Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:42

54. Ҳасанали билан суҳбат


- Манга қаранг, Калбош сиздан каттами, кичкинами? – деб сўрадим дабдурустдан.

- Қайси Калбош? – деб бошидаги Чуст дўпписини ечиб тиззасига икки марта уриб қайта кийди. Қиррасини бурнига тўғрилаб қўйди.

Дўппининг қирраси бурунга тўғрилаб қўйилса, буруннинг катталиги унчалик билинмас экан. Энди билдим, илгари шуни билмас эканман.

-Қавмдошингизни танийсизми? Илгари Қароргоҳга келганда жуда илиқ салом-алик қилиб юрардингиз, шекилли.

-Ҳа-а, уни айтяпсизми! – деб кулимсиради Ҳасанали. – Мендан икки ёш катта, мучали ит-ку! Ёшимизни нега суриштириб қолдингиз, тинчликми?

-Гап бор, кейин хурсанд бўласиз.

-Хурсанд қиладиган гап бўлса, майли, кейин билганим маъқул. Майли, сир бўлса, айтманг. Тағин оғзим бўшлик қилиб давлат сирини ошкор қилиб қўйсам, ўлигим турмада чиримасин.

Бирпас юзимга тикилиб:

– Ҳазил қилдим, ҳазил, – деб қўшиб қўйди.

- Оғзингизга эҳтиёт бўлинг, ишқилиб, фаришталар омин деб юбормасин!

Ҳасанали бирдан сергак тортди. Ошхонада уни ҳайратда қолдириб боғчага чиқиб кетдим. Йўлак бўйлаб сайр этиб юриб ўйлаб қўйган режаларимни пиширдим: мустақиллик йилларида тўқсон ёшга етган қарияларга ёппасига “Жасорат” медали бериш тўғрисида фармон лойиҳасини тайёрлаб қўйган бўлсам ҳам, лекин уни матбуотда эълон қилишга иккиланиб юрардим. Халқ бу фармонни қандай қарши олади? Ол-а, мустақиллик даврида ўлмасдан яшашнинг ўзи салкам қаҳрамонликка баробар бўлиб қопти-ку! Йўқ, ундай эмас, қариялар энди ўз қадрини топяпти... Аниқки, одамлар орасида баҳс-мунозара бошланади. Тарозининг қайси паллами оғир келади? Яқинда эси кирди-чиқди бўлиб қолган 105 яшар кампирга медал берсам: “Юртменбоши дунё тургунча тургай!” деб дуо қилди. Аксарият телетомошабинлар: “Ҳой, иймонсиз кампир, дунё тургунча Оллоҳ турмайдими? Юртменбоши Оллоҳга ҳам шерик бўлмоқчими?.. Бир юзу беш йил умр кўрган бўлсанг, билмайсанми, қирқ йил подшолик қилган Муҳаммад Раҳимхон соний ҳам, Иосиф Сталин ҳам, Брежнев бобо ҳам бу оламдан ўтиб кетди-ку!” деган гапни айтибди.

Ҳаммасини эшитдим. Мамлакатнинг ҳамма бурчакларидан ишончли маълумотлар аллақачон етиб келган. Фойиз ҳисобида олиб кўрилса, янги қурилган коллеж биноларида таҳсил кўраётган талаба-ёшлар кўпроқ манга содиқ экан: уларнинг аксарияти ота-оналарини эскиликка мойил қолоқ одамлар деб ўйлайди. Асосий маълумотларни ҳам ўшалар керакли жойларга етказиб туради. Албатта, тўғридан-тўғри Истиҳборат идорасига югурмайдилар. Худо кўрсатмасин-у, бирортасининг махсус хизмат идорасига алоқаси борлигини қариндош-уруғлари билиб қолса борми, худди Павлик Морозовдек ўртага олиб уриб ўлдиришади. Маълумот тўплашнинг замонавий усуллари бор: айтайлик, “Маънавият” дарсларида эркин фикр алмашув соатлари ташкил этилади. Гўё ўқувчилар эркин фикрлашга ўргатилади. Уларнинг фикр-мулоҳазалари ёзма равишда (эркин мавзуда иншо тартибида) йиғиб олинади, компьютерга туширилади. Компьютердан махсус идорага ҳайдаб берилади ва ҳоказо.

Ёш авлодга суянмоқ керак. Ёш авлод – мамлакатимиз келажаги!

Боғни сайр этиб кутубхонамга қайтсам, ҳамон ошхонада хомуш бўлиб ўтирган Ҳасаналига беихтиёр кўзим тушиб қолди. Бояги гапим кўнглига оғир ботган кўринади. Тағин бу ҳам Аҳмад Хоразмийга ўхшаб рухсат сўраб бир гўрларга равона бўлмасин деб аста ёнига бордим.

-Бобой, – дедим елкасига қўлимни қўйиб, – орден берайми, медалми?

Башарамга ажабланиб тикилиб қолди. Ўтирган жойида бир қўзғалиб қўйди.

-Нега индамайсиз? Саволимни тушунмадингизми?

Саволимни форс тилида такрорладим.

– Фаҳмидид?

-Қўйинг, ўғлим, одамни калака қилманг, – деди ўпкаланиб.

“Ўғлим” деганини эшитиб ниҳоятда ажабландим; шу пайтгача “хўжам” дерди.

-Мандан бор-йўғи ўн беш-ўн олти ёш каттасиз. Ман қандай қилиб сизга “ўғил” бўлишим мумкин?

Ҳасанали бошини сарак-сарак қилиб заҳарханда қилди:

-Мен ўн уч ёшимда битта тул хотинга уйланганман, ўн тўрт ёшимда бола кўрганмиз. Афсус, умри қисқа экан, ёшига етмасдан ўлган. Сиз ўша ўлган ўғлимга ўхшайсиз. Шу боис сизга бошқача меҳр қўйдим. Ака-укаларингизга эмас, айнан сизга бир умр хизмат қилиб, бало-қазолардан асрашга қарор қилганман.

-Бу гапларни биринчи марта эшитиб турибман... Ҳатто Бобур ҳам подшоҳ бўлишига қарамасдан ўн тўрт ёшида уйланган эди. Сиз рекорд қўйган экансиз-ку!

-Мен чин гапни айтдим. Ишонмасангиз, ихтиёр ўзингизда.

-Ишондим. Ишонишга ишондим-у, лекин ҳайрон бўляпман.

Эшик томон бир-икки қадам ташлаб орқамга қайтдим.

– Бобой, “Буюк хизматлари учун” орденини берсам, ростини айтинг, бўйнингизга тақиб юрасизми?

-Қўйинг, мени сиёсатга аралаштирманг, деб Ҳасанали ўрнидан туриб боғчага чиқиб кетди.

Ҳайрон бўлиб қўлларимни икки томонга ёзиб юбордим.
XS
SM
MD
LG