Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:48

"Нурчи" ва ҳижобли "душман" бўлди


2009 йилда Ўзбекистонда "нурчилар" ва ҳижоблиларга қарши кураш авж олгани кузатилди.
2009 йилда Ўзбекистонда "нурчилар" ва ҳижоблиларга қарши кураш авж олгани кузатилди.

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бугунги сони 2009 йил давомида Ўзбекистондаги диний эркинлик аҳволидан дарак берувчи воқеалар сарҳисобига бағишланган. Кузатувларимизга кўра, энг муҳим деб билганимиз воқеаларни ёдга олиш ва уларнинг йил давомидаги ривожини таҳлил қилишга уриндик.

Шубҳасиз, 2009 йилнинг аввалида мамлакатдаги диний экринликлар аҳволини кўрсатувчи энг муҳим воқеалардан бири “Нурчилар” номли оқимга мансубликда айбланиб, ёш, зиёли диндор йигитларнинг узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилгани бўлди, дейиш мумкин, бизнингча.

2009 йилнинг 26 февралида “Нурчилик”да айбланган илк гуруҳ - Ўзбекистон Ёшлар интеллектуал марказига қарашли “Шарқ Призма” жамияти муассислик қилган “Ирмоқ” журнали ва “Етти иқлим” газетаси ходимлари 12 йилдан 8 йилга қадар қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ҳукмда эса бу ёшлар Туркияда илдиз отиб дунёга ёйилган “Нурчилик” ҳаракатини Ўзбекистонда қайта тиклашга уринган, бу ҳаракатнинг тармоғини ташкил қилган, деган айблов ўз тасдиғини топгани айтилди.

Суд мажлисида иштирок этган кузатувчилардан бирининг сўзларига кўра, “нурчилик”да айбланаётган ўзбекистон фуқароларига қўйилаётган айблов мазмунида, асосан, мана бу маънога урғу берилди:

- "Исломийлашган туркий давлат қурмоқчи бўлган. Буларнинг ғоялари мана шундан иборат. Келажакда улар жамоат хавфсизлигига таҳдид солиб¸ мамлакатда дестабилизация ҳолатини юзага келтириш уларнинг бош мақсади бўлган"¸ деган сиëсий айблов қўйилаяпти¸ - деди суд мажлисида иштирок этган кузатувчилардан бири.

Суд мажлисида Нурчилик ҳаракатини қайта тиклаш асносида республикада катта тармоқ ташкил қилингани¸ яъни бунга алоқадор одамлар Бош прокуратура¸ ИИВ¸ Ўзтелерадиокомпания¸ матбуот ахборот агентлигига бориб тақалиши тилга олинди. Феврал ойидаёқ баъзи тасдиқланмаган маълумотларга кўра, яна 50 киши устидан маҳкама жараёнлари бўлиши мумкинлиги айтилган эди.

Кейинчалик йил давомида республиканинг пойтахти ва бир неча вилоятларида маҳкама жараёнлари бўлиб ўтди ва уларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб, "нурчи"ликда айбланган ёшлар панжара ортига ташланди.

Бу жараённи кузатиб борган ҳуқуқ фаоллари берган маълумотларга кўра, 50 дан ортиқ ёш, зиёли, диндорлар 5-6 йилдан 20 йилгача бўлган қамоқ жазоларига ҳукм қилинди.

Йил давомида Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларининг бу ёшларни қораловчи тарғибот мазмунидаги чиқишлар бўлди.

Аммо айни пайтда ўзбекистонлик диндорлар орасида ҳам “Нурчилар” деган оқим ҳақиқатда бор ва у тўғри йўлдаги диний оқим эмас”, деган мазмундаги баҳслар ҳам кузатилди.

Ана шу баҳсларга жавоб ўлароқ таниқли уламо Обид қори Назаров берган шарҳни ҳам эътиборингизга ҳавола қилиб ўтмоқчимиз.

- Хато бор¸ залолат бор. Хато билан залолатни фарқлаш керак. Хато тўғри йўлда кетаëтган одам билан ҳам содир бўлиши мумкин. Залолат эса адашиш дегани¸ тўғри йўлдан озиш¸ дўзахга қараб кетиш дегани. Аҳли сунна вал жамоадан ажраб чиққан жамоаларга залолат дейилади.

"Нурчилар" жамоасини фирқа дейиш бу — залолат¸ бу йўлдан озди¸ дўзахга қараб кетди¸ дейиш бўлади. Бу сўзни айтиш ниҳоятда оғир. Шунинг учун бу нурчиларнинг эътиқодлари аниқ намоëн бўлмагунча¸ Аҳли сунна вал жамоага зид кўринишлар¸ сўзлар ва амаллар содир бўлмагунча уларни адашган фирқа, деб бўлмайди, - дейди таниқли уламо Обид Қори Назаров “Нурчилик” оқими ҳақида.

Ўзбекистонда 2009 йил давомида кузатилган яна бир йирик жараён эса мамлакатдаги муслима аёлларга — аввалига уларнинг кийимига, сўнгра эса ибодатига бўлган таъқиб ва тазйиқлардир.

Феврал ва март ойларида Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларида таниқли дин ва давлат арбоблари қилган чиқишларда аввалга ўзбек муслима аёллари миллий либосларни кийишга даъват қилинди.

Жумладан, Анвар қори Турсуновнинг марказий телевидение орқали 28 январ куни берилган чиқишидан парча келтирамиз:

“Ҳаë имондандир. Миллатимиздаги оналаримиз ҳаëли бўлган. Ўзларига ярашган ҳаë асосида кийимлар кийганлар. Мана шу оналаримизнинг¸ бувиларимизнинг¸ момоларимизнинг йўлида бўлишимиз керак. Жуда ҳам ҳаддан ташқари ҳаëсизликка ëки мутаассибликка ўтадиган ишларни эмас¸ мўътадил равишда ўртачалилик имоннинг яхшилигини¸ қувватлилигини билдиради”, деган эди Тошкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсунов йил аввалидаги чиқишларидан бирида.

Кейин эса бу мазмундаги чиқишлар пойтахтдаги ташкилотлар ва асосан, илм масканларида ихтиёрий-мажбурий тарзда муҳокамага қўйилди.

- “Халқ сўзи” газетасида Абдулазиз Мансурнинг либослар ҳақидаги мақоласи эълон қилинди. Аттестациядан ўтаëтган ҳар бир ўқитувчи ана шу мақола билан танишиши шарт ва саволлар бор деган талабларни қўйишди. Телевизорда эса битта ролик кўрсатаяпти-да. Битта ўранган қиз ўқувчилар кўтарадиган портфел савдоси билан шуғулланади. У портфелларни очаяпти¸ ичидан қорадори чиқаяпти. Ҳижобли қизни “Мана кўринг¸ бундай либосда юрганлар нима иш қилаяпти” тарзида кўрсатаяпти.

Билмадим, бу ижтимоий буюртмами ëки ҳақиқатан ҳам реал ҳодисами. Реал ҳодиса ҳам бўлиши мумкин. Бунинг замирида одамлар эътиқодига ҳурматсизлик¸ таъқиб ëтибди¸ холос¸ - деган эди Шоҳиста Каримова.

Шоҳиста Каримова: "Расмий ахборот воситаларида бошланган бундай ёндашув ва тарғиб аслида шу вақтгача махфий равишда авж олдирилган таъқиқнинг зоҳирга чиққанидир", деган фикрни билдирган эди.

Кейинчалик давом этган жараёнлар бу ўқитувчи фикрини деярли тўлиқ тасдиқлади.

Бир оз ўтиб, аввалига мактабдаги ўқувчи ва олий ва ўрта махсус таълим масканларидаги талаба қизлардан ҳижоб ҳамда рўмолларини ечиш талаб қилина бошлади.

Шоҳиста Каримова: Ўранган қиз ҳужжатини кўтариб келади. Агар қизнинг отаси келиб “Қизим ҳақиқатан ҳам мана шу лицейнинг ўқув формасига мос ҳолда кийинади” деган тилхат берсагина¸ ҳужжат қабул қилинади. Қолган барча ўранган қизлар қайтиб кетишди.

Озодлик: Шу буйруқни сиз ўзингиз кўрдингизми?

- Йўқ¸ бу буйруқ расмий равишда келмаган. Одатда бунақа буйруқлар расмий равишда келмайди. Буйруқ оғзаки тарзда берилади ва ҳамма системаларда унга амал қилинади,- деган эди ўзбекистонлик ўқитувчи Шоҳиста Каримовa.

Мактаблар ва олий ўқув юртларида қизларнинг ҳижоби, рўмолини ечтириш кампанияси кенг йўлга қўйилганидан сўнг эса мамлакатдаги бозорларда диний либосларни сотиш таъқиқлангани ҳақидаги хабарларни олдик.

Бу кампания, айниқса, Тошкент ва Андижон бозорларида жуда кескинлик билан амалга оширилгани кузатилди.

- Ўзи асосий мақсад ҳижоб бўйича кетаяпти. Чунки ҳозир магазинларда на ҳижоб бор¸ на жойнамоз бор. Одамларни қўрқитиб қўйиб¸ бемалол ишлашга йўл қўйишмаяпти. Сизга яқинда бўлган битта гапни айтиб берай. Битта дўконни босишди. “Нима қиласан аëлларнинг устини ëпиб¸ рўмол сотиб? Ўзингизга ғалва орттириб. Бу ҳаммаси тепадан бўлаëтган нарса бўлса. Ҳаммаси бизга боғлиқ эмас. Бошқа нарса сотгин” дейишган. Одамлар бошқа нарса сотишга мажбур бўлишаяпти¸ - деган эди тингловчиларимиздан бири.

Орадан ҳеч қанча ўтмай жамоат жойларида ишлаётган катта ёшли аёлларнинг ҳам ҳижоблари мажбуран ечтира бошлангани ҳақида хабарларни ҳам олдик.

Ўзбекистондаги муслима аёлларга нисбатан 2009 йилда амалга оширилган тазйиқлар йил охирига келиб Тошкент, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида диндор аёлларнинг гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳибсга олинишларига уланиб кетди.

Айниқса, Қаршидаги қама-қамалар катта шов-шувларга сабаб бўлди. Қаршилик 30 дан зиёд аёл шу йилнинг 5 ноябридан бошлаб ҳибсга олинди.

Аввалига ноқонуний диний даъват билан шуғулланганликда айбланган бу аёллар, Қашқадарёлик ҳуқуқ фаолларига кўра, кейинчалик президентга, Конституциявий тузумга тажовуз, ноқонуний диний ташкилот тузганлик ва унга аъзолик каби айбловлар билан айбланди.

Жумладан, Қашқадарё вилоят МХХ бошқармасининг тергов бўлинмаси бошлиғи, адлия подполковниги Р. Раҳматов имзо чеккан “Меҳринисо Ҳамдамованинг уйида тинтув ўтказиш ҳақида”ги расмий ҳужжатда: “Қарши шаҳрида яшовчи Ҳамдамова Меҳринисо ва бошқалар доимий равишда ўз яшаш уйларида ноқонуний ва яширин тарзда диний мавзудаги йиғилишлар ташкил қилиб, ушбу йиғилишларни жамоатга бирлашиш, жамоатга кўпроқ ёшларни жалб қилиб, сафларини кенгайтириш кабилар тўғрисида ўтказиб, ўз сафларини кенгайтириш учун даъватлар ҳамда фаол ҳаракатлар қилиб келганлар”, дейилди.

Ҳуқуқ фаоллари ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Қарши шаҳридаги ва Тошкент шаҳри ҳамда Андижон вилоятида аёлларга нисбатан бундай тазйиқларни Ўзбекистон ҳукуматининг диндорларга қарши мустақиллик йилларида олиб борган қатағон сиёсатининг давоми сифатида баҳо бериб, ўз норозилигини билдириб келмоқда.

2009 йилнинг иккинчи ярмига келиб Ўзбекистонда диндорлар учун аҳамияти катта бўлган яна бир воқеа, тўғрироғи, икки воқеа содир бўлди.

Тошкент имом хатиби, эшиттириш аввалида аёлларни диний либос ўрнига миллий либос кийишга даъват қилганини хотирлаганимиз, Анвар қори Турсунов номаълум шахслар томонидан ўз уйи олдида пичоқлаб кетилди. Бу воқеа 31 июл куни содир бўлган эди. Орадан бир неча кун ўтиб, норасмий маълумотларга кўра, Ички ишлар вазирлигининг бу қотиллик терговига масъул этиб тайинланган мулозими Ҳасан Асадов ўз уйида отиб кетилди.

Бу Ўзбекистонда аввал содир бўлмаган кутилмаган воқеа бўлганини эътироф этиш лозим. Зеро, ким томонидан қай мақсадда содир этилгани ҳақида ҳанузгача конкрет бир расмий баёнот ёҳуд ахборот берилмаган бу воқеа ўзбекистонлик диндорларнинг яна янги катта-катта гуруҳлари ҳибсга олинишига сабаб бўлди.

Тошкент шаҳри, вилояти, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида бу қотилликка алоқадорликда гумон қилинган 100 га яқин одам ҳибсга олинди. Шуниси муҳимки, Ўзбекистон Бош прокуратураси шахсан ўз назоратига олган бу иш тафсилотлари бошдан-оёқ сир тутилмоқда.

2009 йилнинг кузига келиб эса Сирдарёда қўлга олинган 60 дан ортиқ диндор “Биродарлар” номли уюшган диний-экстремистик, террористик гуруҳга алоқадорликда айбланаётгани маълум бўлди.

Жуда оғир қийноқлар остида ҳибсда сақланган сирдарёлик диндорлардан бирининг қариндоши ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан суҳбатга таяниб, бу йигитлар Сирдарё вилояти ҳокимлиги биноси ёнига портловчи модда қўйганликда гумон қилинаётганини сўзлаган эди.

- Милиция чиқди-да айтди: "Улар ҳокимиятгами¸ кейин яна бир ерга портловчи модда қўйипти", дейди. "Шуларни аниқлаймиз ва кейин юборамиз" деди¸ - деган эди сирдарëлик диндорлардан бирининг қариндоши.

Сирдарёлик ҳуқуқ фаоллари кейинчалик “Биродарлар” номи билан аталган бу экстремистик гуруҳ Тошкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсунов ва Ички ишлар мулозими Ҳасан Асадовга нисбатан суиқасдга алоқадорликда айбланаётгани ҳақида сўзлади.

- Тадбиркорлар ëки маълум бир ишлари бор йигитлар. Тижорат билан шуғулланувчи намозхон йигитлар экан. Орган ходимлари билан ҳам гаплашиб кўрдик. Уларнинг айтишича¸ Анвар қори Турсунов¸ Ҳасан Асадовнинг ўлимига алоқадор Биродарлар деган диний уюшма эмишки¸ кимдир хоришдан буларни қўллаб-қувватлар экан¸- деган эди тингловчиларимиздан бири.

Тергов манфаатларига зидлигини айтиб, 2009 йилда катта шов-шувларга сабаб бўлган икки мулозимга суиқасд бобида бирор расмий маълумотни тақдим қилмаган Ўзбекистон Бош Прокуратураси эса мамлакатда авж олган оммавий қама-қамаларни тасдиқламади, ҳатто.

- Маълумотни тасдиқламайман. Унақа маълумотни тасдиқламайман. Нотўғри маълумот бу, - деди прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқова.

2009 йилда Ўзекистондаги диний эркинликлар, эътиқод эркинлиги билан боғлиқ манзара, умуман олганда, аввалги йиллар каби оғир бўлди. Буни Ўзекистонда диний эркинликлар аҳволини кузатиб келаётган қатор халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этди.

Йил аввалида Москвадаги “Мемориал” ташкилоти “Ўзбекистондаги диний ва сиёсий айбловлар билан қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этилган тутқунлар рўйхати” китобини нашрдан чиқарди.

Бу китобда сўнгги беш йил давомида Ўзбекистонда сиёсий ва диний айбловлар билан қамоққа олинган 1452 кишининг тақдири ҳақида гап боради.

Озодлик билан суҳбат чоғида ташкилот раҳбари Виталий Понамарёв Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини “фожеавий” деб атади.

- Албатта, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти бугун фожеавий аҳволда. Мамлакатда сиёсий қатағонлар ҳамон давом этмоқда. Мисол учун, Ўзбекистон бошқа ҳамдўстлик мамлакатларига нисбатан ўз қамоқхоналарида энг кўп сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган маҳбусларни сақлаётган давлатдир. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида ички ислоҳотлар ўтказилмас экан, бу соҳадаги вазиятнинг яхшиланишига умид қилиб бўлмайди¸ - деди “Мемориал” ташкилоти раҳбари Понамарёв.

Шунингдек, Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси ҳам 1 май куни эълон қилган йиллик ҳисоботида Ўзбекистонни Бирма, Ироқ, Шимолий Корея, Нигерия, Хитой, Туркманистон, Эритрея, Эрон каби "алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар" рўйхатига киритди.

