Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:22

Ўшлик тартиб посбонлари митингга чиқди


19 апрел куни Ўш вилоят ва шаҳар ички ишлар бошқармаларида ишловчи мингга яқин милиция ходими вилоят давлат маъмурияти биноси олдида норозилик намойиши ўтказди.

Митингда милиционерлар Қирғизистон муваққат ҳукуматидан собиқ Қирғизистон ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиевни ҳамда 7 апрел куни Бишкекдаги воқеаларида вафот этган ва жабрланган милиция ходимларини телевидиние орқали кўрсатилишини, собиқ ички ишлар вазири ўринбосари Расул Раимбердиевга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тўхтатилиб, унинг лавозимига қайта тикланишини, шунингдек, милиционерларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиб, маошлар оширилишини талаб қилишди.

- Биз министримиз Мўлдўмуса Қўнғантиевни калтаклаганларга чора кўрилишини, вазир ўринбосари Расул Раимбердиевни нима учун ишдан бўшатилиб, қамалганини изоҳлаб беришларини, ойлик маошларимизни кўтаришларини талаб қиламиз, деди ўзини Гулсара деб таништирган милиция ходимаси.

Митинг иштирокчиларидан яна бири Қорағулжа туман ички ишлар бошқармасининг участка милиционери Данияр Қамчибеков эса шу йилнинг 6-7 апрел кунлари Талас ва Бишкекда бўлган воқеаларда жароҳат олган милиция ходимларининг бугунги кунда ёмонотлиқ бўлиб қолганидан норози эканини айтади:

- Ўш вилоят ички ишлар бошқармасидан Таласга 105 ходим борганди. Ҳозир уларни Талас халқи калтаклаб қайтараяпти. Иккинчидан, ҳукумат Бишкекдаги воқеаларда ҳалок бўлган одамларни “Ата бейит” қабристонига кўмиб, уларга қаҳрамон деган ном бераяпти. Милиция ходимлари ўз халқини отмаган. Биздан қанча одам ўлди, лекин биронтасини ҳам телевидиние ёки радио орқали айтишмади. Биз бу ерга сиёсий мақсадлар билан эмас, ўз ҳақ-ҳуқуқимизни ҳимоя қилгани келдик. Мамлакатдаги сиёсий воқеаларда ҳам, бирон ердан меҳмон келса ҳам, биринчи навбатда, милиция туради. Милиция йўлни қарайди, милиция жамоатчилик тартибини назорат қилади, тўс-тўполонларни тўхтатади. Мана бундай сиёсий воқеаларда эса охир-оқибат милиция гуноҳкор бўлиб қолаяпти, дейди Данияр Қамчибеков.

Норози милиционерлар олдига келган Ўш вилоят губернатори Сўўрўнбай Жеенбеков, Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов ва яқинда Ички ишлар вазирининг мамлакат жануби бўйича ўринбосари этиб тайинланган Суюн Умурзақов ҳуқуқ-тартибот ходимларининг талаблари тез орада ҳал қилинишини, бунинг учун энг аввало милиционерлар Ўш вилоят ва шаҳар раҳбариятига ўз талабларини ёзма тарзда топширишлари кераклигини билдиришди.

- Биз милиция ходимлари ҳеч қачон сиёсатга аралашмаймиз, биз доимо халқ тинчлигини ҳимоя қиламиз. Мен милиция ходимлари талабини қўллайман. Мен уларга айтдим, улар ўз талабларини бизга ёзма тарзда топширишади. Биз эса уларнинг талабини муваққат ҳукуматга юборамиз ва тез орада ҳал қилинишига ҳаракат қиламиз, деди Суюн Умурзақов.

Митингда иштирок этган ўшлик милиционерлар порахўрликда айбланиб, айни пайтда Ўшдаги вақтинча сақлаш изоляторида ўтирган Қорасув туман давлат автоинспекцияси ходими Нурлан Айтибаевнинг озод қилинишини ҳам талаб қилишди. Кўп ўтмай, митингчи милиционерлар талаби амалга оширилди - Нурлан Айтибаев озод қилинди.

19 апрел куни Жалолобод вилоятида ҳам иккита митинг бўлиб ўтди.

Жалолобод шаҳри марказида Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиевнинг мингга яқин тарафдори митинг ўтказди. Улар муваққат ҳукуматдан 7 апрел воқеаларини ҳалқаро текширувдан ўтказилиши ҳамда президент Бакиев ва унинг оила аъзоларига нисбатан таъқиблар тўхтатилишини талаб қилдилар.

Айни пайтда Жалолобод шаҳридаги Халқлар дўстлиги университетида Жалолобод вилоят ўзбек миллий-маданий маркази митинг ўтказди. Митингда муваққат ҳукумат вакили Ўмурбек Текебаев иштирок этди.

Гувоҳларга кўра, Ўмурбек Текебаев ўзбекларни турли провокацияларга берилмаслик, миллатлараро низо чиқишига йўл қўймасликка чақирган. Ушбу митингда 4 мингга яқин одам иштирок этгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG