Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:46

Қирғиз чегарачилари ўзбек сайти фаолиятидан норози


Кузатувчилар қирғиз-ўзбек чегарасида ҳар иккала мамлакат чегарачилари томонидан давлат чегарасидан ўтаётган фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилиши оддий ҳолга айлангани ҳақида гапирмоқдалар.
Кузатувчилар қирғиз-ўзбек чегарасида ҳар иккала мамлакат чегарачилари томонидан давлат чегарасидан ўтаётган фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилиши оддий ҳолга айлангани ҳақида гапирмоқдалар.

Ўзбекистонда фаолият юритувчи рress-uz.info интернет нашри 23 феврал куни қирғиз чегарачилари кирдикорлари ҳақида мақола чоп этди. Қирғизистон Чегара хизмат масъуллари эса ўзбек сайти уларни мунтазам равишда асоссиз қоралаш билан машғул бўлаётганини таъкидламоқдалар.

Рress-uz.info сайтида босилган “Янги тагматнли эски мавзу” сарлавҳали мақола муаллифи Фуркат Намозовнинг ёзишича, Ўзбекистон фуқароси Дилмурод Тожибоев Фарғона вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош “Ўзбекистон” чегара пунктидан ўтаётиб, олдидаги 550 АҚШ доллари, 1500 қирғиз сўми (тақрибан 33 АҚШ доллари – таҳр.) ва 10 минг ўзбек сўмини божхона декларациясига ёзади. Ўзбекистон ҳудудидан ўтгач, Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Ўзбекистон билан чегарадош “Қизилқия” чегара пунктига келади. Аввалига қирғиз чегарачилари унга яхши муомалада бўладилар, бироқ божхона декларациясида ёзилган пулларни кўргач, чегарачилар Тожибоевни шахсий текширувдан ўтказиш учун алоҳида хонага таклиф қилишади.

Хонада Бобулсин исмли қирғиз чегарачиси ўзбек фуқаросидан 50 доллар беришни талаб қилади. Бироқ Тожибоев кичик сержант Бобулсинга унинг ҳаракатлари ноқонуний эканини айтгандан сўнг, сўралган пул миқдори 500 қирғиз сўмига қадар (тақрибан 11 АҚШ доллари – таҳр.) туширилади. Бироз тортишувдан сўнг қирғиз чегарачилари Тожибоевнинг 10 минг ўзбек сўмини тортиб олиб, қолган пулларини қайтиб беришади.

Тожибоев ўша ернинг ўзида пулларини санаб олади ва қайтариб олинган пулнинг 100 АҚШ доллари қалбаки эканини, уни қирғиз чегарачилари алмаштириб қўйганини тушунади. У қирғиз чегарачиларидан хориж валютасини қайтариб беришни талаб қилганидан кейин икки ўртада муштлашув бошланади. Тожибоев қирғиз чегарачилари қўлидан қутилиб, Ўзбекистон томонига қочиб кетади.

Ўзбекистон ҳудудига ўтиб олган Дилмурод Тожибоев бўлган воқани ўзбек чегарачиларига айтиб беради. Шу ернинг ўзидаёқ “Ўзбекистон” чегара пункти раҳбари ўзининг Бақит исмли қирғиз ҳамкасби билан учрашади ва жабрланувчига 100 АҚШ доллари қайтариб берилади. Бироқ Тожибоевнинг 10 минг сўми қирғиз чегарачиларида қолиб кетаверади.

Биз мазкур воқеага аниқлик киритиш мақсадида Қирғизистон чегара хизмати масъулларига боғланганимизда муассаса матбуот хизмати ходимаси Салқин Абдуқариева бундай воқеа бўлмаганини айтди.

Салқин Абдуқариева: Ким буни ёзаяпти?

Озодлик: Рress-uz.info сайти.

Салқин Абдуқариева: Муаллифи-чи?

Озодлик: муаллифи Фурқат Намозов.

