Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:35

Сайловчи газ, номзод сайлов билан овора


10 январ куни Ўзбекистонда Олий мажлис қонунчилик палатаси учун 39 та сайлов округи, маҳаллий ҳокимият органлари учун эса 779 сайлов округида қайта сайлов бўлди. Озодлик суҳбатдошлари халқ бу сайловга катта қизиқиш билдирмаётганидан сўзладилар.

Ўзбекистонда Олий мажлис қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий ҳокимият органларига қайта сайлов бўлаётган 10 январ куни биз яна оддий сайловчилар билан суҳбатлашдик.

Зеро, Марказий сайлов комиссияси "Қайта сайлов қайси ҳудудларда бўлаяпти, қандай бўлаяпти, биринчи босқичдан ўта олмаган номзодлар ким?" каби одатий саволларимизга жавоб беришдан бош тортиб, бизни комиссиянинг расмий веб-сайтига йўллаб қўя қолди.

Вебсайт хабарлари мазмунига кўра эса, қайта сайлов сайловчиларнинг ўта фаоллиги билан ўтмоқда ва қонунбузарликлар ҳақида ҳеч қандай маълумотлар йўқ. Ўтган гал сайловчиларининг 50 фоизини овозини йиғолмаган номзодлар бу гал демократик тамойиллар остида яна бир ҳалол кураш майдонига тушган.

Биз эса мана шундай расмий баёнотлар ортидан яна сайловчиларнинг ўзлари билан суҳбатлашишга уриндик ва Озодликнинг тингловчиси бўлган баъзи сайловчилари ўзлари гувоҳ бўлган манзаралар ҳақида сўзлаб беришди.

Жумладан, Фарғона вилоятининг қайта сайлов бўлаётган Олтиариқ туманида истиқомат қиладиган тингловчимиз сим қоққанимиз куннинг биринчи ярмига қадар овоз бериш учун бормаганини айтди.

- Қайта сайлов бўлаяпти, лекин ҳеч ким жиддий ёндошиб, киргани йўқ у ерга. Соддароқ қилиб айтганда, агитациясиям бўляпти ташқарида. “Сен унга овоз бер, бунга овоз бер” деган, лекин қайси инсон буларни ваъдасига ишонади?!

Озодлик: Сиз ўзингиз бордингизми овоз беришга?

- Йўқ, йўқ, мен борганим йўқ. У номзод кимлигиниям билмаймиз, қаерлик бу одам? Буни ўша ерда аралашиб юрганлар билади, холос. Шундай нарсаларни эшитдимки, бугун депутатлар шундай қилишаётган эканки, ўзга ерлик одамлар ёки коллежлар ўқувчиларини олиб келиб, бюллетенларни уларнинг номига оформлят қилиб, шу номзодгв овоз бердиришаётган экан. Бугун бозорга борган эдим, ўша ерда эшитдим.

Озодлик: Бу рост гапмикин ёки миш-миш?

- Рост гапдир-да, бўлмаса, одамлар бунақа гапни қаердан олади? Хуллас, сайлов оқшом соат 8 гача бўларкан. Хоҳласангиз, бир соатдан кейин телефон қилинг. Мен бориб ҳаммасини кўзим билан кўриб, кейин сизга гапириб бераман.

Олтиариқлик тингловчимиз билан суҳбатнинг давомини бир соатдан кейинга қолдирдик-да, кейин қайта сайлов бўлаётган округлар ҳудудида яшаётган бошқа тингловчиларимизни қидирдик.

Уларнинг орасида Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кузатувчи Бахтиёр Исабеков ҳам бор экан. Бахтиёр ака унинг ҳудудидан кўрсатилган номзод биринчи босқичдан ўтолмаганидан ўтган куни хабар топганидан таажжубда эканини айтди.

- Ўтган куни олдим чақириқ қоғозини. Агар ростдан ҳам улар рақиб бўлиб, овоз етмай қолган бўлганда эди, ҳар бир сайловчи овози учун курашиши керак эди. Масалан, бизни уйда мен ва ўғлим сайловчимиз. Бизнинг овозимизни рақибига бериб қўймаслик учун курашиши керак эди. Бу ўз-ўзидан бу спектакл эканининг белгиси. Мен сайлов участкаси қаерда эканиниям ҳам билмайман. Буни мен, ҳатто бойкот ҳам демасдим, бу шунчаки бунақа нарсадан кўнгил озиш, дегани, дейди Бахтиёр Исабеков.

Ўзбекистонда Олий мажлис қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий ҳокимият органларига сайлов ўтган йилнинг 27 декабрида бўлиб ўтган эди.

Бу сайлов, аввалгилари каби, Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги мустақил кузатувчилар, дунё давлатлари бўйлаб сайловларни кузатиб борувчи халқаро ташкилотлар, ўзбекистонлик муҳолифат ва демократик кучлар вакиллари томонидан деярли бир овоздан “нолегитим” дея баҳоланган эди.

Айни пайтда, Озодлик билан суҳбатда собиқ депутатлар ва шу гал депутатликка номзодини кўрсатган, аммо тасдиқланмаган шахслар, шунингдек, Ўзбекистонда туриб сайловни кузатган мустақил кузатувчилар депутатлар рўйхати ҳали сайловлар бўлмасидан аввал тузилгани ва бу сайлов шунчаки томоша эканидан сўзлаган эдилар.

Бахтиёр Исабековга кўра, қайта сайлов ўша томошанинг давоми, холос.

Олий мажлис қонунчилик палатасига бораётган 39 округдан бирида истиқомат қиладиган яна бир суҳбатдошимиз Ҳамдам Сулаймонов фикрига қараганда, бу томошанинг бир аҳамиятли жиҳати бор.

Яъни ташаббус гуруҳлари орқали ўзи истаган номзодларни кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган сайловчилар учун қайта сайлов аввалгиси каби аҳамиятсиз. Аммо сайланиш ҳуқуқи берилган 4 сиёсий партия вакиллари ва тарафдорлари учун қайта сайлов аҳамиятлидир.

Ҳамдам Сулаймонов бу сайловни, гўёки шу 4 та сиёсий партия ичида бўлаётган демократик сайлов, деб баҳолар экан, қайта сайлов бўлаётган округлардан кўрсатилган номзодлар аввалдан тайинланмаган бўлиши мумкин, деган эҳтимолни илгари сурди.

- 4 та партия ўртасида демократик сайлов бўлди. Ҳозир менинг билишимча, Фарғона шаҳрида ҳам шаҳар кенгашига, ҳам вилоят кенгашига, ҳам қуйи палатага, кейин Бувайда районида ҳам қуйи палатага такрорий овоз берилди. Агар номзодлар тайинланган бўлганда эди, биринчи босқиядаёқ бу масала ҳал бўлар эди.

Озодлик: Ҳамдам ака, парламент сайловлари ҳақида шунчалик кўп танқидий фикрлар ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро мустақил кузатувчилар томонидан айтилмоқда. Шундай бир шароитда ростдан ҳам соғлом рақобат бўлгани-ю, номзодлар етарли овоз ололмагани учун иккинчи босқичга ўтиб қолганига ишонасизми сиз?

- Ўзбекистондан 16 миллион 400 та сайловчи бор, статистикага кўра. Мисол учун, шуларнинг 1 миллиони ўша 4 та партия аъзоси. Шу сиёсий партия кўрсатган номзодлар ва уларнинг тарафдорлари ўртасида демократик сайловлар бўлаяпти. Улар уни-буни ваъда қилиб, электоратни, яъни партиясизларнинг овозини йиғишга ҳаракат қилишаяпти. Аммо партияси бўлмаган 14 миллион сайловчи сайланиш ва сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганича қолаяпти барибир, дейди Ҳамдам Сулаймонов.

Яъни, фарғоналик мухолифат фаоли Ҳамдам Сулаймоновга кўра, қайта сайлов ҳам, ундан аввалги биринчи босқич сайловлар ҳам Ўзбекистондаги 4 сиёсий партия ва бу партияларнинг Сулаймонов тахмин қилган 1 миллион тарафдори учун бўлмоқда ва улар, ҳаттоки, ўзаро соғлом рақобат ҳам қилмоқда.

Ҳамдам Сулаймоновнинг бу фикрини аввалроқ сўзлашганимиз олтиариқлик сайловчи бироз тасдиқлагандай бўлди. Ваъдага мувофиқ, бир соатдан кейин у сайлов участкасида кўриб келганлари билан ўртоқлашди.

- Борган эдим, дарвозанинг олдидаёқ биттаси чақириб: “Кимга овоз бермоқчисиз? Мана бу одамга овоз берсангиз, у одам ишларимизни енгиллаштиради. Газни қилиб бераман, деган. У завод директори”, дейди. “Қани газ? Газ йўқ-ку? Аввал газни қилиб берсин, кейин мен овоз берай. Ким ўзи у одам, танимасам, қандай қилиб унга овоз бераман”, дедим. У киши бўлса: “Эээ, шу одамга овоз беринг, ҳаммаси чиройли, зўр бўлади, мен ҳаммасини қилдириб бераман”, дейди ҳадеб. Аммо аниқ нима ишни қилдириб беради - бу ҳақда гапираётгани йўқ. Мисол, мана ҳозир қўшни қишлоқдан одамларни машинасида олиб келиб, бюлетенни ўзгартириб, ўша номзодга овоз бердиришаяпти.

Озодлик: Сиз-чи, сиз овоз бердингизми?

- Йўқ мен овоз бермоқчияммасман, у одамни танимайман-ку.

Озодлик: Қишлоқдошларингиз-чи, улар қизиқиш билдиряптими қайта сайловга?

- Одамларнинг қизиқиш билдиргани шуки, сайловга бюллетенни кечроқ олиб чиққан одамга у-бу нарса таклиф қилиши мумкин булар. Бирор машина нарса тўктириб берармикин, уч-тўрт сум пўл берармикин, деб умид қилишаяпти.

Озодлик: Ростдан ҳам шунақа ваъдалар бўлаяптими?

- Албатта, шунинг учун ғирт бекорчи ҳам кечга яқин чиқиб келаяпти-да, овоз беришга!

Озодлик: Кейин шу ваъдасини бажарадими бу номзоднинг вакиллари?

- Бажарса керакдир-да, шунинг учун одамлар умид қилаётгандир! Ҳозир, ҳозир мана маҳаллада бир-иккитаси чиқиб кетаяпти, мен улардан сўрайман. Сиз эшитиб турасиз!

Суҳбатдошимиз ёнидан ўтаётган маҳалладошларига мурожаат қилди.

- Насим ака, кимни сайладинглар?

- Ҳомидовни.

- Ҳомидов, ким экан у?

- Эээ, шағал тўккан одам.

- Шағал тўкди...(кулади) Қаерга?

- Масжиднинг йўлига.

- Неча машина тўкди?

- Ээ, нима фарқи бор, масжидни йўлига шағал тўкиб берди-да, хуллас.

- Ҳа, тўғри, (кулади) сизларга нима фарқи бор, дер экан фарғоналик суҳбатдошимиз яна Озодлик мухбирига юзланди:

- Кўрдингизми мана, “Бизга нима фарқи бор, масжидни олдига шағал тўкди” деяпти. Ким билади, ҳали бу одамнинг уйига ҳам шағал тўкиб бердими... (кулади) Хуллас шунақа, бунинг орқасида жуда кўп гаплар бор. Ҳозир ҳамма нарсани пул ҳал қилади. Бу номзод: "Нима қилиб бўлса ҳам депутатликка сайланиб олсам бўлди, харажатларни ундириб оламан", деяпти-да. Харажатни эса барибир халқни устидан ундиради-да, албатта!

Шу пайт суҳбатдош ёнидан ўтаётган яна бир ҳамқишлоғига юзланди.

- Аҳрор ака, сайловга чиқдингизми?

- Йўқ ҳали.

- 8 гача бўларкан-у, биз ҳам энди чиқамиз.

- Айтганча, сизлар газ учун олинган ҳалиги аппаратни ишлатдингизми?

- Эээ, аппартни ишлатдиг-у, аммо газнинг ўзи йўқ, таг-туги билан газ йўқ. Биз бориб келдик, ҳўв ўша устахонасигача. Умуман, газнинг ўзи йўқ, ака.

Суҳбатдошимиз яна Озодлик мухбирига юзланди:

- Мана кўрдизми, опа, қора халқ совуқни кунида газ билан овора, бу ёқда депутатлар ўзи билан овора...
XS
SM
MD
LG