Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:46

Ўзбекистон пансионатларни қайтариб олмоқчи


Ўзбекистон Иссиқкўлдаги 4 пансионатга эгалик қилмоқчи.
Ўзбекистон Иссиқкўлдаги 4 пансионатга эгалик қилмоқчи.

Ўзбекистон Совет Иттифоқи даврида ўзи томонидан Иссиқкўлда қурилган дам олиш пансионатларга эгалик қилмоқчи экани тўғрисидаги хабар қирғиз жамоатчилиги орасида турлича қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон пансионатлар масаласини 2009 йилнинг 28-декабр куни Тошкентда бўлиб ўтган қирғиз-ўзбек ҳукуматлараро комиссиянинг еттинчи йиғилишида кўтарган.

Маълумотларга кўра, Шўролар давлати қулаганидан кейин имзоланган шартномага мувофиқ, Совет Иттифоқи ҳисобидан қурилган, ишхона ва объектларнинг барчаси қайси республика ҳудудида жойлашган бўлса ўша давлат мулкига айланган.

Мазкур шартномага асосан қардош республикалар бюджети ҳисобига бошқа республика ҳудудида қурилган иншоотларнинг кимга тегишли экани эса музокаралар орқали ҳал қилиниши керак. Шундан келиб чиққан ҳолда, Иссиқкўлдаги айрим пансионатлар Ўзбекистон ва Қозоғистонга 15 йилга ижарага берилган эди.

1990 йилда Давлат мулки фондини бошқарган Эсенгул Ўмуралиевнинг айтишича, Ўзбекистонга Иссиқкўлдаги 4 пансионат ижарага берилган:

- Ўзбекларга тўртта пансионат ижарага берилган. Улардан фақат иккитасигина ишлаяпти. Бу Бўзтеридаги “Олтин Қум”, Қара Ўйда “Роҳат” пансионатларидир.

“Дилором” дегани бор, у ишлайдими йўқми билмайман. Тўртинчиси “Тошселмаш”. У Ал Тўнгда жойлашган. Менимча, бугунги кунда у ҳам ишламаяпти, - деди Эсенгул Ўмуралиев Озодлик радиоси қирғиз шўбаъсига берган суҳбатида.

Кузатувчиларга кўра, Қирғизистон томонидан Ўзбекистонга пансионатларнинг берилиши икки давлат орасидаги муносабатларнинг мустахкамлашишига омил бўлади.

Ўшлик сиёсий таҳлилчи Ғанижон Холматов фикрича, пансионатларнинг Ўзбекистонга берилиши Қирғизистонга газ борасида енгилликлар яратиши мумкин:

- Умид қилиш мумкин. Албатда янги шартномалар газ бўйича ҳам, қолаверса, сув масаласида ҳам. Бошқа жиҳатлардан имкон қадар бир-бирига боғлайдиган ишлар амалга ошириладиган бўлса, бу давлатларимиз ўртасидаги 20 йил ичида кўринмаган янги босқичлар, янги умидларни, янги яқинлашишларни кўрсатади. Бу фақат икки халқнинг манфаатларига хизмат қилади, - деди Ғанижон Холматов.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев пансионатлар масаласида икки давлат ўртасида қарама-қаршиликлар мавжудлиги тўғрисида гапиради:

- Агарда Ўзбекистон ҳукумати “мулк бизники”, деб муллка кўз олайтираётган бўлса, унда келишиш имконияти қийин бўлади.

Агарда Ўзбекистон билан “Майли, шу пансионатларни сизлар қурган бўлсанглар 9 йилга ёки 99 йилга сизларга ижарага беришимиз мумкин, ҳамма қатори солиқларни тўлаб турсанглар бўлди”, дейиладиган бўлса келишиш имконияти бор. - деди Тошпўлат Йўлдошев.

Айтиб ўтиш жоизки, Қозоғистон Иссиқкўлдаги пансионатлар учун белгиланган 15 йиллик ижара муддати тугагач, Қирғизистон билан янги шартномани имзолаб, тўрт пансионатни ҳусусийлаштирган, пансионатлар биноси жойлашган ерни эса 49 йилга ижарага олган.

Ўзбекистон Иссиқкўлдаги пансионатларни сўрагани борасида қирғиз матбуотида турли фикрлар ёритилмоқда. Айрим маҳаллий оммавий ахборот воситалари бу пансионатлар Қирғизистон мулки экани, агарда давлат мулки бошқа давлатларга ёки шахсларга сотилса, халқ орасида катта норозиликларга сабаб бўлишини ёзмоқдалар.

- Халқнинг ўртасида бундай масалалар кўриниб туради. Бу сиёсатга ортиқча берилишнинг оқибатлари таъсири. Масалан, бир ойча муқаддам газ таъминоти тўхтаб қолган эди. Айрим маҳаллий ахборот воситалари бу масалани ҳам сиёсатга боғлаб, шов-шув кўтарган эди. Бу Қирғизистонимиздаги ўзига ҳос бир камчилик. Лекин икки томон муносабатининг оқибатлари яхши бўлиб, халқимизнинг онгига, ҳаётига сингиб қоладиган бўлса, ўз-ўзидан бундай гап - сўзлар кўтарилиб кетади, - деди Ғанижон Холматов.

2009 йилнинг 28 декабр куни Тошкентда бўлиб ўтган қирғиз-ўзбек ҳукуматлараро комиссиянинг йиғинида комиссиянинг навбатдаги мажлиси 2010 йилда Бишкекда ўтиши келишиб олинган. Бу йиғилишда сув омборлари, газ масалалари билан бир қаторда пансионатлар масаласи ҳам муҳокама этилиши белгиланган. Бу вақт оралигида эса:

- Биз мутахасислардан иборат бўлган комиссия туздик. Улар ҳар бир объект бўйича мутахасис, юристлар, мулк бўйича мутахасислар ва бошқалар билан биргаликда 6 ой ичида бизга ҳар бир мулк, ҳар бир пункт бўйича ўзларининг таклифларини беришлари керак, - деб маълум қилди Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усенов.
XS
SM
MD
LG