- Биласизми, агарда конкрет суриштирсангиз, бундай одам умуман йўқ. Биз ушбу журналист тўғрисида билиш учун press-uz.info га телефон қилганимизда, бундай журналист умуман йўқлиги ва гуёки press-uz.info уларда бу маълумотлар қаёқдан пайдо бўлаётганини билмаслиги аниқланди. Улар: “Биз ахборот агентлигимиз ва бизга нима жўнатилса, шуни ёзамиз”, дейишмоқда. Яъни уларни мақолалар қаердан, қачон, нима мақсадда келгани умуман қизиқтирмасмиш. Улардан далилларни конкрет сўрасангиз, ҳеч қандай далиллари йўқ. Сиз буни кимдир махсус қилаётганини тушунишингиз керак. Бу рress-uz.info дан қирғиз чегарачилари тўғрисида биронта ҳам объектив маълумот тополмайсиз, деди Қирғизистон чегара хизмати расмийси, дейди Салқин Абдуқариева.

Қирғизистон чегара хизмати масъули ҳозирда икки давлат чегарачилари ўртасидаги муносабат дўстона экани, қирғиз-ўзбек чегараcида осойишталик ҳукм сураётганини айтар экан, қирғиз чегарачиларини қораловчи хабарларнинг тарқалишидан ким манфаатдор эканини билмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Айни пайтда қирғизистонлик айрим кузатувчилар қирғиз-ўзбек чегарасида икки давлат ҳудудига ўтмоқчи бўлган фуқароларнинг чегарачилар томонидан тўнаш ҳоллари чиндан ҳам мавжудлигини, сўнгги пайтларда бундай воқеалар кўпайиб, оддий ҳолга айланиб қолганини айтишмоқда.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров айтишича, у 2009 йилнинг 29 декабр куни ўз шахсий автомашинасида Ўшдаги “Дўстлик” чегара пункти орқали Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлган. Унинг барча ҳужжатлари жойида бўлишига, ҳатто машинада Ўзбекистонга ўтиш учун божхона тўловлари тўланган бўлишига қарамай, қирғиз чегарачилари у аввал чегара пости командири олдига кириши кераклигини айтишган. Бундан ҳайрон бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси чегара пости командирини олдига борганида командир унга Ўзбекистонга ўтишдан аввал чегарачиларга 600 қирғиз сўми бериши лозимлигини айтган:

- Дарвозани очаётганга 200 сўм беришим керак экан, командирга 200 сўм, паспорт текширишга 200 сўм, яъни мен 600 сўмни ўзимнинг республикамдан қонуний тарзда бошқа республикага ўтиб кетаётиб, чегарага беришим шарт экан. “Шуни бершим шартми?” десам, “Ҳа, шарт”, деди. Менда халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ассамблеясининг гувоҳномаси бор эди. Шуни кўрсатиб, “Мана бу билан ҳам бераверайми? Ахир мен буни берсам ҳаммаёққа жар соламан-ку. Мени-ки талон-тарож қилганинглардан кейин оддий фуқароларни қай аҳволга солаётганингиз энди менга маълум бўлди”, дедим. Кейин менга рухсат беришди, деди Азимжон Асқаров.

Унинг айтишича, у чегаранинг Ўзбекистон томонида бошқа муаммога дуч келган:

- Қирғизистон чегарасидан чиқиб, Ўзбекистонникига келиб турдим. Ҳужжатларим ҳаммаси жойида бўлишига қарамай, бир соатдан ошиқ вақт мобайнида туришга мажбур бўлдим. Чунки шунчалик совуққонлик билан муносабатта бўлишяптики, битта машинани қараб қўйиш учун бир соатдан ошиқ вақт сарфлашаяпти. Аслида ўзи бунга 10 минут ҳам вақт кетмайди. Масалан, Ўзбекистон республикасига кириш учун мен 45 долларни тўлаб қўйганимдан кейин, менга нисбатан ҳурмат билан ҳамма нарсани жойига қўйиб, ҳужжатларни қилиб бериши керак. Ҳалиги сариқ талонини ёзиш учун аслида 10 минут вақт кетмас экан, дейди ҳуқуқ фаоли.

Азимжон Асқаров фикрича, икки давлат чегарачилари ўзларининг бундай хатти-ҳаракатлари билан ўз мамлакати обрўсига путур етказаяпти. Ҳуқуқ фаоли ўзида чегарачиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида фуқаролардан тушган кўплаб аризалар борлигини ва у бу аризаларни вақти келиб тегишли идораларга топширишини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG