Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:41

Ўшда миллий низо чиқаришга уринишлар бўлди


Ўшлик оқсоқоллар минтақада миллатлараро низо чиқиб кетмаслигини тилаб, кеча-кундуз дуода эканини айтмоқдалар.
Ўшлик оқсоқоллар минтақада миллатлараро низо чиқиб кетмаслигини тилаб, кеча-кундуз дуода эканини айтмоқдалар.

Ўш шаҳри аҳолиси сўнгги кунларда миллатлараро низо чиқишидан хавотирланиб яшамоқда. Бундай ваҳимага бундан икки кун аввал Ўш темир йўл вокзалида ўлпон тўлашдан бош торгани учун бир неча ўзбек тадбиркорининг калтаклангани сабаб бўлди.

Шу йилнинг 30 апрел куни Кореядан машина олиб келиб сотиш билан шуғулланувчи ўшлик ўзбек тадбиркори Ўшдаги темир йўл вокзалида Кореядан келган машиналарни вагондан тушираётган пайтда унинг олдига қирғиз миллатига мансуб бир нотаниш бола келади ва тадбиркордан 500 доллар миқдорида ўлпон талаб қилади. Рад жавобини олган нотаниш йигит телефон орқали ўз дўстларини чақиради. Шундан сўнг тадбиркор ва нотаниш йигитлар ўртасида жанжал чиқади ва бир неча ўзбек калтакланади.

- 300 доллардан 500 долларгача берасан, дейишди. Мен: “Бекордан-бекорга ҳеч кимга ҳеч нарса бермайман”, дедим. Уларга: “Таможнийга тўланди, ҳамма нарса тўланди, фақат қонун асосида давлат солиқларини тўлайман”, дедим. Аввал бир одам келган эди. Мен у одамга “бермайман” деганимдан кейин, “бўлмаса ҳолинг вой” деб, ўзининг одамларига телефон қилиб: “ҳамма балдар билан келгиле, арматураларни алип келгиле, бу яқда умниктер чиғиб қалиптир”, деди. Орадан бирор соат ўтгач, машиналарни тушириб бўлганимиздан кейин биз икки-уч одам қолган эдик. Ёрдамчиларим ташқарига чиқиб кетишган эди. Тўсатдан ХБК томонидаги кириш дарвозасидан 15-20 бола кириб, учтамизни уришди. Иккитамиз қаттиқ жароҳат олдик, дейди ўшлик тадбиркор Беҳзод Қодирохунов.

Тадбиркор бу воқеага ҳеч қандай миллий нафрат сабаб бўлмаганини ҳам таъкидлайди.

Маълумотларга кўра, Беҳзод калтакланганидан сўнг мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи ўзбеклар орасида “қирғиз-ўзбек уруши бошланди” деган миш-миш пайдо бўлган ва одамлар йиғила бошлаган. Орадан бир муддат ўтгач, воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари етиб келган. Пировардида жиноятчилар қўлга олинган ва одамлар тарқатилган.

- Воқеа жойига Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ва ҳодимлари борди. Ҳозирда ушбу воқеага алоқадорликда гумонланган икки фуқаро қўлга олинди. Шу ўринда ўшликларга, асосан ёшлар ва спортсмен йигитларга айтиб ўтишим керакки, биринчидан, воқеа бўлганидан кейин булар ички ишлар органларига хабар бермай, ҳар ким ўз томонидаги одамларни йиға бошлаган. Ўзбек миллатига мансуб одамлар 300-400 га яқин ёш йигитларни йиққан. Шунингдек, бериги “обшакка деб” пул сўраб борган қирғиз миллатидаги одамлардан 30-40 нафари тадбиркор болани калтаклаб қўйишган. Ўша ерда истиқомат қилувчи фуқаролар бизга ўз вақтида хабар бериб ёрдам беришди. Шу сабабли айтиб ўтишим керакки, агарда шундай салбий кўринишлар бўлса, барчаси қонун доирасида жавобини олади. Ҳозирда пул талаб қилган йигитларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 170-моддалари асосида жиноий иш қўзғатилди, деди Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбари Қурсан Асанов.

Мазкур воқеадан сўнг Ўшнинг бир қанча жойларида “ўзбек-қирғиз йиғилади” деган миш-миш тарқалди. 30 апрел куни шундай гап-сўзлар ортидан Ўшдаги Жийдалик кўчасида истиқомат қилувчи қарийб 500 нафар ўзбек кечки соат ўндан кейин ўз маҳалласида йиғилган. Бу ерга ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимлари борган ва аҳолини тарқатган.

1 май куни эса “тунда Жийдалик маҳалласига қирғизлар келибди, ўзбекларнинг уйларини тошбўрон қилибди, бугун ўзбеклар ўша ердаги “Фрунзе” мактабида йиғилар экан” қабилида гап тарқалди. Бироқ биз айтилган вақтда воқеа жойига борганимизда у ерда одам йиғилмаганига гувоҳ бўлдик. Шундан сўнг мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи оқсоқоллар билан учрашдик.

- Инсоф-тавфиқли, халқпарвар, ватанпарвар президентни Оллоҳ таолодан тилаяпмиз доим. Ҳар беш вақт намозда тилаяпмиз. Бу қирғиз, бу ўзбек, бу рус деб ажратадиган подшонинг бизга кераги йўқ. Бизга халқнинг ҳаммасига бир кўз билан қарайдиган, бир оиладек кўрадиган президент керак, деди оқсоқоллардан бири.

Ўзбек-қирғиз можароси тўғрисидаги миш-мишлар шу кунда нафақат Ўшда, балки Қирғизистоннинг бошқа жанубий вилоятларида ҳам авж олган. Масалан, 7 апрел куни Бишкекда содир бўлган қонли воқеалардан сўнг Боткен вилоятида истиқомат қилувчи ўзбеклар орасида ҳам “қуролланган қирғизлар келаяпти, улар ўзбекларнинг ҳайдаб, уй жойи, мол-мулкини тортиб олмоқчи” деган ваҳималар пайдо бўлган.

Шундан сўнг 26 апрел куни Боткен вилоятининг Лайлак туман ўзбек миллий-маданий маркази томонидан туманда ўзбеклар қурултойи ўтказилган. Қурултойда туман расмийлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот органи раҳбарлари иштирок этган:

- “Бишкек томондан қуроллар ўтиб келди”, деган сўзлар бўлди. миш-мишни тиёлмас экансиз. Шу сабабли эл чиқиб кетди. Милиция томонидан ҳеч қандай ҳаракат бўлмади, деб айтдик. Кадр масаласини кўтардик. “Биз Қирғизистон фуқароларимиз, Қирғизистоннинг сиёсий-иқтисодий, ижтимоий, ҳар бир соҳасида иштирок этишни ҳоҳлаймиз, бизни иккинчи сортдай кўрманглар”, деб йиғилганлар ҳокимдан талаб қилди. Янги келган ҳоким одамларни ишга жойлаштиришни ваъда қилди. Мана энди кутиб турибмиз, деди лайлаклик ўзбеклар лидерларидан бири Шуҳратжон Камолов.

Унинг айтишича, мазкур талаблар Қирғизистон муваққат ҳукуматига ҳам мактуб шаклида юборилган. Шуҳратжон Камолов айни пайтда Лайлак туманида осойишталик ҳукм сураётганини қўшимча қилди.

Ҳозирда Ўшда ҳам осойишталик ҳукм сурмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, миллатлараро низолар ҳақида миш-мишларни ким тарқатаётгаи борасида расмийлар изоҳ бермади. Бундан ташқари, провокаторларнинг қўлга олингани борасида ҳам хабарлар йўқ.

Норасмий маълумотларга кўра, миш-мишлар собиқ президент Қурмонбек Бакиев тарафдорлари ёки айрим жиноий гуруҳлар томонидан тарқатилмоқда.
XS
SM
MD
LG