Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:54

Иффатни сақлаш баҳоси - 15 йиллик қамоқ..ми?


23 яшар Шоҳиста Махсумова қашқадарëлик ҳуқуқ фаолининг қизидир.
23 яшар Шоҳиста Махсумова қашқадарëлик ҳуқуқ фаолининг қизидир.

Қашқадарё вилоят суди қотилликда айблаб, 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган Шоҳиста Махсумова терговчи ва бир неча милиция ходими номусига тегмоқчи бўлгандан сўнг қилмаган жиноятига иқрор бўлганини айтмоқда.

23 яшар Шоҳиста Махсумова Қашқадарё вилоятидаги касб-ҳунар коллежларининг бирида жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаган.

2009 йилнинг 16 декабр куни у Ҳалима Шеронова исмли аёлни ўлдириб, жасадни ёқиб юборишда кўмак берганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Эзгулик инсон ҳуқуқлари ташкилоти тарқатган хабарномага кўра¸ аслида Нишон тумани “Оқ олтин” жамоа хўжалиги даласида 15 декабр куни содир этилган бу жиноят Ҳалима Шеронованинг эри Улуғбек Норбоев ҳамда унинг жазмани Феруза Бўриева ишидир. Аммо Бўриева¸ айбни 27 декабр куни ўз укасига турмушга чиқиши лозим бўлган Шоҳиста Махсумовага тўнкаган ва тергов ҳамда суд давомида Шоҳистанинг туҳматга учраганига оид гувоҳлик кўрсатмалари инобатга олинмаган.

Орадан 4 ой ўтиб, 16 апрел куни Шоҳиста Махсумова Қашқадарё вилояти Жиноят ишлари бўйича суди томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

- Биринчи терговдаги кўрсатмалари асосида ҳукм қилди, дейди Шоҳиста Махсумова ҳимоячиларидан бири Убайдулла Жумаев.

Шоҳистанинг отаси Азамат Махсумовга кўра, қизи қотилликни маҳкама давомида бўйнига олмаганлиги¸ бироқ суд унинг бошланғич тергов кўрсатмаси асосида ҳукм чиқарганини айтади:

- Нишон туман прокуратураси терговчиси Шавкат Файзиев ва Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят-қидирув бўлими бошлиғи Анвар Зиёдов иккаласи икки оёғидан ушлаб туриб, яланғоч ечинишга ва зўрлашга ҳаракат қилишган. Шундан сўнг у номусини ҳимоя қилиб уларнинг айтган ҳамма ишини бажаришга рози бўлган.Номусни қамоққа алмаштирган ва рози бўлган, дейди 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган Шоҳистанинг отаси Азамат Махсумов.

Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан бўлган бу зўравонлик ҳақида Шоҳистанинг ўзи суд мажлисида айтиб берган, деб давом этади судланувчининг отаси:

-Жами тўртта милиция ходими, бир нафар прокуратура терговчиси¸ ҳаммаси сўроқ қилинди. Сўроқ қилинган пайтда, Шоҳистанинг берган саволларига суд раиси Мансур Абраев “бу саволига жавоб бермаслигингиз мумкин” ëки “бераëтган савол исботини топмаган” каби ўзининг луқмалари билан уларга адвокатлик қилдими, билмайман. Шоҳистага ўтказилган қийноқлар, номусига тегмоқчи бўлган ҳолатларда залдагилар туриб шовқин кўтаришган пайт, суд раиси қўшимча кучларни чақиришдан нарига ўтмади, холос, дейди Азамат Махсумов.

Суд маҳкамасида милиция ходимларини айблаган Шоҳиста Махсумова, ҳибсхонага Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят-қидирув бўлими бошлиғи Анвар Зиёдов келгани ва ўзига дўқ-пўписа қилганини батафсил айтиб берган .

- Шоҳиста айтаяпти, “қарға қарғанинг кўзини чўқимайди, сен барибир қамалиб кетасан, сенинг адвокатинг ҳам аслида эркчиларни адвокати экан”, деган бир бўлмағур гапларни ишлатган. Энди “ҳур фикрли сенинг отанг ҳам” деган маъно борда бу ерда¸ дейди Шоҳистанинг отаси.

15 йилга озодликдан маҳрум қилинган Шоҳистанинг отаси Азамат Махсумов Нишон туманидаги 14-мактабнинг маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамиятининг маҳаллий бўлими фаоли.

Жамиятнинг Тошкент вилояти бўлими раҳбари Абдураҳмон Ташанов¸ ҳибсга олинган хотин-қизларга тергов давомида ички ишлар ходимлари томонидан зўравонлик қўлланилиши кенг тарқалганини айтади:

- Жиноят ишларининг терговларига қарайдиган бўлсак, терговлар зўраки иқрор билан олинаëтгани, тергов даврида турли қийноқлар бўлаëтгани Ўзбекистонда одатий нормага кириб бораяпти. Айниқса, Қашқадарё вилоятидан келаëтган мана шу мавзудаги шикоятларда буни кузатаяпмиз.Шоҳиста Махсумова иши ҳам мана шундай ҳодисалардан бири. Албатта, Ўзбекистонда шу пайтга қадар тергов даврида содир этилган қийноқлар шу пайтгача расман эътироф этилиб, хуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вакиллари жазоланганини кўрганимиз йўқ, дейди Абдураҳмон Ташанов

Эзгулик вакиллари¸ Ўзбекистон ҳибсхоналаридаги бедодлик ва зўравонликнинг ëрқин мисоли тариқасида Райҳон Соатова тақдирини мисол қилиб келтиради. Ҳибсга олингач¸ ўндан ошиқ милиция ходими томонидан зўрлангани айтилаëтган Райҳон Соатова қамоқда ҳомиладор бўлди ва вақтидан аввал дунë юзини кўрган чақалоқнинг отаси ким экани¸ ҳамон очиқ қолмоқда.

Лавҳани ҳозирлаж жараëнида Шоҳиста Махсумова ва унинг отаси тилга олган Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят-қидирув бўлими бошлиғи Анвар Зиёдов ҳамда Нишон тумани прокуратураси терговчиси Шавкат Файзиев билан боғланиб уларга қўйилаëтган айбларга муносабат олмоқчи бўлдик. Аммо улар бу ҳақда гапиришни истамади.

Айни пайтда¸ яқинларига ва ўзинигн суддаги баëнотига кўра номусини сақлаб қолиш учун қотилликни бўйнига олган Шоҳиста Махсумова Бухоро шаҳридаги 3- турма, халқ тили билан айтганда¸ Отбозорда сақланмоқда. Унинг ҳимоячиларига кўра, мазкур жиноий иш бўйича аппеляция маҳкамасининг қачон бўлиши ҳозирча номаълум.
XS
SM
MD
LG