтиб кетмоқчи бўлишаяпти. “Бўпти¸ ойлигингни олсанг¸ йўл кирангга етса¸ кетаверасан” дедим.

Озодлик: Демак¸ йўл кирага яраша ҳам пул топиша олмаган?

- Йўқ¸ ҳали топгани йўқ. Шунақа бўлаяпти, энди. Оллоҳ мана шу кунларни бошимизга солган экан, мана, кўриб келаяпмиз.

Озодлик: Ҳар ҳолда Ўзбекистонга борса¸ енгил эмасми? "Болаларим йўл кирага пул топа олмаяпти", деяпсиз. Ўзбекистонда ҳеч ҳам иложи йўқми?

- Нима қиламан Ўзбекистонда? Нима иш қила оламан? Ишнинг ҳамма ëғини биламан. Сувоғидан тортиб томигача ëпишим мумкин. Мана қиз чиқариш керак¸ ўғилни уйлантириш керак. Ҳаммаси тайëр бўлиб турибди.

Озодлик: Ўзбекистонда уй қураëтганлар кўп. Иш топилиб қолмасмикан?

- Усталар ҳам ўзи шунча-да. Масалан, мен бориб “Мен сифатлироқ қилиб бераман. Мана шунча берасан” десам¸ “Ўҳҳў¸ менга бунақаси керак эмас¸ арзонроғи керак”, дейди. Ўзи пул ҳам йўқ Ўзбекистонда¸- дейди Москвада юрган андижонлик уста.

"Ўзбекистонда ишласа бўлмайдими?"

Яна бир тингловчи ҳам “Эркин микрофон” эшиттиришининг аввалги сонларида билдирилган шу фикр – "Ўзбекистон жаннат диёр, ҳаëт жуда ҳам яхши кечаяпти", деган фикрга муносабат билдиришни истади.

- Мана, "Эркин микрофон"га фикрлар билдирилаяпти. Мана, “Президентни ëмонлайсизлар. Ундоқ¸ бундоқ” дейишаяпти. Кимдир “Брежнев фалон ëшигача раҳбарлик қилди. Хрушчëв фалон ëшигача раҳбарлик қидли”, деди. Хрушчëв даврини билмайманку¸ Брежнев даврида яхши эди. Арзончилик¸ тўкин-сочинчилик эди. Таълим бепул эди¸ медицинадан фойдаланиш бепул эди. Бундай бўлгандан кейин ҳамма совет замонини қўмсайди-да.

Давлатимиз яхши сиëсат олиб бораëтган бўлса¸ нима учун миллион-миллион одамлар гастарбайтер бўлиб¸ хор-зор бўлиб юрибди? Давлатни мақтайдиган одамлар ë одамни ахмоқ қилади ë бой-бадавлат одамлар бўлади. Бунëд Отажонов, дейди. Бунëд Отажонов яхши яшаëтган бўлса¸ жаннат бўлса¸ нима учун Россияда гастарбайтер бўлиб ишлаб юрибди? Яна қурилишда ишларкан. Келиб Ўзбекистонда ишласа бўлмайдими?- дейди навбатдаги суҳбатдошимиз.

Пенсия пуллари вақтида берилмаяпти

Қорақалпоғистонлик кекса тингловчимиз Йўлкесар ака эса пенсия пуллари вақтида берилмаётганидан шикоя қилди.

Йўлкесар ака: Биз октябр ойининг пенсиясини ҳали ололмай юрибмиз. Ҳозир ноябр¸ декабр берадиган вақт бўлиб кетдику. Борасан¸ бирдан, иккидан 50-100 сўм дегандай беради-да. Газ билан светнинг ўзига ҳам етмай қолади у.

Озодлик: Нимага кеч қолаëтган экан? Сабабини айтишдими?

- Айтмаяпти. "Пул йўқ", дейди. Тўрткўл туманини айланиб кўрсангиз¸ бир мен эмас ҳаммаси айтади буни. Ўзи Озодлик радиосининг ашаддий мухлисиман. Аввал ҳаммаси жойида эди. Икки ойдан бери йўқолиб кетди¸ - дейди Йўлкесар ака.

************************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG