Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:49

Қирғизистонда мактаб рэкетчилари судланмоқда


Маълумотларга кўра, Қирғизистонда cўнгги беш йиллик ичида мактаб рэкети кучайган.
Маълумотларга кўра, Қирғизистонда cўнгги беш йиллик ичида мактаб рэкети кучайган.

Қирғизистоннинг Талас вилоятида қуйи синф ўқувчисининг ўлимида айбланаётган 6 нафар мактаб ўқувчиси устидан маҳкама бўлиб ўтмоқда. Судланувчилар ўз айбини инкор қилмоқдалар.

Талас вилояти Бақай ота туманига қарашли Тўйчубекўв номли ўрта мактабнинг 10-синф ўқувчиси Нурақ Садабай ўғли ўтган йилнинг ёзида оёқ оғриғидан вафот этган. Нурақнинг отаси Садабай Тўқўналиев ўғлининг ўлимидан бир неча ой аввал мактабдаги юқори синф ўқувчилари томонидан калтакланганини, натижада оёғидан жароҳат олиб, бу жароҳати онкологик касалликка айланиб кетганини айтади.

Садабай Тўқўналиевга кўра, ўтказилган тиббий экспертиза ҳам ўғлининг онкологик касаллик сабабли вафот этганини тасдиқлаган.

Нурақнинг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилганидан сўнг у ўқиган мактабнинг ўтган йилги битирувчилари Данил Данияров ва Расул Абдубековлар қўлга олинган. Улардан ташқари ушбу воқеага алоқадорликда айбланаётган яна 4 бола судланмоқда.

Ушбу суд маҳкамаси 2009 йилнинг ноябрида бошланган, бироқ гувоҳлар кўп бўлгани сабабли маҳкама бугунги кунгача давом этмоқда.

Нурақ Садабай ўғлининг отаси Садабай Тўқўналиев 13 январ куни бўлиб ўтган суд жараёнида айбланувчилардан бири аввалроқ уларнинг уйига келиб, ўз айбини тан олганини маълум қилди:

- Бўкўн Данияров боласи билан келиб, кечирим сўради, яъни Данил Данияров отаси билан келди. Ўғлим: “Ташқаридан калтак олиб кириб уришарди”, деб айтган. Булар ўқиган синфнинг плинтусларини чиқариб, болаларни уришар экан ва кейин плинтусни ўрнига қўйишар экан. Чириб қолган пол тахталарини чиқаришиб, ўша билан уришар экан. Ўтирган стулларнинг суянчиғларини чиқариб, ўша билан ҳам уришар экан. Қисқаси болалар хаёлига нима келса, ўшани қилишаверган, деди Садабай Тўқўналиев.

Айни пайтда маҳкамада мазкур воқеага алоқадорликда айбланаётган олти бола ўзларининг айбдор эмасликларини билдиришди:

- “Ҳар куни урарди”, дейишяпти, ҳар куни плинтус билан урмаганман. Мен ўзи бундай ишларга кўп қатнашмаганман, деди айбланувчилардан бири Данил Данияров.

Мактаб рэкети бўйича ўтаётган бу суд маҳкамаси 21 январга қолдирилди.

Қайд этиш жоизки, сўнгги пайтларда Қирғизистондаги таълим даргоҳларида рэкетчилик кучайган. Маълумотларга кўра, мактабларда норасмий гуруҳлар тузилиб, уларга етакчи сайланади. Бу етакчи ўқувчилар орасида “паровоз” деб аталиб, у асосан ўқувчиларга солиқ солади. Норасмий гуруҳ талабларини бажаришни истамаган ўқувчилар эса турли усуллар билан жазоланади.

Расмийларга кўра, ўқувчиларга солиқ солиш ва зўравонлик қилиш билан асосан 10-синф ўқувчилари шуғулланади:

- Ҳуқуқбузарликка асосан 10-синф ўқувчилари йўл қўймоқдалар. 11-синф ўқувчилари ҳам зўравонлик қиладилар, бироқ озроқ миқдорда. Улар битирувчи синф бўлгани боис бундай ишларга кўп ҳам қўл урмайдилар. Ҳуқуқбузарлар орасида 8-9-синф ўқувчилари ҳам бор, деди Ўш шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдували Болтабоев.

Қирғизистонда фаолият кўрсатаётган нодавлат ташкилотларининг норасмий статистикасига кўра, 2009 йилда Қирғизистон мактабларида рэкетчилик 30 фоизга ўсган. Мутахассислар сўнгги йилларда мактабларда рэкет қурбони бўлмаган ўқувчи қарийб қолмаганини таъкидламоқдалар.

Кузатувчиларга кўра, мактаб безориларнинг аксарияти юқори лавозимда ишлаётган амалдорларнинг фарзандлари бўлгани учун ҳам жабрланувчилар улар устидан ариза ёзишдан бош тортишади ёки улар ёзган аризаларнинг аксарияти судгача етиб бормайди.

- Бу болалар асосан амалдорларнинг фарзандларидир. Безори болаларнинг отаси ёки онаси юқорироқ лавозимда ишлагани учун жабрланган болаларнинг ота-онаси ҳеч қаерга ариза беролмайди. Бундай ота-оналарга нисбатан ҳукумат томонидан бирон бир жазо кўрилсагина, биз мактабдаги безорилик ҳолатларини камайтира оламиз, деган эди Ўшдаги “Улибка” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Элмира Умарова аввалроқ Озодликка берган суҳбатида.

Унинг айтишича, Қирғизистондаги деярли барча мактабларда безорилик ҳолатлари тез-тез содир бўлиб туради, бироқ мактаб раҳбарлари тегишли идоралар танқидига учрамаслик учун кўп ҳолларда буни яширишга ҳаракат қилади.
XS
SM
MD
LG