Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:40

Ўзбекистон кучли зизилаларга ҳозирми?


Қурувчилар¸ бугун Ўзбекистонда қурилаëтган аксар биноларнинг кучли зилзилага мутлақ бардош бера олмаслигидан хавотирда.
Қурувчилар¸ бугун Ўзбекистонда қурилаëтган аксар биноларнинг кучли зилзилага мутлақ бардош бера олмаслигидан хавотирда.

Сўнгги йилларда минтақа¸ хусусан Ўзбекистонда ер силкинишининг кўпайиши Тошкентни бу вазиятга жиддий қарашга ундаëтган кўринади - янги қарорга мувофиқ мамлакатдаги зилзилани олдиндан айтиши мумкин станциялар қайта жиҳозланадиган бўлди.


Ўзбекистон ҳукуматининг 2015 йилгача мамлакатдаги барча сейсмик ва геофизик кузатув станцияларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш тўғрисидаги қарорига кўра, мамлакатдаги зилзилани кузатиш станциялари техник жиҳатдан қайта жиҳозланиши лозим. 2010 йилнинг ўзида 40та сейсмик ва геофизик станцияни қайта реконструкция қилиш учун мамлакат бюджетидан 3,3 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек Ўзбекистоннинг яна олти минтақасида 24та кузатув пунктлари қурилади.

Хўш, бу янги қурилмалар Ўзбекистонда зилзила содир бўлишини қанчалик башорат қила олади? Биз ана шу саволга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институтига кун давомида қўнғироқ қилдик. Бироқ телефонлар гўшагини ҳеч ким олмади.

Тошкент Механика ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги институти директори ўринбосари Ҳамидулла Саъдиевга кўра, 2008 йилнинг июлидан бошлаб то октябр ойигача Тошкент шаҳрида олти марта ер қимирлаган. Сўнгги энг қаттиқ ер силкиниши 2008 йилнинг 22 августида содир бўлган эди.

- Ўтган йил унақа кўп кучли ер қимирлаши бўлгани йўқ. Асосан 2008 йилда бўлди. 2008 йилда олти-еттита ер қимирлаши бўлди. Тўрт балл¸ тўрт баллдан юқори бўлган. Хаëлимдан чиқамаган бўлса¸ биттаси 2008 йилнинг 22 августида бўлган бўлса керак. Эпицентр Тошкент тагида бўлган. Ана шу энг кучли ер қимирлаши бўлди. Ана ўшанда анча одамлар яхшигина сезди бунинг таъсирини. Бошқа бўлган зилзилаларнинг ўчоғи Қирғизистон¸ Афғонистон каби ëнимиздаги давлатларда бўлиб¸ ўшаларнинг таъсири Тошкентгача етиб келади¸ дейди Ҳамидулла Саъдиев.

Олимнинг айтишича, Тошкент шаҳрида қурилган бино ва иншоотлар 9 баллик зилзилага чидамли лойиҳалар асосида қурилган ва қуриляпти.

- Тошкент шаҳри 8 баллик зона ҳисобланади. 9-10 баллик жойлар ҳам бор. Шунинг учун бу жойига ва қайси райондалигига қараб¸ сейсмик кучга ҳисобланган бўлади. Шуни ҳисобга олиб қурилган бўлади¸ дейди Тошкент Механика ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги институти директори ўринбосари Ҳамидулла Саъдиев.

Қурувчи бўлиб ишлаган жиззахлик Анорбой Холиқуловнинг айтишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда жуда кўп касб-ҳунар коллежлари ва мактаблар қурилди. Бироқ, дейди у, бу иншоотларнинг кучсиз зилзилага бардош беришга ҳам қудрати йўқ. Чунки булар сейсмик талабларга жавоб бермайди.

- Бермаслигининг сабаби¸ тўлиқ пишмаган пишиқ ғиштдан ëки шлакаблокдан қурилаяпти. Жойлари трамбовка қилинмайди. Бетонларнинг орасига қўйиладиган арматуралар стандартга жавоб бермайди. Қоғозда бир бўлак¸ қурувчида бир бўлак. 17 арматурага бизлар 11 арматура ишлатамиз. Чунки эконом. Олтилик арматура берадиган бўлса¸ унинг ўрнига иккилик сим қўйилади. Халқдан отход бўлиб¸ корхоналардан чиқариб ташланган чиқинди¸ чириган симларни ғиштнинг орасига қўйиб урдириб юбораверади. Сабаб¸ бизга пул тўласа бўлди. Улар тўлиқ экономик томондан қилаяпти. 9 баллик сейсмик баллга иншоотлар тўлиқ жавоб бермайди¸ дейди Анорбой ака.

Унинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистондаги янги касб-ҳунар коллежлари ҳайбаракаллачилик усулида тез суръатларда қад кўтарди. Бироқ, дейди қурувчи, орадан кўп вақт ўтмай бу иншоотларнинг сифатсиз қурилгани ҳам шундоқ кўзга ташланиб қолди.

- Мана бизнинг Бўстон шаҳарчасининг касб-ҳунар коллежини бир йилда битирди. Ҳозир бу коллеж даражага жавоб бермайди. Деворлари ëрилиб кетган¸ фундаментлари чўка бошлади. Сейсмик томондан трамбовка қилинмаган. Стандартга жавоб берадиган арматуралар қўйилмаган. Ана шу аҳволда коллеж¸ мактаблар битирилаяпти. Лекин бир йилга бормайди. Биз қураëтганда “беш йил стандарт турадиган қилиб қуринглар” дейди. Қураëтган пайтимизда бизга 10 кило цемент берса¸ шуни биз 20 кило қумга қўшишимиз керак. Бизлар эса 20 кило қумга 5 кило цемент қўшамиз. Сабаб экономика қилиш керак. Фирма ўз фойдасини кўзлаши керак. Давлат томонидан ажратиб берилган иш ҳақию¸ коллежга ажратилган тўлиқ пул ишлатилмайди. Ўғирланиб кетади. Имконият даражасида ҳаммаси Б/У(ишлатилган - таҳр.) қўйилади. Плиталар ҳам Б/У қўйилади. Лекин документда янги деб кўрсатилади¸ дейди Анорбой Холиқулов.

Бу янги иншоотлар ҳар томонлама экспертиза бир ёқда турсин, ҳатто оддий лаборатория текширувидан ҳам ўтказилмасдан қурилмоқда, дейди қурувчи.

- Чунки биз оралиқда ичига қўяëтган нарсаларни¸ устига қўяëтган нарсаларни кўраяпмиз. Ҳатто сейсмик арматураларга қўйиладиган арматураларни ҳам қўймаëтганини¸ пишган ғиштнинг устидан плита қўяëтганини ўзимиз кўрамиз. У 9 баллга чидамайди. Нари борса¸ уч ярим-тўрт баллда ташлаб юборади ëки ëрилиб кетади. Қураëтган нарсамиз йиллаб мол турадиган жой эмас. У ерда инсон ўқийди. Келажагимизнинг порлоқ ëшлари ўқийди. Инженерлик комапнияси томонидан технадзор деган нарса бор. Улар ҳам ўз фойдасини кўзлайдиган инсонлар. Олдин битта жойимизнинг тупроғини кўрсатиб берарди. Ҳозир унақалар ишламайди бизда. Бетонни қуйдириб далбит қилиб кўрарди. Арматура эскими¸ янгими назорати йўқ. Хоҳлаганча эскисини қўйиб ямаб ëтибди¸ дейди Анорқул ака.

Ўзбекистон қишлоқларидаги оддий одамларнинг уйлари хом ғиштдан ва пахсадан иборат эканлигини ҳисобга олсак, янги қурилаётган шахсий уйлар ҳам сейсмик ҳолатлар умуман ҳисобга олинмаган ҳолда қуриляпти, дейди Анорқул ака.
XS
SM
MD
LG