Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:04

Ғанихон Маматхонов турмага қайтарилди


Тоштурмадаги оғир шароитнинг кекса Ғанихон Маматхонов саломатлигига жиддий хатар экани айтилмоқда.
Тоштурмадаги оғир шароитнинг кекса Ғанихон Маматхонов саломатлигига жиддий хатар экани айтилмоқда.

4¸5 йилга озодликдан маҳрум этилган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов манзил колониясидан яна қамоқхонага ўтказилди. Бу ҳақда хабар берган яқинлари юрак хасталигидан азият чекадиган Маматхонов аҳволидан қаттиқ ташвишдалар.

Ғанихон Маматхоновнинг ўғли Жамолиддиннинг айтишича, бу хабар ҳуқуқ фаолининг яқинлари учун ҳам кутилмаган мужда бўлди:

Жамолиддин: Тоштурмага ўтказиб юборди¸ дейишаяпти.

Озодлик: Нима учун?

Жамолиддин: Билмадим энди. Ҳозир шунинг сабабини биладиган йўқда. Бизлар аниғини билганимиз йўқ.

Озодлик: Буни сизга ким айтди?

- Ўша ердан бир одамлар келган эди. Бориб кўриб кеган одамлар. Ўшанда айтибди эмиш¸ дейди Жамолиддин.

Ғанихон Маматхоновнинг нима сабабдан Тоштурмага ўтказилганлиги ҳақида Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасидан маълумот ололмадик. Телефон гўшагини олган бошқарма ходими бу ҳақда хат билан мурожаат қилишимизни маслаҳат берди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Ғанихон Маматхоновнинг Пскент туманидаги манзил колониясидан яна Тоштурмага ўтказилишига колония ички тартиб қоидаларини бузди¸ деган айб асос бўлган бўлишини тахмин қилади.

- Ҳозир буларни қўрқитаëтган нарса Ғанихон Маматхонов менга ўхшаб ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари¸ қамоқдан чиқарилмаëтган ҳуқуқ ҳимоячилари сингари зиммасига қўйилган айбловни тан олгани йўқ шу кунгача. Тан олиб¸ улар айтган ҳужжатларга имзо чекиб бермаганлиги учун ҳам¸ менинг фикримча¸ Ғанихон Маматхоновни қамоқхонага ўтказишларига тўғри келган бўлиши мумкин¸ дейди Мўътабар Тожибоева.

Бошқа бир тахминларга кўра, Ғанихон Маматхоновнинг манзил колониясида қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистлар билан учрашгани¸ хусусан Озодлик радиоси билан телефон орқали суҳбатлашгани ҳам унинг қамоқхонага қайтарилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳақиқатан ҳам Озодлик радиоси Ғанихон Маматхонов манзил колониясида эканлигида у билан суҳбатлашган¸ аммо унинг илтимосига кўра, бўлиб ўтган суҳбатни эфирга бермаган эди.

Мўътабар Тожибоева Ғанихон Маматхоновнинг шундай ҳам жуда ёмон бўлган саломатлиги умумий тартибли қамоқхонада янада оғирлашиши мумкин эканлигидан ташвишда эканлигини айтар экан, уни манзил колонияга қайтариш учун адвокат ёллаш жараёни бошланганини айтади:

- Кенг жамоатчиликка радиолар орқали интервью бериб хабар бераëтган охирги ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири эди¸ деб атасак бўлаверади. Чунки Ғанихон Маматхониов ҳибсга олингандан кейин яна айнан водийда¸ яна айнан Фарғона вилоятидаги вазият ҳақида маълумотлар етказиб турадиган инсон қолмади¸ деб айтсам бўлаверади.

Ғанихон Маматхоновнинг Тоштурмага ўтказилганлиги унинг вазияти янада оғирлаштирилганлигидан белгидир. Шунинг учун ҳам биз яна Ғанихон Маматхоновнинг ҳимояси ва озодлиги учун курашни давом эттирамиз. Энг аввало¸ халқаро ташкилотларни Ғанихон Маматхоновнинг буунги кунда пайдо бўлган муаммосига эътиборни қаратамиз ва албатта¸ мен умид қиламан яна адвокатлар жалб қилган ҳолатда Ғанихон Маматхоновнинг ҳимояси учун ҳаракат давом этади¸ деб ўйлайман. Буни албатта амалга оширамиз¸ дейди Мўътабар Тожибоева.

Ғанихон Маматхонов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) ва 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича айбланиб, 5 йил қамоққа ҳукм қилинган эди. Бироқ Фарғона вилоят аппеляция суди бу муддатни 4 йилу 5 ойга тушириб, жазони манзил колониясида ўташ ҳақида қарор қабул қилган эди.

Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари Ғанихон Маматхоновнинг ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти туфайли қамоққа олинганини таъкидлаб келадилар.
XS
SM
MD
LG