Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:35

Қирғизистон хавфли ўлкага айланиб бормоқда


Қирғизистонлик журналист ва сиёсатчилар ўлими бўйича жиноий ишларнинг кўпи ҳали-ҳануз очилмай қолаётир.
Қирғизистонлик журналист ва сиёсатчилар ўлими бўйича жиноий ишларнинг кўпи ҳали-ҳануз очилмай қолаётир.

Маълумотларга кўра, 2009 йилда Қирғизистонда бир қанча журналист ва сиёсатчи номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган, ўнга яқин киши хорижий давлатлардан сиёсий бошпана сўраб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

2009 йил қисқа муддат ичида журналистлар Сирғақ Абдилдаев, Улуғбек Бобоқулов, Елена Агеева, Баҳодир Кенжабоев, Абдуваҳоб Мўниев ва Қубанич Жўлдўшевлар номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилди.

Қирғизистон парламенти депутати Санжар Қадиралиев номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилди, Алмаз Ташиев, Генадий Павлюк каби журналистлар турли сабаблар билан калтакланди ва пировардида ҳаётдан кўз юмди.

Маълумотларга кўра, 2009 йилда ўнга яқин журналист ва сиёсатчи хорижий давлатлардан сиёсий бошпана сўраб, Қирғизистонни тарк этган.

Бу борада қирғизистонлик мустақил кузатувчилар орасида қарама-қарши фикрлар мавжуд. Айрим кузатувчилар сиёсатчилар ва журналистларнинг жиноятчилар қурбони бўлаётганини айтса, баъзилари улар давлат томонидан бўлаётган сиёсий буюртма қурбони бўлаётганини айтадилар.

Ўшлик сиёсий таҳлилчи Ғанижон Холматовнинг айтишича, сўнгги йилларда Қирғизистонда турли жиноий гуруҳлар фаолияти кучаймоқда, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилишга уринган сиёсатчилар ва журналистлар эса жиноятчилар томонидан калтакланмоқда ёки ўлдирилмоқда.

- Жиноий гуруҳлар ҳукуматнинг қуролли кучларидан кўра, милициясидан кўра кучлироқ фаолият кўрсатмоқда. Бундай жараёнга озгинагина халақит берган ҳар қандай куч жиноий гуруҳлар томонидан йўқ қилиб ташланаяпти. Буни олдини олишга эса ҳукуматнинг кучи етмаяпти. Жамият тинчлигини сақлаш ҳукуматнинг қўлидан келмаяпти, деди Ғанижон Холматов.

Сиёсий таҳлилчи “бу масала Қирғизистон ҳукумати, президент аппарати, парламенти махсус дастур асосида кўриб чиқиши керак ва аниқ мақсадлар асосида журналистлар, сиёсатчилар учун ҳимоя воситалари ишлаб чиқилиши зарур”, деб ҳисоблайди.

Хавфсизлик соҳасида узоқ йиллик тажрибага эга бўлган генерал-майор Мирослав Ниёзов ҳам Қирғизистонда жиноятчилик кучайган, деган фикрда. У Озодлик радиоси қирғиз шўъбасига берган суҳбатида “ҳукуматнинг жиноий гуруҳлар билан алоқаси бор”, деган шубҳада эканини айтган:

- Қирғизистонда албатта хавф бор. Жиноятчилик вазиятни жуда оғирлаштириб юборди. Ёки ҳукумат, ҳуқуқ-тартибот органларининг қўлидан ҳеч нарса келмайди ё бу ҳукумат жиноятчилар билан бирлашиб, “ҳеч ким бошини кўтара олмасин, ҳеч ким овозини чиқармасин” деган мақсадда шу ишларга йўл қўймоқда, деб ўйлайман, дейди Мирослав Ниёзов.

Қирғизистонлик айрим ҳуқуқ ҳимоячилари эса мамлакатда бугунги кунда сиёсатчи ва журналистларгина эмас, оддий одамлар ҳам турли таъқибларга учраётганини, ҳукуматнинг айрим органлари тарафидан уларнинг ҳуқуқлари очиқ-ошкор поймол қилинаётганини айтмоқдалар.

- Инсон ҳуқуқлари бешга бўлинади - фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқлар каби. Фуқароларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлари давлат томонидан очиқчасига бузилмоқда. Масалан, пенсия ва пособиялар миқдори оз, электр энергияси ёки шу билан боғлиқ нарсалар эса қимматлаяпти, буни инсоннинг иқтисодий ҳуқуқлари бузилиши сифатида баҳолаш мумкин.

Сиёсий ҳуқуқларга келсак, ўтган йили сайлов бўлди. Сайловда ҳам мухолифатчилар ҳуқуқлари чекланди.

Эътиқод эркинлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, турли диний гуруҳ аъзолари ёки оддий намозхонлар турли диний-экстремистик гуруҳларга аъзоликда айбланиб, қалбаки ҳужжатлар билан қамалмоқда, деди ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатилло Раҳматуллаев.

Мутахассислар фикрича, Қирғизистон бир неча йил аввал сўз эркинлиги, дин эркинлиги, сиёсий эркинлик борасида кўплаб ҳалқаро ташкилотлар эътиборига тушган ва Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг эркин мамлакат, “демократия оролчаси” деб тан олинган. Бироқ сўнгги йиллардаги вазият “демократия оролчаси” деган номни йўққа чиқармоқда.
XS
SM
MD
LG