Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Қирғиз фуқароси Ўзбекистон МХХ сини қотилликда айбламоқда


Абдумуталиб Иноятов Олий суддан ижобий жавоб олмаса, Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовга мурожаат қилмоқчилигини айтади.
Абдумуталиб Иноятов Олий суддан ижобий жавоб олмаса, Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовга мурожаат қилмоқчилигини айтади.

Андижоннинг Хонободида Миллий хавфсизлик хизматининг маҳаллий ходимлари томонидан қалтаклангач¸ уйига келиб жон берган Абдураим Иноятов яқинлари Ўзбекистон Олий судидан бу жиноят айбдорлари жазоланишини талаб қилмоқдалар.

Абдумуталиб Иноятов Ўзбекистоннинг Хонабод туманида туғилган. 1952 йилдан буён Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида яшайди ва Қирғизистон фуқаролигини олган. Ота-она ва ука-сингиллари Ўзбекистоннинг Хонабод шаҳрида истиқомат қилишади.

2008 йилда унинг хонабодлик икки укаси - тадбиркор Одилжон ва узоқ йиллик тажрибaга эга бўлган ҳайдовчи Абдураим Иноятовлар тирикчилик қилиш мақсадида КамАз юк машинаси сотиб олишади ва Андижондан қурилиш моллари xарид қилиб, уларни Хонабодда сотиш билан шуғулланишади.

2008 йилнинг 20 октябр куни Абдураим Иноятов акаси Одилжон Иноятовга Андижоннинг жаҳон бозоридан 14 тонна, шерикларига 3 тонна, жаъми 17 тонна цемент олиб келаётган бўлган:

- Тўсатдан ёнбошдан бир “Нексия” машинаси келиб, машинани қисиб тўхтатади. Ундан иккитаси тушиб: “Биз Миллий хавфсизлик хизмати xодимлари палончимиз пистончимиз. Қаёққа, нима оpкетяpсан?” дейишади. Укам: “Анжон жаҳон бозоридан акамга цемент олиб кетяpман” деса, улар “Сен нима учун Хонабодга кетяpсан, сен машинани бошқа томонга буришинг керак эди, сен Қирғизистон томонга юришинг керак эди”, дейишади, деди Абдумуталиб Иноятов.

Унинг айтишича, Андижон - Хонабод йўналишида жойлашган Отажон қишлоғида Қирғизистонга олиб ўтувчи айланма йўл бўлган. Абдураим Иноятов ўша йўлга юрмаган бўлса-да, Миллий хавфсизлик xодимлари ундан машинани ушбу айланма йўлга олиб боришини талаб қиладилар:

- Укамга улар очиқчасига “Ë сен машинани биз айтгандек Қирғизистонинг ўша поворотига бурасан. Ўша кўчага кирасан, биз сени суратга олиб, мана Қирғизитонга кетяпти экан деймиз”, деган. Улар шундай деб қўрқитсак, бу машинани буриши мумкин ёки бундай қилманглар, айтганиларни қиламан деса, пул ундирамиз, деб ўйлашган. Шу сабабли улар укамга очиқчасига “ё бурасан ё 1000 доллар берасан” дейишган. Укам “Мен нима айбим учун сенларга 1000 доллар бераман?” деганидан кейин, улар машинани ўша ер яқинидаги ҳарбий қисмга, укамни эса МХХ подвалига олиб бориб тиқиб қўйишган, деди Абдумуталиб Иноятов.

Абдумуталиб Иноятовга кўра, укаси уч кун давомида Хонабод шаҳар Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида аёвсиз калтакланган ва кейин қўйиб юборилган.

Абдураим Иноятов қамоқдан чиққач, кучли тан жароҳати олишига қарамай шифокорга мурожат қилмайди. У фақат Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан калтакланганини ва бу ҳақда бировга арз қилса оила аъзоларига зиён етказишлари мумкинлигини ўз турмуш ўртоғига гапириб беради. Бироқ орадан бироз вақт ўтиб аҳволи ёмонлашади ва 2008 йилнинг ноябрида Хонабод шаҳар касалхонасига ётқизилади. У ўша куниёқ вафот этади. Шифокорлар томонидан унга юрак касалидан вафот этди, деган ташхис қўйилади.

