Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:40

Муваққат ҳукумат аъзолари ўшликлар билан учрашди


Муваққат ҳукумат раисаси Роза Ўтунбаева ўшликлар билан учрашув чоғида бундан буён масъул лавозимларга, миллатидан қатъий назар, малакали кадрлар қўйилиши ҳақида ваъда берди.
Муваққат ҳукумат раисаси Роза Ўтунбаева ўшликлар билан учрашув чоғида бундан буён масъул лавозимларга, миллатидан қатъий назар, малакали кадрлар қўйилиши ҳақида ваъда берди.

7 апрел куни Бишкекда бўлиб ўтган воқеаларда ҳалок бўлган 85 кишининг вафотига 40 кун тўлиши муносабати билан намойишчиларни ўққа тутган мерганлар телевидиние орқали намойиш этилади. Бу борада 11 май куни ўшликлар билан учрашган муваққат ҳукумат аъзолари маълум қилдилар.

Ўш вилоят давлат маъмурияти биносида бўлиб ўтган учрашувда муваққат ҳукумат аъзоси Азимбек Бекназаров сўзга чиқиб, муваққат ҳукуматнинг бугунги кунда олиб бораётган ишлари тўғрисида гапирар экан, айрим қирғизистонликлар томонидан экc-президент Қурмонбек Бакиев ва унинг яқинлари қўлга олинмагани борасида айтилаётган таъналар у қадар асосли эмаслигини айтди:

- Одамларни отган снайперларнинг 8 нафари қўлга олинди. Бугун телевидиние орқали кўрасизлар. Тергов манфаати учун уларнинг номларини ҳозиргача ошкор қилганимиз йўқ. Эртага вафот этганларга қирқ кун тўлиши муносабати билан “шунча одам қўлга олинди” деб, фамилияларини айтиб, намойишчиларни отган одамлар кўрсатилади. Уларга кимлар буйруқ бергани барчаси маълум. Ўзлари (снайперлар назарда тутилмоқда – таҳр.) айтиб беришаяпти. Кўпчилик қондан қўрқдими – ўз ихтиёрлари билан келаяпти, деди Азимбек Бекназаров муваққат ҳукумат вакилларининг 11 май куни ўшликлар билан учрашув чоғида.

Учрашувда шу йилнинг 27 июнига белгиланган янги конституция лойиҳаси юзасидан ўтказилажак референдумда фаол иштирок этиш, турли провакацияларга берилмаслик, кадрлар масаласи, Қирғизистон экс-президентини мамлакатга қайтариш ва жавобгарликка тортиш каби бир қатор масалалар тўғрисида сўз борди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раисаси Рўза Ўтунбаева кўплаб чет давлатлар раҳбарлари Қирғизистон муваққат ҳукуматини қўллаётганини, уларнинг мамлакат оёққа туриши учун ҳар қандай ёрдам беришга ваъда тайёр эканини билдираётганларини айтди.

- Биз ҳам Қирғизистонни обрўли ўлка бўлишига ҳаракат қилаяпмиз ва бу тез орада амалга ошадиган иш, деб ишонамиз. Биз - қирғиз бўладими, ўзбек бўладими - барча кадрларни тенг қўллаймиз. Уларни билимига яраша лавозимларга тайинлаймиз. Бунга ҳеч қандай шубҳа қилманглар, деди Рўза Ўтунбаева.

Муваққат ҳукумат раисаси мамлакат экс-президенти Қурмонбек Бакиевни Қирғизистонга экстрадиция қилиш ва уни жавобгарчиликка тортиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.

Учрашув чоғида мажлис иштирокчилари томонидан муваққат ҳукумат фаолияти бўйича танқидий фикрлар ҳам айтилди. Жумладан, айрим иштирокчилар ҳокимиятдан четлатилган президент Қурмонбек Бакиев даврида ҳамда ҳозирда Ўш вилоят ва шаҳар раҳбариятида ишлаётган айрим амалдорларнинг ўз лавозимида қолганига норозилик билдиришди:

- Биз мухолифатчилар Бакиевнинг тиш-тирноғигача қуролланган, порахўр гуруҳлари билан курашиб юриб, Қушбақ Тезекбаевга ўхшаган одамларни Ўш вилоятининг биринчи вице-губернатори бўлишини истаган эмасмиз, Ўзганда Улуғбек Ўрмонов каби ақжўлчилар (Қурмонбек Бакиев бошчилик қилган “Ақ жўл” партияси аъзолари назарда тутилмоқда – таҳр.) одамларни бошини айлантириши учун курашган эмасмиз, биз Қорасув туманида Байиш Юсупов деган аввал Ақаевнинг “Олға Қирғизистон” партияси байроғини кўтарган кейин, Бакиев тарафдори бўлиб “Ақ жўл” партияси байроғини кўтарган, бугунги кунда муваққат ҳукумат тарафдори бўлган ҳокимлар ўз лавозимида қолсин, деб курашмаганмиз. Биз жанубда Наримон Тюлеев (Бакиев даврида Бишкек шаҳар мэри бўлиб ишлаган – таҳр.) каби одамлар бемалол юрсин, деб курашган эмасмиз. Мелис Мирзақматовни (Ўш шаҳар мэри – таҳр.) жуда ҳурмат қиламан. Бироқ Бакиев сингари бандит одамнинг ёнида юрган киши бугун Ўтунбаевани олдида ўтирганидан ҳайратдаман. Мелис Мирзақматовнинг ҳокимиятда ўтиришга маънавий ҳаққи йўқ, деди учрашув иштирокчиларидан бири Абдиқайим Қангелдиев.

Учрашувда муваққат ҳукумат аъзолари қирғизистонликларнинг энг катта муаммоларидан бири бўлиб қолаётган қўшни мамлакатлар билан чегаралар очилиши масаласини ҳам тилга олишди. Рўза Ўтунбаеванинг айтишича, ҳозирда қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари билан чегараларни тез орада очиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG