Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:45

Ўзбекистонда солиқ полицияси тузилади


Президентнинг янги фармони билан ўзбек солиқчилари сони кўпаядиган бўлди.
Президентнинг янги фармони билан ўзбек солиқчилари сони кўпаядиган бўлди.

Бозор - Ўзбекистондаги аксар аҳолининг даромад майдонига айланган. Ана шу майдон етарлича назорат қилинмаëтир¸ аниқроғи сони кунига ўсиб бораëтган бозорчилар рисоладагидай ўлпон тўламаëтир¸ деган тўхтамга келган Тошкент бу вазиятга барҳам беришга қарор қилган кўринади.

Ўзбекистон президенти қарори билан мамлакатда солиқчилар сони 11 минг 937 нафарга еткизиладиган бўлди. Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси қошида Бозор ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси тузилади¸ вилоятларда эса унинг 590 ходимли бўлинмалари ташкил этилади.

Ўзбекистон республикаси президенти қарори билан Давлат солиқ қўмитаси қошида ташкил этиладиган янги бошқарма ва бу бошқарманинг республика бўйлаб бўлинмаларига олинадиган 600 нафардан ортиқ ходимга юклатиладиган конкерт вазифа нималардан иборат экани ҳақида ҳозирча на расмий, на норасмий манбалар хабар қилмоқда.

Шу жумладан, президент қарори ҳақида хабар берган “Регнум” агентлиги ҳам янги солиқ бошқармаси ташкил этилишидан кўзланган мақсадга оид бирор изоҳ ола олмаган.

Аммо Солиқ қўмитаси ҳудудий инспекцияларидан бирида телефон гўшагини кўтарган ходим сўзларига кўра, бу бошқарма гарчи Давлат солиқ қўмитаси қошида тузилган бўлса-да, унинг алоҳида фаолият юритувчи ва солиқ полицияси мақоми бериладиган бошқарма бўлиши кутилмоқда.

- “Бу налоговий полиция бўлади. Алоҳида бўлади” дейишаëтган эди. Агар қўл қўйиб тасдиқланса¸ ўша қўмитанинг қошида бўлади. Шаҳар солиқ қўмитасига расман бўйсунмаслиги мумкин. Агар тасдиқланса¸ вилоятда ўзининг бошқармаси бўлади. Шаҳарники алоҳида назорати бўлади. Уларнинг иши бошқа¸ бизнинг ишимиз бошқа бўлади¸ дейди солиқ қўмитасининг ҳудудий инспекцияларидан бирида телефон гўшагини кўтарган ходим.

Бу солиқчининг сўзларига кўра, ҳозирча бу тахмин, холос ва ушбу қарор ижроси бўйича кўрсатма ҳали келиб тушмаган.

Айни пайтда бозор ва савдо мажмуаларини назорат қилувчи алоҳида бошқарма тузиш ва унга маҳаллий солиқ инспекцияларидан мустақил фаолият юритиш ваколатининг берилишидан кўзланган асосий мақсад ҳақида ҳам ҳали расман тушунтириш берилгани йўқ.

Бу пластик карточкаларнинг жорий этилиши билан боғлиқмикин, деган саволимизга бу ходим “йўқ”, деб жавоб берди. Унинг фикрича, бу республика ҳудудида савдо мажмуалари ва бозорлар сонининг ортиб бораётгани билан боғлиқдир.

- Кундан-кунга шаҳобчалар сони ортиб бораяптида. Шуда сабаби.

Озодлик: Бозордаги шаҳобчалар соними? Савдо расталари деяпсизми?

- Назорат қилиш қийин бўлиб кетаëтган масалада. Ўшанга бозорни ўшалар назорат қилсин¸ деб алоҳида битта бўлим қилиб қўяяпти¸ дейди солиқ қўмитасининг ҳудудий инспекцияларидан бирида телефон гўшагини кўтарган ходим.

“Аммо, биз буни ҳозирча тахмин қилаяпмиз, аниқ кўрсатма ва вазифа ҳали бизга келгани йўқ”, дея яна бир карра такрорлади солиқ инспекцияси ходими.

Президентнинг навбатдаги қарори билан республикадаги солиқчилар сони 11 937 нафарга етказиладиган бўлди ва афтидан, шу пайтгача ишлаётган солиқчилар сафига келиб қўшиладиган 600 нафардан ошироқ янги ходим фақат бозор ва савдо мажмуалари назорати билан шуғулланади.

Ҳозир бу ишни Солиқ қўмитасининг ҳудудий инспекцияларида ишлаётган хизматчилари бажармоқда.

Вилоят, шаҳар ва туман солиқ инспекцияларининг жисмоний шахслар билан ишловчи бўлими таркибида бозор ва савдо мажмуалари билан шуғулланувчи алоҳида шўъбалар бор. Вилоят ва шаҳар солиқ инспекциялари таркибидаги бозор шўъбаларида 5 – 10 нафардан, туман бўлимларида эса 1- 3 нафардан ходим ишламоқда.

Республикадаги бир қатор туман инспекциялари шу кунларда бозор ва савдо комплекслари назорати учун ажратилган штатдаги ходимлар сони етишмаётгани ва янги бошқарма шу боис очилаётганини айтмоқда.

- Бозор бўйича битта одам ишлайди.

Озодлик: Бу бир киши нечта бозорга қарайди?

- Битта бозорга. Умуман штат бўйича биттада. Лекин керак бўлса физический отделдан олади.

Озодлик: Физический отдел қандай отдел у?

- У ҳалиги солиқ йиғадиганалр. Улар уйлардан мулк солиғини¸ ер солиғини йиғадида.

Озодлик: Ходимлар сони оширилса¸ яхши бўладими?

- Менимча¸ яхши бўлади. (кулиб) Бизларга яхши бўлади¸ бошқаларга билмадим¸ дейди республикадаги туман солиқ инспекцияларидан бирининг ходими.

Муқаддам солиқ тизимида ишлаган ва овозини ёзиб олишимизни истамаган сирдарёлик суҳбатдошимиз аслида солиқчининг бозор ва савдо мажмуаларида қиладиган асосий иши ҳужжатларни текшириш холос, дер экан мавжуд солиқ инспекцияларига бўйсунмайдиган алоҳида бошқарманинг ташкил этилиши сабабини бошқа тарафда — солиқ тизимидаги коррупциянинг мутлақ бедодлик даражасига етгани билан боғлайди.

Унга кўра¸ марказдан бошқариладиган янги бошқарма тузиш билан бозорчи ва савдогарлардан яширин ва ошкора тарзда териб олинаётган ҳамда солиқчиларнинг чўнтакларига кириб кетаётган пора оқимини тартибга солиш кўзланаётган бўлиши мумкин.

- Ҳозир солиқчи бозорга ёки супермаркетга кириб, уни буни баҳона қилиб, савдогарлардан пора олиши ва шундоққина чўнтагига солиб чиқиб кетиши мумкин. У олган порасидан кимгадир улуш беришиям мумкин, бермаслигиям мумкин. Янги бошқарма бозор ва дўконларни ўз назоратига оладиган бўлса, эски солиқчиларга деярли насиба қолмайди, менимча, дея киноя қилди номи ошкор этилмаслигини сўраган, муқаддам республика солиқ тизимида ишлаган суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG