Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:43

Жалолободда яна ўқ овозлари янгради


Жалолобод шаҳри марказий майдонида бир неча кундан буён норозилик намойишлари ўтказаётган Қурмонбек Бакиев тарафдорлари Қирғизистон муваққат ҳукуматини тан олмасликларини айтмоқдалар.
Жалолобод шаҳри марказий майдонида бир неча кундан буён норозилик намойишлари ўтказаётган Қурмонбек Бакиев тарафдорлари Қирғизистон муваққат ҳукуматини тан олмасликларини айтмоқдалар.

19 апрел куни кечки соат 7 ларда Жалолобод шаҳрида ўқ овозлари эшитила бошлади. Гувоҳлар отишма Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси биноси олдида содир бўлгани ҳақида айтмоқдалар.

- Ҳозир УВДда отишма бўлаяпти, роса товуши чиқаяпти, ака, деди Озодликка 19 апрел оқшомида жалолободлик йигитлардан бири.

Маълум бўлишича, 19 апрел куни собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг 500 га яқин тарафдори Жалолобод вилоят ички ишлар биносини босиб олишга ҳаракат қилган. Бироқ вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари бунга йўл қўймаслик мақсадида осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узишган. Шунга қарамай, норозилар охир-оқибат бинони эгаллашга муваффақ бўлиб, вилоят ички ишлар раҳбари курсисига ўзлари танлаган Қубаничбек Тўрўбаевни ўтқазиб кетишган.

Бироқ, орадан бироз вақт ўтгач, Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари Қубаничбек Тўрўбаевни бу лавозимга нолойиқ топиб, уни бинодан ҳайдаб чиқарганлар.

Шунингдек, 19 апрел куни Жалолобод шаҳридаги марказий майдонда ҳокимиятдан четлатилган президент Бакиевнинг минглаган тарафдорлари норозилик намойиши ўтказган.

Митингда сўзга чиққанлар муваққат ҳукуматни тан олмасликларини айтишиб, Қурмонбек Бакиевнинг ўз лавозимига қайтарилишини талаб қилганлар ҳамда ўз ораларидан Пайзулла Раҳмоновни Жалолобод вилоят губернатори этиб сайлаганлар.

Қурмонбек Бакиев тарафдорларининг норозилик намойишлари бугун ҳам давом этди.

Маълумотларга кўра, 20 апрел куни президент Бакиевнинг мингдан ортиқ тарафдори Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармасини ўраб олган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан муноқашага киришган норозилар пировардида Қубаничбек Тўрўбаевнинг вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари этиб тайинланишига эришганлар:

- Буни “музокара” деб бўлмайди. Бакиевчилар қамал қилиб туришди. Охири ўзларининг айтганини қилдириб, Тўрўбаев деганини тайинлашди, кейин кетишди, дейди жалолободлик журналист Абдумўмин Мамараимов.

15 апрелдан буён Жалолободда катта-кичик намойишлар уюштириб келаётган Қурмонбек Бакиев тарафдорлари 7 апрел куни Бишкекда содир бўлган қонли воқеаларнинг халқаро текширувдан ўтказилишини талаб қилмоқдалар. Улар текширув натижалари чиқмагунича, муваққат ҳукуматни тан олмасликларини билдирмоқдалар.

Жалолободликларнинг айтишларича, айни пайтда намойишчилар вилоят давлат маъмурияти биноси олдидаги майдонда миллий ўтовлар тикиш билан машғул:

- Ҳокимият олдини қандайдир одамлар босиб олган. Бўз уйлар тикишаяпти. 3-4 та бўз уй бор, дейди жалолободлик суҳбатдошларимиздан бири.

Айни пайтда Жалолобод вилоят давлат маъмурияти биносида 19 апрел куни Бакиев тарафдорлари томонидан губернатор этиб сайланган Пайзулла Раҳмонов ва митинг иштирокчилари юришибди. Бино ташқарисида, гувоҳларга кўра, 1,5 минг чоғли намойишчи бор.

Жалолободликларнинг айтишларича, умуман олганда, шаҳарда вазият барқарор - бозорлар, банклар ва бошқа муассасалар ишлаб турибди.
XS
SM
MD
LG