Комиссиянинг Сиёсат ва тадқиқотлар бўйича директори Нокс Теймс Озодлик радиосига берган интервюсида бунинг сабабини шундай изоҳлади:

- Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазият аянчли аҳволда қолмоқда. Шу боис Комиссия АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистонни “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар”, яъни диний эркинликлар энг ёмон кўринишда бузилаётган давлатлар рўйхатида қолдиришни яна тавсия қилди. Тошкент расмийлари диний эркинлик бўйича қонунлар ва ўз сиёсатини ислоҳ қилиши учун биз Оқ Уй маъмуриятини зарурий чоралар кўришга даъват қиляпмиз, - деди Нокс Теймс.

АҚШ Давлат департаменти берган маълумотига кўра, 2007 йилдан бери Ўзбекистонда экстремизмга алоқадорлик айби билан 5000–5500 одам қамалган.

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссиясининг йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда туркиялик диний уламо Саид Нурсийнинг издошлари, дея “нурчилик”да айбланган диндорлар ҳам тилга олинди. Шунингдек, Ўзбекистонда нафақат мусулмонлар¸ балки бошқа диний гуруҳлар вакиллари ҳам таъқибларга учраётгани қайд этилди.

2009 йилнинг кузига келиб ўз ҳисоботини эълон қилган АҚШ Давлат департаменти ҳам Ўзбекистонни "Халқаро диний эркинликлар акти бўйича алоҳида ташвиш уйғотувчи давлат", дея баҳолади.

Дунё давлатларидаги диний эркинлик аҳволини кузатиб борувчи “Форум 18” ташкилоти ҳам 2009 йилда Ўзбекистонда аҳвол янада оғирлашганини таъкилади.

Ўзбекистонда диний эркинликлар аҳволидан хавотир билдирилган сўнгги баёнотлардан бири эса куни кеча дин ва жамият ҳаётини ўрганувчи "The Pew Forum" тадқиқот маркази томонидан билдирилди.

Икки йиллик тадқиқот ва бир йиллик таҳлил асосида ҳозирланган "Дин йўлидаги глобал чекловлар" номли ҳисоботда Ўзбекистон ўз фуқароларининг диний эркинлигини энг кўп чекловчи мамлакатлар қаторига киритилди.

Шу тариқа, 2009 йил ўзбекистонлик диндорлар учун енгил кечмади. Аввалги йиллардаги каби диндорларнинг эътиқод эркинлиги чекланди. Яъни, масжидларнинг ёпилиши, мусулмонларга жамоавий ибодатларнинг таъқиқланиши, диний либосларнинг таъқиқланиши каби ҳолатлар кузатилди.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик мусулмонлар 2009 йилда “нурчилар” билан бирга “биродарлар” деган янги диний оқим номини эшитди.

Шунингдек, 2009 йил ўзбекистонлик муслима аёллар учун ҳам жуда оғир келди. Савдо растасида ўтирган ҳижобли аёлларнинг ҳижоби ечилди, мактабга рўмолда борган ўқувчи қизлар сазойи қилинди.

Шу тариқа санайдиган бўлсак, 2009 йилда мусулмоннинг дилини хуш қиладиган воқеалардан кўра, дилини хуфтон қиладиган воқеалар анча кўп бўлганини кузатиш мумкин ва буни мамлакат ичкариси ҳамда ташқарисидаги диний эркинликлар аҳволини кузатаётган ташкилотлар ҳам таъкидлади.

Албатта, йил давомида ўзбекистонлик диндорларни қувонтирган воқеалар ҳам бўлди. Қаердадир йиллаб ёпиқ турган масжиднинг очилишига рухсат берилди, қаердадир янги масжид қурилди, чўчқа гриппи хавотирига қарамай Ҳаж зиёратига бориш учун рўйхатга илинганлар зиёратга борди ва ҳоказо. Ўз вақтида бундай воқеалар ҳақида ҳам хабар бердик.

Аммо, бундай воқеалар мамлакат оммавий ахборот воситаларининг кундалик тарғибот кампанияси асосий қисмини ташкил этгани боис ҳамда Озодлик радиоси миссияга биноан маҳаллий матбуот диққатидан четда қолаётган мавзулар, хусусан, диний эркинликлар билан боғлиқ воқеаларни ёритиш мақсадида эканимиз боис, биз йил якунларига бағишланган махсус эшиттиришимизда буларга тўхталмадик.

Эшиттириш якунида эса мутлақ умид билдириб қоламизки, кириб келаётган 2010 йил якунлари бугун тинглаганингиз якунлардан ўзгача бўлади ва Ўзбекистонда диний эркинликлар аҳволи ўнгланади, мусулмонларга етаётган заҳматлар барҳам топади.
XS
SM
MD
LG