Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:34

Ўш олийгоҳларида порахўрлик ҳамон авжида


Қирғизистонда олийгоҳлардаги порахўрликка қарши ўтказилаётган қатор акциялар ҳам бу иллатнинг йўқолишига заррача бўлса-да, таъсир кўрсатолмаяпти.
Қирғизистонда олийгоҳлардаги порахўрликка қарши ўтказилаётган қатор акциялар ҳам бу иллатнинг йўқолишига заррача бўлса-да, таъсир кўрсатолмаяпти.

Ўш шаҳар расмийлари 2009-2010 ўқув йиллари бўлиб ўтувчи сессияларда порахўрликка қарши аёвсиз кураш эълон қилган бўлсалар-да, яқинда қишки сессияни топшириб бўлган талабалар олийгоҳларда порахўрлик билан боғлиқ аҳвол мутлақо ўзгармагани ҳақида айтмоқдалар.

2009 йил охирида қишки сессиялар бошланишидан аввал Ўш шаҳар етакчиси Мелисбек Мирзақматов талабалар билан учрашиб, имтиҳонларда порахўрликка қарши кураш олиб боришини айтганди:

- Мени олдимга келасизлар, порахўр ўқитувчиларни исм-шарифи билан айтасизлар, мен эса сизлар билан бирга бориб, уларга бойкот эълон қиламан. Оммавий тарзда дарсига қатнашишдан бош тортамиз, мен сизлар билан бирга бўламан. Раҳбар қатори, эркак қатори шу сўзимда тураман. Намойишкорона шундай қилиб, уларни уятга қолдирамиз. Бу албатта порахўрликдан қутулиш усули эмас, аммо бу ҳам кураш усулларидан бири, деган эди шаҳар мэри.

Жаноб Мирзақматов, шунингдек, имтиҳонларда порахўрликни аниқлаш бўйича махсус комиссия тузилганини, унинг таркибига талабалардан ҳам вакиллар киришини билдирганди.

Бироқ ўшлик талабаларнинг аксарияти мазкур комиссия фаолиятидан бутунлай бехабарлигини, олийгоҳлардаги аҳвол эса ҳамон “эски ҳаммом, эски тос”лигича қолаётганини айтмоқдалар:

- Пулга баҳо олишлар ҳар йилгидай давом этмоқда. Зачёт 200 сўмдан (тақрибан 4,5 АҚШ доллари – таҳр.) бўлаяпти. Аввал келиб, ўзимиз топширишга ҳаракат қиламиз. Баҳо ололмасак, гуруҳ старосталарига зачётка билан пулни берамиз ва старосталар орқали баҳони қўйдирамиз, дейди ўшлик талабалардан бири.

Қирғизистонлик талабаларнинг аксарияти олийгоҳларда порахўрлик кучайишига ўқитувчилар айбдор, деб ҳисоблайдилар. Уларга кўра, айрим ўқитувчилар пора олиш мақсадида талабаларни имтиҳондан атайлаб йиқитадилар.

Бироқ олийгоҳ ўқитувчилари бу айбловларни рад этадилар. Улар порахўрликнинг авж олишида талабаларни айблашади. Олийгоҳ ўқитувчиларидан бири Одилбек Ботиралиев гапиради:

- Билишса, баҳони хурсанд бўлиб қўйиб берамиз. Талабаларнинг ўзлари дарсларга келишмайди, ҳеч нарса билишмайди. Уларни “ўқи” деб қийнасанг, булар “ҳа, пул олиш учун шундай қиляпти”, деб ўйлашади, ҳар кимни ўртага қўйишади, деди олийгоҳ ўқитувчиларидан бири Одилбек Ботиралиев Озодлик радиоси қирғиз шўъбасига берган суҳбатида.

Шу ўринда олийгоҳ ўқитувчиларининг ҳаммаси ҳам пора олавермаслигини айтиб ўтиш жоиз. Ўз исмини ошкор қилишимизни истамаган ва порахўрликка мутлақо қарши бўлган ўшлик домлалардан бири қишки сессиялар бошланишида олийгоҳ раҳбарияти ўқитувчиларни “огоҳлантиргани”ни айтади:

- Ўзгариш бўлмайди-ю, лекин “эхтиёт бўлинглар, билдирмасдан олинглар”, деган “расмий” буйруқ бор. Олдинги йилларга нисбатан раҳбарият томонидан: “агарда пора олган ўқитувчи қўлга тушса, ўқитувчини ҳам, кафедра мудирини ҳам ишдан ҳайдаймиз”, деган гаплар бор. Лекин оладиганлар яна ўша-ўша, барибир баҳона топишади, деди аноним суҳбатдошимиз.

Маҳаллий кузатувчилар кўра, олийгоҳлардаги порахўрликни йўқ қилиш учун ўқитувчиларнинг маошини олинаётган порага муҳтож бўлмайдиган даражада кўтариш керак:

- Порахўрликни мэр ёки универститет ректори ҳеч қачон йўқ қила олмайди. Универститетда ҳам, бошқа ерда ҳам порахўрлик томир отиб кетган. Улар қандай қилиб курашсин? Ўша олийгоҳ ўқитувчисининг маошини ва озиқ-овқат нархини ҳисоблаб кўрайлик-чи, ўқитувчи маошига қанча озиқ-овқат келар экан? Бу маош бир ойга етадими ёки етмайдими? Бу муаммо охири бориб ҳукуматга тақалмоқда, дейди маҳаллий кузатувчи Юруслан Истанов.

Унинг айтишча, порахўрликка қарши курашни ҳукумат ўзидан бошлаши ва бошқаларга ўрнак бўлиши керак.
XS
SM
MD
LG