Жалолободлик Абдумуталиб Иноятов укаси ҳеч қачон юрагидан шикоят қилмагани ва у доимо соғлом бўлганини қўшимча қилар экан, укасини калтаклаган Миллий хавфсизлик хизмати ходимларини билишини айтди:

- Гердайиб юришибди, қилғиликни қилиб қўйишиб. Биз қўриқчилармиз, биз посбонлармиз, биз мана бундақа ишлар қилаяпмиз деб, кимисидир погон учун ишлаяпти, кимисидир каръераси учун ишлаяпти.

Булар ўша пайтда Хонабод шаҳар МХХ бошлиғи Дўстжонов Бегзод, билишимча, ҳозир у Андижон вилоят МХХ бўлимида ишлаяпти. Очилов Ўсар, ҳозир Хонабод шаҳар МХХсида ишлаяпти. Азиз, фамилияси эсимда йўқ, ҳозир унинг қаердалигини билмайман. Мана шу учовлари укамни калтаклашган, дейди Абдумуталиб Иноятов.

Унинг айтишича 2009 йилнинг 22 январида Қўрғонтепа туман судида мазкур воқеа бўйича маҳкама бўлиб ўтади. Бироқ маҳкамада укаси калтаклангани ва вафот этгани тўғрисида сўз бўлмайди. Аксинча, маҳум Абдураим Иноятов ва унинг шериклари Қиризистонга ноқонуний цемент олиб ўтишда айбдор деб топилади ва шериклари турли муддатдаги қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Бироқ марҳум Абдураим Иноятов яқинлари суд ҳукмидан норози бўлиб бир қатор юқори инстанцияларга мурожаат қиладилар.

- Шикоят аризаси билан Андижон вилоят судига мурожаат қилдик. Улар ҳам Қўрғонтепа туман суди ҳукмини ўз кучида қолдирди. Ундан кейин укамнинг калтаклангани тўғрисидаги ариза билан туман прокурори, кейин вилоят прокурорига арз қилдик.

Қабрни очиб текшириб экспертизадан ўтказинглар, дедик. Бироқ улардан оғзаки рад жавоби олдик, шу тўғридаги аризамизни ҳам қабул қилишмади. Ундан ўтиб Республика Бош прокурорига бордик, у ҳам шу жавобни берди.

Кейин Олий судга уч марта ариза берилди. Охирги аризамиз 2010 йил 24 феврал куни берилди. Олий судни ҳам поғоналари бор экан, биринчисидан бошлаб секин Олий суд раисигача чиқиб борилади экан, дейди Абдумуталиб Иноятов.

У Ўзбекистон Олий судидан укаси ўлимига сабабчи бўлган Миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг қонун олдида жазоланишини талаб қилишини айтди:

- Нима учун бу одамлар бировни ўлдириб юбориб, жавоб беришмайди? Укаларим оилаларини тирикчилиги бўлган ўша машинани, цементини қайтарилиши хоҳлаймиз. Энди укамиз миллион доллар берганда ҳам қайтиб келмайди, лекин биз унинг хунини талаб қиламиз. Кимлар агар шунга тегиши, шунга айбдор бўлса, қонун олдида жазосини олишини хоҳлаймиз.

Биз укадан ажрадик, унинг ортидан учта етим қолди. Шуни орқасидан ғам чекиб, онамиз икки кўзи кўр бўлиб қолди, йиғлайвериб... отамиз ғамдан чўлоқ бўлиб қолди, кимлар жавоб беради бунга? дейди Абдумуталиб Иноятов.

У агар Олий суддан ҳам ижобий жавоб олмаса, Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовга мурожаат қилмоқчилигини ҳам қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG