Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:43

Бакиев қишлоғида “боғча” ҳам ёнди, “мактаб” ҳам...


Тейитликлар Қурмонбек Бакиевга тегишли уйлар аввалроқ қишлоқдагиларга боғча ва мактаб сифатида ўтказиб берганини айтадилар.
Тейитликлар Қурмонбек Бакиевга тегишли уйлар аввалроқ қишлоқдагиларга боғча ва мактаб сифатида ўтказиб берганини айтадилар.

Қурмонбек Бакиевнинг қишлоқдошлари собиқ президентга қарашли уйларининг ёқиб юборилганидан норозилик билдиришмоқда. Уларга кўра, бу уйлар Бакиев Қирғизистонни тарк этганидан сўнг, унинг яқинлари розилиги билан қишлоқ аҳлига бошланғич мактаб сифатида ўтказиб берилганди.

14 май куни Жалолобод вилояти Тейит қишлоғи аҳолисининг тинчи бузилди. Муваққат ҳукуматининг бир неча юз тарафдори шу куни кечга яқин Тейит қишлоғига боришган ва Қурмонбек Бакиевнинг ота уйи ҳамда унинг яқинларига тегишли бир неча уйга ўт қўйишган. Тейитликлар Бакиевларнинг уйлари ёқиб юборилганига норозилик билдиришмоқда.

- Эгалари уйларини бўшатиб, бола-чақаси билан чиқиб кетишган. Бу ерда бир ойдан бери ҳол сўраб келган меҳмонлар ётиб туришибди ётоқхонага ўхшаб. Ҳамма нарсасини ташлаб кетишган. Ҳеч нарсасига қараган эмас. Кўрпа-тўшагини ҳам савобга деб ташлаб кетган. Келганлар ётишибди. Ётганларни нега безовта қилишади? “Бу уйларни яслига, мактабга” дейишди, “бўпти” деб, бериб кетишди. “Буни бермайман” дейишмаган, деди тейитлик Сотқиной Ибраимова.

Бакиевлар уйи ёқилиши шу йилнинг 13 май куни бакиевчилар томонидан Жалолобод вилоят давлат маъмурияти биноси босиб олинганидан сўнг содир бўлган. 14 май куни Қирғизистон муваққат ҳукумати тарафдорлари вилоят давлат маъмурияти биносини бакиевчилардан озод қилгани ҳокимият биносига борганлар. Кутилмаганда тарафлар ўртасида отишма содир бўлган. Натижада икки одам вафот этган, 60 дан зиёд одам жароҳатланган. Пировардида муваққат ҳукумат тарафдорлари вилоят ҳокимияти биносини бакиевчилардан озод қилишга муваффақ бўлганлар. Шундан сўнг улар Тейитга қараб йўл олганлар.

Аммо Қурмонбек Бакиевнинг яқинлари 13 май куни Жалолобод давлат маъмурияти биносини босиб олмаганларини айтмоқдалар.

- Биз вилоят давлат маъмуриятига борганимизда, уларнинг ўзлари тинчгина чиқишган ва биз у ерга кирганмиз. Ростдан ҳам улар ўзлари бинодан чиқиб кетишди. Бизга қаршилик кўрсатиша олишмади. У ерда Бектур Асанов бор эди. Одамлар (Жалолобод вилоят ҳокимиятига борган бакиевчилар назарда тутилмоқда – таҳр.) ғазабланган эди. Унга бақириб-чақирганидан сўнг, у қочиб кетган, деди Қурмонбек Бакиевнинг яқинларидан бири Басарқан Бекташова.

Унинг айтишича, 14 май кунги воқеалар чоғида бакиевчилар ҳеч қандай қурол қўлламаган. Басарқан Бекташева қуролни муваққат ҳукумати тарафдорлари қўлланганни айтар экан, Тейит қишлоғига ҳам қуролланган одамлар келганини маълум қилди.

Бироқ Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийлари 14 май куни Жалолободда бўлган воқеаларда бакиевчилар томонидан қурол қўлланилгани ва одамлар ўққа тутилганини айтишмоқда.

Айни пайтда Жалолобод вилояти губернатори Бектур Асанов “13 май куни губернатор вилоят давлат маъмурияти биносини ташлаб қочиб кетди” деган сўзларни қатъиян рад қилаяпти:

- Бир марта келишди, одамлар қувиб чиқишди. “Иккинчи маротаба ҳам келишар экан” деб айтишди. Бироқ биринчи марта келишганидан кейин бу ерга Тейитнинг оқсоқоллари қўлларини кўтариб келишиб, “бўлди, бизни таъқиб қилманглар, биз иккинчи митинг қилмаймиз”, деб бизга сўз беришган. Биз ўша оқсоқолларнинг сўзларига ишонибмиз. Мендан ўтган бир катта камчилик ўша бўлди, деди Бектур Асанов 15 май куни Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университетида ўтган митинг чоғида

Мазкур митинг иштирокчилари 13-14 май кунлари ҳуқуқ-тартибот органлари Жалолободда бўлган воқеаларни олдини олиш, қурол қўллаганларни қўлга олиш бўйича ҳеч қандай чора кўрмагани юзасидан норозилик билдиришди ва бундан буён вилоятда тартиб ўрнатиш учун халқ дружиначилари тайинлашди.

- Биз ишонган милиция ва СНБ сиз билан бизнинг ишончимизни оқламаган ва оқламайди ҳам. Биз ҳозир ўзаро маслаҳат қилдик. Ҳозир ўзимиздан юзта тайинланган болаларни берсак, юзта қирғиз болалардан қўшсак, бир интернационалний қилиб, келажакда ўша болалар милицияга, СНБга ишга кирадиган қилиб, эл қўшинини тузсак. Уларни фамилияси, тўла даннийлари билан ёзиб, уларга ойлик бериб, смена билан ишлаб, постларда туриб, маъмуриятлар ва аҳоли яшаётган махаллаларда юриб, тинчликни сақлайдиган бир отряд тузмасак, бўлмай қолди, деди митингда сўзга чиққан Республика ўзбеклар миллий маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров.

Айтиб ўтиш жоизки, 15 майдан бошлаб Жалолобод вилоятидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам тўлалигича ишлай бошлади. Бу борада Қирғизистон Ички ишлар вазири
Бақитбек Алимбеков 15 май куни Озодликка берган суҳбатида маълум қилди:

- Бугундан бошлаб шахсий таркиб тўлалигича ишлайди. Жамоатчилик тартибини қўриқлаш, фуқаролар хавфсизлиги таъминланади. Мен расман айтишим керакки, бугун бошини кўтарган жиноятчиларга нисбатан барча чоралар кўрилади. Фуқароларимиз хавотирланмаслиги керак. Сизлар натижаларини кўрасиз, деди Бақитбек Алимбеков.

Вазирга кўра, ҳозирда13-14 май куни Жалолободда бўлиб ўтган воқеалар юзасидан текширувлар кетмоқда. Тейит қишлоғида Бакиевларга тегишли уйларга ўт қўйилиши ҳодисаси бўйича Бош прокуратура иш олиб бормоқда ва улар бунга ўз баҳосини беради.
XS
SM
MD
LG